Шаҳрам Ғиёсов қачон чемпионлик камари учун жанг қилишини айтди
Ads

25 ноябрь куни АҚШнинг Нью-Жерси штати, Атлантик-Сити шаҳрида кечган профессионал бокс кечасида ўзининг навбатдаги жангини мексикалик Мигель Замудиога қарши ўтказиб, 1 раунддаёқ уни нокаутга учратган бокчимиз Шаҳрам Ғиёсов бугун юртимизга қайтиб келди.

Иқтидорли боксчимиз SPORTS.uz сайти муҳбирига ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Очиғи ушбу рақибим билан камида 8 раунд жанг олиб борсам керак деб ўйлагандим. Бироқ, бу сафарги рақибимни ҳам худди аввалгилари сингари дастлабки раунднинг ўзидаёқ нокаутга учрата олдим. Тўғриси бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди.

Энди бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз ва келажакда бунданда кучлироқ рақиблар билан жанг қилишни мақсад қилганмиз. Қолаверса, кучли боксчиларнинг ўзлари ҳам энди биз билан алоқага чиқишади. Промоутерларимиз олдимизга жуда катта режалар қўйган. Насиб қилса яна 2-3та жангдан сўнг жаҳон чемпионлиги камари учун жангларда иштирок этишни режалаштирганмиз”, - дейди Ғиёсов.

Эслатиб ўтамиз, бу унинг профессионал боксдаги олтинчи жанги бўлди ва у ҳозирча барча рақибларини мағлуб этиб келмоқда.