Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

"Шахтёр" рақибни Англияда қабул қилиб, мақсадига эришди

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

"Кончилар" ўз уйида ўйнолмайди

Украинанинг донецклик «Шахтёр» жамоаси ва Грециянинг афиналик «АЕК» клуби УЕФА Чемпионлар Лигаси 2026/2027 йилги мавсуми умумий босқичи иккинчи тур учрашувида майдонга тушди.

Беллашув Лондон (Англия)даги «Стэмфорд Бридж» стадионида ўтказилди, бу ерда украин клуби ўз майдонидаги ўйинларини қабул қилмоқда. Ҳисобни «АЕК» ярим ҳимоячиси Ловро Майер 28-дақиқада очди. Аммо афиналикларнинг устунлиги узоққа чўзилмади: 34-дақиқада Педриньо пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди. Жамоалар биринчи таймни 1:1 ҳисобида якунлади. Иккинчи бўлимда «Шахтёр» 80-дақиқада Альберто Бриньоли ўз дарвозасига гол уриб қўйганидан сўнг ҳисобда олдинга чиқди. Учрашувнинг сўнгги қисмида Гиелкер Мендоса донецкликлар томонидан учинчи голни уриб, жамоасига иродавий ғалабани таъминлади.

Мавсумни «Шахтёр» биринчи турда сафарда Нидерландиянинг «ПСВ» клубига қарши ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг билан бошлаган эди. «АЕК» эса ўз майдонида Австриянинг «ЛАСК» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Иккинчи турдан сўнг донецкликлар тўрт очко жамғариб, жадвалда 11-ўринни эгаллаб турибди, уч очкога эга бўлган афиналиклар эса 20-поғонада жойлашган.

Кейинги турда «АЕК» сафарда Англиянинг «Манчестер Сити» клубига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув 21 октябрга ўтар кечаси бўлиб ўтади. «Шахтёр» эса Италияга йўл олиб, 22 октябрга ўтар кечаси «Интер»га қарши ўйнайди. Ҳар икки беллашув ҳам Тошкент вақти билан соат 00:00 да старт олади.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Facebook'даги саҳифасига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ