Шерзод Ҳусанов: Герман Титов яхши промоутер, лекин фирибгар!
Фарғонанинг Қува шаҳрида Шерзод Ҳусанов деган боксчи бор. Ушбу чармқўлқоп устасини мухлислар яхши билади. Чунки, у ҳаваскор йўналишда салмоқли натижаларни қўлга киритган. Жумладан, икки карра жаҳон чемпионати бронза медали эгаси (2001, 2003), Осиё ўйинлари совриндори (2002), Осиё чемпионати кумуш ҳамда бронза медали соҳиби (2002, 2004) ва бир қатор халқаро турнирлар ғолибига айлана олганди. Шунингдек, икки карра (2000, 2004) Олимпиада иштирокчиси саналади. Профессионал йўналишда эса, у янада муваффақиятли ҳаракат қилмоқда. Бундай дейишимизнинг боиси, Ҳусанов профрингда 24 та жанг ўтказиб, 22 бор ғалаба, бир дуранг ва бир мағлубият қайд этган. Эътиборлиси, 40 ёшли ҳамюртимиз 2018 йилдан буён рингда кўриниш бермаётган эди. Роппа-роса икки йил ўтиб, 29 сентябрь куни у Польшада мезбон Роберт Парзачевскига қарши рингга кўтарилди. Қувонарлиси, ҳамюртимиз ушбу рақибини нокаут билан мағлубиятга учрата олди.
Биз ушбу юртдошимиз билан сўнги жангига оид ва умуман фаолиятига доир суҳбат қурдик. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Ҳаваскор йўналишда жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати совриндори бўлганингиздан хабаримиз бор. Эҳтимол, биз билмайдиган натижаларни ҳам қайд этгандирсиз?
- Кўплаб халқаро турнирларнинг ғолиб ва совриндори ва 8 карра Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Қолаверса, икки карра Олимпиада иштирокчиси, 2003 йил Италиянинг Сицилия шаҳрида ҳарбийлар ўртасидаги Олимпиада ғолиби бўлганман. Шунингдек, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи" ва “Ўзбекистон ифтихори” унвонларига эгаман.
- Ҳаваскор боксда қайси вазн тоифаларида ҳаракат қилган эдингиз?
- Асосан, 67 килограммда ҳаракат қилганман. Кейинчалик, 67 ва 71 кг 69 килограммга айлантирилганидан сўнг, ушбу вазнда ҳам фаолият юритгандим.
- Айнан 67 кг вазн тоифасида сиздан аввал Наримон Отаев ва Қувончбек Тайғонбоев етакчи саналар эди. Сиз улар билан бевосита рингда тўқнаш келганмисиз?
- Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1998 йил Таиландда бўлиб ўтган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ғолиби бўлиб келдим. Ўша йили декабрь ойида Урганч шаҳрида катталар ўртасида Республика чемпионати бўлди. Наримон Отаев биринчи рақамли эди. Финалда ушбу боксчи билан тўқнаш келдим. Ғалаба қозонгандим. Лекин Отаев 30 ёш эди. Наримон акага Осиё ўйинларида иштирок этиш учун сўнгги имкониятни беришга қарор қилгандилар. Жуда хафа бўлгандим. Бироқ “Ҳар нарсада ҳикмат бор” деганларидек, кейинчалик ушбу мусобақаларда ўзимни кўрсата олгандим.
- Қувонч Тайғонбоев биланчи?
- Йўқ. Қувонч акам билан расмий мусобақаларда дуч келмаганмиз. Лекин спарринг жангларда иштирок этганман. 2000 йил Олимпиадага тайёргарлик жараёни АҚШда бўлган ва ўшанда иккимиз бирга ишлаганмиз. Қувонч акам жуда кучли боксчи бўлган. Нокаутчи эди. Мен Қувонч акамга, Муҳаммадқодир акамга ҳавас қилиб, улар каби бўлишга интилардим. Қувонч акам юқорида таъкидлаб ўтганимдек, жуда кучли эди. Буни тан оламан. Бироқ ўшанда иккимиз дуч келганимизда мен ютардим ёки ютқазардим, деб айта олмайман. Сабаби боксда ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин.
Яна шуни қўшимча қилишим лозимки, бокс оламида Шерзод Ҳусанов бўлишимда Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг ҳиссаси жуда катта бўлган. Муҳаммадқодир акам бир вазн пастда 63.5 кгда ҳаракат қиларди. Ҳамма билардики, Муҳаммадқордир акам ўз вазн тоифасида барчани уриб ташларди. Нафақат ўзини вазни, балки 67 ва 71 килодагиларни ҳам қийнарди. Ишонасизми, ҳеч ким у билан машғулотларда жуфтлик бўлишга, спарринг тушишга рози бўлмасди. Шунақанги қаттиқ урардики, болаларнинг қўллари устидан уриб ҳам жигарини эзворарди. Одатда, мен унга шерик бўлардим ва чидаб берардим. Иккаламиз қонга беланиб, жуда қаттиқ ишлардик. Муҳаммадқодир акани ҳам ўртага чиқариб, ким билан спарринг тушасан деса, доимо мени танларди. Чунки, унга ҳар ҳолда қаршилик кўрсата олардим. Мен бу инсонни боксчи ва инсон сифатида ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан. 2001 йил тўйимга келган ва сўзга чиқиб, мени Олимпиада чемпиони бўлишимда Шерзод Ҳусановнинг улкан ҳиссаси бор, деб айтганди. Жуда хурсанд бўлганман. Яна такрорлайман. Аввало, Яратганнинг хоҳиши, мураббийлар меҳнати ва Муҳаммадқодир акам туфайли бокс оламида озми-кўпми натижалар қайд этганман. Чунки, у мени машғулотлар жараёнида, спаррингларда пишитиб ташлаганди.
- Икки карра Олимпиада иштирокчи бўлгансиз. Сизга ушбу тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида совриндор бўлишингизга қандай омил халақит берган?
- Биринчи Олимпиададаги иштироким 2000 йилга тўғри келган. Унда 20 ёш эдим. Терма жамоада энг ёши бўлганман. Иккита жанг ўтказганман. Дастлабкисида ғолиб бўлдим. Иккинчи жангимда эса, мағлубиятга учраганман. Сабаби, бироз тажрибасизлигим ва катта ҳаяжон панд берганди. 2004 йил эса тажриба йиғиб, жуда яхши формада эдим. Икки жангда ғалабага эришдим. Учинчи тўқнашувда эса икки карра Олимпиада чемпиони россиялик Олег Саитовга дуч келганман. У билан жангни бевосита интернет орқали томоша қилсангиз ҳам бўлади. Жанг яхши бўлганди. Шунчаки ғалабани унга тортиқ қилишган. Ваҳоланки, 2000 йил Мосвадаги турнирда уни яққол устунлик билан мағлуб этгандим. Ўшанда 5 раунд икки дақиқадан иборат бўларди. Шундай жанглар ҳам бўлган.
- Ҳаваскор бокс оламида ўзбек ва қозоқ боксчилари ўртасида, футбол тилида айтсак, ўзига хос дерби ёки “эл-классико”ларни кўришимиз мумкин. Яъни, принципиаллик бор. Мисол учун, Рустам Саидов-Мухторхон Дилдабеков ёки ҳозирги кунга эътибор қаратсак, Баҳодир Жалолов-Қамшибек Кўнкабаевни айтишимиз мумкин. Бундай мисолларни жуда кўп келтирса бўлади. Демоқчиманки, сиз қайси қозоғистонлик боксчи билан жиддий рақобат олиб боргансиз?
- Қозоғистонлик боксчилар орасида Бахтиёр Артаев билан жиддий жангларда иштирок этганман. У билан 2003 йил жаҳон чемпионати ярим финалига чиқиш учун шиддатли жанг олиб боргандим. Жуда зўр тўқнашув бўлган. Унда тоза ғалабани қўлга киритгандим. Кейин, 2004 йил Олимпиададан олдин Санкт-Петербургда тўрт давлат яъни, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Украина терма жамоалари иштирокида турнир бўлиб ўтган ва финалда у билан яна дуч келганмиз. Ўшанда Артаев очколар ҳисобига устун келганди. Маълумки, ўша йилги Олимпиадада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 69 кгда олтин медаль ва “Вел Баркер”ни ҳам қўлга киритган. Айтмоқчиманки, боксда баъзан омад ҳам роль ўйнаб туради.
- Энди профессионал боксга ўтишингиз тарихи ҳақида сўз юритсак, одатда, Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари ҳаваскорда юксак натижаларни қайд этганидан сўнг ёки молиявий яхши таклиф туфайли, яна ўз вазн тоифасида жиддий рақобатчи пайдо бўлганлиги ва у билан рақобатда имконияти пастлиги сабаб профессионал йўналишга ўтади. Сиз қайси омил туфайли профига қадам қўйгансиз?
- 27 ёшимда, 2007 йил профессионал боксга ўтганман. Аслида, менда бундай ният йўқ эди. 2008 йил Пекин Олимпиадасига тайёргарлик кўраётганимда ўша вақтдаги раҳбарият мени терма жамоадан олиб, ўрнимга бошқасини йиғинга жалб қилган ва Осиё ўйинларига олиб кетган. Сабабини ҳалигача тушунмайман. У бола Осиё ўйинларидаги илк жангидаёқ хитойлик боксчига имкониятни бой бериб қўйганди. Ўшанда жаҳл қилиб, профессионалга ўтиб кетгандим. Тўғрироғи мажбур бўлганман. Профида битта жанг ўтказганимдан кейин, термага қайтармоқчи бўлишган. Лекин мен рози бўлмагандим. Чунки, улар 27 ёш қариди,натижа қила олмайди, дейишганди. 27 ёш ва 40 ёш ўртасидаги тафовутни қаранг. Мен ҳали-хануз жанг қиляпман. Нокаутлар қайд этиб, ғалаба қозонишда давом этяпман. Хуллас, қайтмаганман ва фаолиятимни профессионал бокс билан боғлагандим.
- Профессионал фаолиятингизга эътибор қаратганимизда, дастлабки 5 та жангингиз Ўзбекистонда ўтказилган. Демак, илк промоутерингиз ўзбекистонлик бўлган, тўғрими?
- Тўғри, дастлаб “Фавзул мунаввар” промоутерлик компаниясини раҳбари Шуҳрат Ҳайдаровдан таклиф бўлган ва 4 раундлик жангларни Тошкентда, Бекободда ташкил қилиб берганди. Бироқ шартнома тузмаган эдик. Кейинчалик шароитлар менга маъқул келмаган ва Россияга йўл олганман.
- Умуман олганда қайси промоутерлар билан ҳамкорлик қилгансиз?
- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, дастлабкиси гарчи, шартнома тузмаган бўлсак-да, Шуҳрат Ҳайдаров бўлган. Кейингиси яъни, хақиқий промоутерим Герман Титов бўлганди. У сўзини устидан чиқа олмаганидан сўнг, фаолиятимда икки йил танаффус бўлган. Шундан сўнг, Кирилл Пчельников билан ҳамкорликни бошлаганман. У билан ҳам икки йил ишладим. Бироқ Пчельников ҳам яхши жанглар қилиб бера олмади ва у билан хайрлашдим. Ундан кейин Олег Богданов билан шартнома тузиб, яқингача у билан ишлаб келаётгандим. Икки ой бўлди, Богданов билан шартномам тугади. Польшадаги жангимдан сўнг, поляк промоутерлари қизиқиш билдирди ва улар билан учта жангга шартнома имзоладим. Насиб қилса, навбатдаги жангим декабрь ойида бўлиши кутилмоқда.
- 2018 йил Марғилонда Отабек Ибрагимов билан жанг қилгансиз. Ушбу тўқнашув биринчи раунддан сўнг, тўхтатилган. Яъни, рақибингиз жангни давом эттирмади.Шунчаки кўргазмали жангга ўхшаб қолганди. Аслида, бу жанг сизга керакмиди?
- Бу жанг арафасида промоутерим Олег Богданов Ўзбекистонга келган ва ўша вақтда Марғилонда профессионал бокс федерацияси томонидан ташкил этилаётган жанг кечаси бўлиши керак эди. Богданов ўзбек промоутерларига Шерзодни кўришим керак, деган. Сабаби, икки-уч йил танаффус қилгандим. Ўша жангни кўрган бўлсангиз, 76 кгда ишлаганмиз. Рақибим 80 кило эди. Вазн ташлай олмаганди. Жисмоний ҳолати яхши бўлмаганмиди. Хуллас, мақсад мени рейтингга киргазиб олиш бўлган эди. Айнан, Богдановнинг нияти шундай бўлган.
- Ушбу жангдан сўнг, Польшада Дамиан Йонакка қарши жанг қилгансиз ва фаолиятингиздаги илк мағлубиятни қабул қилиб олгандингиз. Бу мағлубиятни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Тўғри, ўша тўқнашувдан кейин Богданов Польшада жанг ташкил қилиб берди. Бироқ бизда виза муаммо бўлди ва бу жанг бўлмаслигига 100 фоиз ишонч ҳосил қилгандик. 72 кг вазн қилишим керак бўлганди. Мен эса 80 кгда эдим. Визани муаммо қилиб, хафсаламизни совутишган. Лекин жангга уч кун қолганда виза ҳал бўлган ва биз Польшага йўл олганмиз. Икки кунда 6 кг вазн ташлгандим. Бир сўз билан айтганда тайёргарлик яхши бўлмаган. Шундай бўлса-да, яққол устунлик у тарафида бўлмаган. Бу жанг ҳам интернет тармоқларида бор. Кўриб гувоҳи бўлишингиз мумкин. Аслида, дуранг берса ҳам бўларди. Бироқ мезбонлик фактори роль ўйнаган.
- Йонакка қарши жангдан сўнг, роппа-роса икки йил ўтмоқда ва сиз яна рингга кўтариляпсиз, устига-устак 40 ёшдасиз... Бундан кейинги фаолият сизга зарурми?
- Бокссиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Қолаверса, 8 нафар фарзандим бор. Тўрт ўғил ва тўрт қиз. Катта ўғлим 18 ёш, энг кичик қизим 1 ёшга тўлди. Мен фарзандларим учун яшайман. Уларни келажагини таъминлашим керак. Асосий сабаб, ҳозирда “Файз бинокор” фирмасида ажойиб инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, “Шуҳрат” медали соҳиби Бахтиёр Валломов қўл остида ишлайман. У инсон спортнинг ҳақиқий фидокори. Мени ҳар томонлама қўллайди. Биласиз, боксчи учун шароит зўр бўлса, барчаси яхши бўлади. Шунинг учун, у билан ҳар куни залда машғулотлар ўтаймиз. Қисқа қилиб айтганда, ўша инсон туфайли, жисмоний ҳолатимни юқори даражага кўтара олдим. Ҳомийлик борасидаги барча масъулиятни ўз зиммасига олган. Шунинг учун, ушбу инсонга гарчи, 40 ёшда бўлсам-да, менга ишонгани ва барча шароитни муҳайё қилганлиги учун ўз миннатдорлигимни билдириб қоламан.
- Ниятингиз жиддийга ўхшайди. Яна неччи йил жанг қилмоқчисиз?
- Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, поляклар билан учта жангга шартнома қилдим. Янада аниқроқ қилиб айтганда, Мариуш Грабовский билан ҳамкорлик қиляпмиз. У бир йилда учта жанг қилиб беришга сўз берди. Насиб қилса, соғ-саломат бўлсак, яна 2 йил узоғи 3 йил фаолият олиб бораман. Бу борада асосий ҳомийим Бахтиёр ака билан ҳам маслаҳатлашиб олдик.
- Мени ажаблантирадиган жиҳат, энг “гуллаган” даврингизда ҳам жиддий промоутерлардан, демоқчиманки, америкаликлардан таклиф тушмаганми? Сиздан кейинги авлод: Шерали Мамажонов, Аҳрор Муралимов ва Баҳодир Мамажонов океан ортига йўл олганку?
- Яхши савол бўлди. Хабарингиз бор, 2010 йил ман Герман Титов билан ишлардим. У зўр промоутер, лекин фирибгар! Титов ўша йили АҚШда 10 раундлик жанг қилиб берди. Жон Беррио билан даҳшатли тўқнашув бўлди ва уни очколар ҳисобига ютдим.Жангдан кейин италиялик машҳур промоутер Пилула билан 5 йиллик шартнома имзоладим. Ҳаммаси яхши бўлди. Бироқ Беррио билан жангдан аввал 8 минг доллар гонорар учун имзо чекдим. Ютганимдан кейин Герман менга 3500 доллар беряпти. Сўрасам, у-бу деб гапни олиб қочди. Индамадим, Фарғонага қайтдим. Боксдан совудим. Жангга иштиёқ қолмади. Шунчаки, фирибгарга алдандим. Кейин менга мураббийим ва Германни ўзи телефон қилди. Уларга қаттиқ гапирдим, сўкдим. Қисқаси бормай қўйдим. Пилула Герман билан шартномани бекор қилди. Уни анчагина шарманда қилди. Қисқаси, меҳнат қилётган мен бўлганман, ҳеч йўғи шартномадаги пулни тўлаганда ҳам бундай воқеалар бўлмасди.
- Энди, сўнги жангингизга тўхталсак, 40 ёшсиз ва икки йиллик танаффусдан кейин жанг қилмоқчисиз. Польшада ва мезбон боксчисига қарши, рақибингиз WBO йўналиши рейтингида 6-ўринда бораяпти. Боксни тушунадиган инсонлар учун сиз шунчаки молиявий жиҳатини ўйлаб, жангга боряпсиз. Яъни, мағлубиятини билиб бораётган боксчи сифатида гавдаландингиз. Аслида-чи?
- Тўғри, 35-40 ёшдан кейин кўплаб боксчилар “opponent” бўлиб, янада аниқроқ айтсак, пул ишлаш учун жанг ўтказади. Мен эса ҳам пул ишлаш, ҳам ғалаба қозониш учун жанг қиламан. Ҳеч қачон пул учун ютқазиб бериш хаёлида бўлмаганман ва буни қабул ҳам қила олмайман. Мени ютуғим доимо, залда Бахтиёр ака билан машғулот олиб боришим, у инсонга бокс сир-асрорларини ўргатаман, кейин тош кўтарамиз... Тўғри, вазним ошиб кетади. Лекин жисмоний ҳолатим яхши бўлади. Мана шу омил катта ютуғим ҳисобланади. Жангдан бир ярим ой аввал менга таклиф келди. Польшаликларда мен ҳақимда маълумотлар бор эди. Мураббийим Нодир Холназаровга чиқишган экан. Хуллас, жанг бўладиган бўлди. Ниятим шунчаки бориб, бокс тушиб келиш эмас, ғалаба қозониш эди. Мени унга шунчаки “гўшт” қилиб ташлаб беришаётганини ҳам биламан. Чунки, 26 ёшли кучли боксчи эканлигидан хабарим бор эди. Бир ярим ой мобайнида уни жангларини ўрганиб чиқдим. Ажойиб тайёргарлик кўрдим. Польшага бориб, матбуот анжуманида мен мағлуб бўлгани эмас, ғалаба қозониш учун келдим, дедим. Бу гапларимга уни менежерлари, мураббийлари менга қараб мийиғида кулиб қўйишди. Барча 100 % Парзечевскини нокаут билан ютишига ишонишганди.Сабаби, у ёш ва нокаутчи, фаолияти мобайнида 16 маротаба муддатидан аввал ғалаба қозонганди. Яратганнинг инояти билан ҳамда қилган меҳнатимиз ўз самарасини берди ва уни нокаутга учрата олдим.
- Бу ғалабангизни маҳаллий мухлислар қандай қабул қилишди. Ҳар ҳолда севимли боксчиларини ўз уйида мағлуб этдингиз?
- Рингга чиқиб келишимизда уни жуда қўллаб–қувватлашди. Бақир-чақир билан менга босим ўтказишга ҳаракат қилдилар. Лекин мен кеча рингга кўтарилган эмасману, буларга эътибор қилганим йўқ. Уни йиқитганимдан сўнг, арена сув қуйгандек, жим-жит бўлиб қолди. Жангдан кейин эса, ижобий фикрлар билдиришди. Расмга тушишди. Бир сўз билан айтганда, яхши муносбат билдирдилар. Аслида, Дамиан Йонак билан ишлганимдан сўнг, поляк халқи яхши кўриб қолганди. Рақиб Ҳусанов эканлигини билишганидан кейин гарчи, карантин бўлса-да, кўплаб мухлислар ташриф буюрган экан. Ҳар ҳолда менга шундай, дейишди.
- Дамиан Йонакка қарши реванш жанги ўтказиш имконияти борга ўхшайди. Сизда бу борада хоҳиш борми?
- Очиғи, жангдан кейин Йонак мени табриклаган экан. Бунга эътибор ҳам бермабман. Мураббийим бу борада айтиб ўтди. Йонак сўнгги жангида мағлубиятга учрабди. Боксни тарк этибди. Формадан ҳам чиқиб, деярли 100 килограмм вазнда экан. Унга жангимиздан 6 ой ўтганидан сўнг, реванш таклиф қилганмиз. Лекин у буни рад этганди.
- WBC Asia, WBA international, WBO Asia камарларини қўлга киритгансиз. Ўша вақтда рейтингда қандай ўринларда қайд этилгандингиз?
- 2009 йил WBO йўналишида 7, WBCда 9-ўринда тургандим.
- Фаолиятингиздаги ягона дуранг Тимур Нергадзе билан жангда рўй берган экан. Бу тўқнашувни қайси жиҳатлари ёдингизда қолганди?
- Тимур билан 2009 йил икки маротаба рингга кўтарилганман. Биринчисида Москвада “Қизил майдон”да кўчада жанг қилганмиз. WBO Asia Pacific камаримни ҳимоя қилгандим.12 раундлик жанг бўлган. Ёмғир ёғяпти. Пушкалардан отиб, булутларни ҳайдашган. Якунда, дуранг бўлган ва камарим ўзимда қолганди. Орадан тўрт ой ўтиб, яна унга қарши WBC international камари учун жангда очколар ҳисобида ғалаба қозонганман.
- Қувадан сиз ва Миразизбек Мирзахалилов каби халқни эътирофига сазовор бўлган, залворли натижалар қайд этган, боксчилар етишиб чиқди. Айтмоқчиманки, Қува боксининг ривожидаги асосий омил нимада?
- Биласизми, Қувада жуда кўплаб ёш боксчилар етишиб чиқмоқда. Тўғриси, уларнинг мураббийлари ким эканлигини яхши билмайман. Ҳозирда, боксдан узоқ бўлган инсонлар ҳам мураббий бўлиб олишган. Лекин натижалар бўляпти. Чунки, боксчининг ўзида кучли иштиёқ бор. Агар, боксчининг ўзида интилиш бўлмаса, мураббийи жуда тажрибали бўлса ҳам натижа қайд этиши қийин бўлади. Миразизни мураббийи адашмасам фарғоналик Баҳодир Эркаев бўлса керак. Албатта, мураббийнинг ҳам улкан меҳнати бўлади. Лекин, энг аввало, боксчининг кўзида ўт бўлиши керак. Насиб қилса, Қувадан яна кўплаб чемпионлар чиқади.
- Бу сўнгги саволимиз эди. Олдинда турган жангларингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
- Раҳмат катта. Кучимиз бор экан, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда давом этаверамиз!
Фикрлар