Шомуродов кузатув остида...
Италия А Серияси дебютанти “Кальяри” раҳбарияти чемпионатнинг биринчи ярми бўйича дастлабки хулосаларни чиқара бошлади.
Клаудио Раньери шогирдлари учун чемпионат жуда оғир бошлади. Вазият энди ўнгланмоқда. Лекин ҳар бир очко жуда катта қийинчиликлар эвазига қўлга киритиляпти. Тажрибали мураббий ҳали ҳам ўзи истаган жанговар таркибни шакллантира олгани йўқ. Ўзгаришлар жуда кўп бўляпти.
Италия футболини ёритиб бораётган манбалардан бири L'Unione Sarda нашрининг ёзишича, сардинияликлар қишки трансферлар даврида яна фаол ишлашни режалаштирмоқда.
“Каляьри” сингари клублар катта харажат қила олмайди. Шу боис, янги ўйинчи олиши учун таркибдаги футболчиларнинг айримларидан воз кечишга тўғри келади.
Нашр эксперти Альберто Масанинг таъкидлашича, Клаудио Раньери бошчилигидаги мураббийлар штаби декабрь ойи давомида бир неча футболчиларнинг ҳаракати ва кўрсаткичларини таҳлил қилиб боради. Шундан сўнг ҳал қилувчи қарор чиқарилади.
Манбанинг таъкидлашича, чиқишга биринч номзод Гастон Перейро. 28 ёшли уругвайлик ҳужумкор футболчи Сардинияга 2020 йили НИдерландиянинг ПСВ клубидан трансфер қилинган. Бир неча позицияда ўйнай оладиган Гастон ўтган мавсумни ижара асосида “Насьонал”да ўтказди. Юртидан қайтиб келганидан кейин “Кальяри”да асосий таркибга кира олмай қолди ва ҳали ҳам А Серияда дебютини нишонлагани йўқ.
Клудио Раньери ва спорт директори Бонато диққат билан кузатаётган яна бир ўйинчи Элдор Шомуродов ҳисобланади.
Нуфузли манба tuttomercatoweb.com сайти эксперти Филиппо Д'Анжелонинг таъкидлашича, клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби ўзбек футболчиси кўрсатаётган натижалардан қониқмаяпти. Қолаверса, жамоада энг катта маош олаётганлардан бири ҳисобланган Шомуродовнинг захира ўриндиғида қолиб кетаётгани ҳам мутасаддиларни ўйлантириб қўйган.
Юзага келган вазият Шомуродов олдига жиддий талаблар қўймоқда. Элдор бир ой давомида ўз маҳоратини кўрсатиши ва майдонда ўзига бериладиган вақт ичида фойдали ҳаракатларни амалга ошириши лозим.
Берилган муддатда ўзбек легионери фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлмаса, “Кальяри” раҳбарияти январда уни “Рома”га қайтариб юбориб, ўрнига бошқа ҳужумчини трансфер қилиши режалаштирилаётгани айтилмоқда.
“Кальяри” ёзда Шомуродовни бир мавсум ижарага олиш учун римликларга бир миллион евро тўлаган эди. Шунингдек, сардинияликларда ҳужумчини келаси ёзда 9 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи ҳам бор.
Шомуродов жорий мавсумда А Серия ва Италия кубогида жами 12 та учрашувда майдонга тушиб, атиги битта ассист қайд этди холос.
“Кальяри” навбатдаги учрашувни 2 декабрь куни пойтахтда “Лацио” жамоасига қарши ўтказади.
Файзуллаевдан Роналду ёки Мессини танлашни сўрашди
Фикрлар