Шомуродов нега “Барса” таклифини кутмагани, голсиз серияси сабаби, рафиқаси ва орзулари ҳақида гапирди
Элдор Шомуродовнинг Италияга кетиши ёзги трансфер ойнасининг энг кутилмаган воеқаси бўлди. Сентябрнинг охирида “Женоа” ҳужумчини сўраб, “Ростов”га мурожаат қилди ва орадан бироз вақт ўтиши билан ишга “Верона” ва “Фиорентина” аралашди. Рақобатчиларни ортда қолдириш учун генуяликлар трансфер таклифини яхшилашга мажбур бўлди.
Россиянинг нуфузли сайтларидан Sport24 ҳамюртимиз билан интервью уюштирди. Ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Элдор, шартнома имзолаганингдан кейин терма жамоа ихтиёрига учиб кетдинг. Ҳозир қаердасан?
Истанбул аэропортидаман. “Женоа” раҳбариятида футбол мутасаддиларига боғланиб, мени терма жамоа йиғинидан эртароқ қўйиб юборишни сўради. Бу янги жамоамга тезроқ қўшилишим ва бошқа маиший масалаларни ҳал қилиб олишим учун шундай йўл тутилди. Масалан, уй ижараси каби масалалар. Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби мени тўғри тушиугани учун улардан миннатдорман. Агар расмий учрашувлар бўлганида терма жамоани эрта тарк этмасдим.
- “Женоа” варианти қандай юз берди?
- Ҳаммаси тез содир бўлди. Қаҳҳор Мўминов (ProSport Management вакили) қўнғироқ қилиб, битта вариант чиққанини ва уриниб кўриш кераклиги айтди. Мен дарров рози бўлдим. Европада ўйнаш болалигимдан орзу эди. Аввал бошдан шунга интилганман. Қайси мамлакат ёки жамоа бўлишининг фарқи йўқ эди. Муҳими, Европада ўз кучимни синаб кўриш.
- Кўпчилик “Манчестер Юнайтед” ва “Барселона”дан таклиф кутади. Гранд клубдан таклиф бўлмаса, Россияда қолишни маъқул кўришади.
- Гранд клублардан таклиф кутиб ўтиришдан маъни йўқ. Вақт йўқотганинг қолади. Мен ҳам “Ростов”да қолишим мумкин эди. У ерда мени ҳамма нарса қониқтирарди. Лекин анчадан буён Европага кетишни ўйлаб юрардим. Шунинг учун имкон бўлиши билан розилик бердим.
- Охирги лаҳзаларда сени “Верона” ва “Фиорентина” ҳам қўлга киритмоқчи экани ҳақида тезкор хабарлар тарқалди. Бу вариантларни ҳам кўриб чиқдингми ёки бошидан “Женоа”ни танлаб бўлганмидинг?
- Булар ҳақида интернатдан билдим. У пайт “Женоа” билан музокаралар якунланиб қолганди. Генуяликлар билан охирги деталларни муҳокама қилаётган эдик. Бошқа вариантлар ҳақида ўйлаб кўрмадим.
- Ёзда бошқа таклифлар бўлганмиди?
- Испаниядан бор эди. Бельгиядан “Генк” қизиқди. Йил бошида “Штутгарт” варианти ҳам бўлганди.
- “Женоа” таклифидан кейин Карпин нима деди?
- Мен унга дарров ўзимни синаб кўрмоқчи эканимни айтдим. У менга: “Футболчи сифатида сени тушунаман, лекин мураббий сифатида кетишингни истамайман, сен менга “Ростов”да кераксан”, деди. Агар клуб раҳбарияти трансферга розилик берса, у ҳам қаршилик қилмасликка ваъда берди. Мен мураббийга ва жамоага истакларимни ҳурмат қилгани учун миннатдорлик билдираман.
- Хайрлашув видеосида Карпин сенга “Йиғлама”, деди. Кўз ёшингни тута олдингми?
- Тан оламан. Кўзимдан ёш чиқди. Бир томондан мақсадим амалга ошаётганини ҳам билиб тургандим. Иккинчи томондан кетиш бироз қайғули.
- Карпин инстаграмда “қийшиқоёқ” деб ёзганини қандай қабул қилдинг?
- Ҳаммаси жойида. Ҳазиллигини тушундим. Машғулотларда бунақаси кўп бўлади. Карпин билан доим муносабатларимиз яхши бўлган. Кетишимдан олдин Валерий Георгич “Сен қийшиқоёқни бунча пулга ким олади?”, деб куларди.
- “Спартак”да Карпиннинг ҳазилларидан кўпчилик хафа бўларди.
- Мен юморни ижобий қабул қиламан. Лекин Карпин билан жиддий суҳбатлар ҳам кўп бўлган. Мен уни доим рост гапиргани учун ҳам ҳурмат қиламан. Баъзан нима деб жавоб беришни билмай қолардим. Чунки Карпиннинг ўзи ҳам зўр ўйнаган ва ниманидир маслаҳат бердими, унга амал қилиш керак, деб қабул қилардим.
- Бир йил олдин 4 та учрашувда 3 та гол урмасанг, сочингни олиб ташлаш ҳақида баҳслашгандинглар.
- Ҳа шундай. Мен ютиб чиққандим. Лекин сочимни олдиришга ҳам тайёр эдим.
- Карпиннинг жазо усули борми?
- Йўқ. У Байрамянга келиб, “Иккита гол урмасанг, сочингни олдирасан”, деган эди. Кейин менга қараб, “Сен учта уришинг керак!” деган.
- “Женоа”да 61-рақамни танладинг. Бу Ростов вилоятининг коди-ку.
- Бу ғояни дўстим берди. У шундай деди: “Агар ҳали рақам танламаган бўлсанг, 61-рақамни ол, ростовлик мухлислар хурсанд бўлади”. 14-рақам банд экан, шунинг учун “Ростов” мухлисларига миннатдорлик сифатида 61-рақамни олдим.
- Сендан Роналдудан кўп гол ура олишинг ҳақида сўрашди. Биз бошқача қиламиз – Миранчукдан кўп гол ура оласанми?
- Аввало, гол уриш учун рақобатда қолиб чиқиш керак. Менинг биринчи вазифам асосий таркибга кириб олиш. Голлар сонини кейин санаймиз.
- Миранчук билан ёзишдингларми?
- Тўғрисини айтсам, у билан таниш эмасмиз. Италияда балки танишиб олармиз. Алексей агентлар орқали табрик йўллабди. Ёқимли бўлди.
- Тасаввур қилайлик, “Зенит” “Женоа”нинг таклифидан кўпроқ тикди. Сен барибир Италияга келармидинг ёки Россияда қолармидинг?
- Кетган бўлардим. Чунки мен бошидан агентимга Европага кетиш ҳақида таъкидлаганман. Менда аввалдан Қатар, Саудия Арабистони ва Хитойдан кўп таклифлар бор эди, уларга ҳатто қарамаганман. Пул энг муҳим нарса эмас.
- “Женоа” “Ростов”дан кўп маош берадими?
- Ҳа.
- Кўпчилик ҳайрон бўлаяпти. Италияликлар саккиз ойда учта гол урган ҳужумчини нима қилади? Самарадорлигинг тушиб кетганига бирор изоҳинг борми?
- Бу жуда қийин савол. Нима десам ҳам, ўзини оқлашдай бўлади. Менга биринчи навбатда карантин таъсир қилди. Бизни бир хонага қамаб қўйишди ва ҳеч қаерга чиқишга рухсат беришмади. Фақат велотренажёрда шуғулланиб, прессимизга ишлов берардик. Бу ҳаммага ҳар хил таъсир қилди. Кимдир спорт формасини тез тиклади. Мен анча қийналдим.
- Карпин Шомуродов уйлангани учун кам гол уряпти, деганди...
- Ҳамма ҳам уйланадику! Ўйлашимча, бу таъсир қилмайди.
- Тўйдан олдин Амина билан қанча вақт учрашиб юрдинглар?
- Икки ой. Мен уйланишга қарор қилдим. Келин қидирдик ва ўзим истаганини топдим.
- Европа – болаликдаги орзу эканини айтдинг. Болалигингда Италияга келиб қолишингни тасаввур қилармидинг?
- Орзу қилардим, лекин тасаввур қилмаганман. Мен ҳатто Россия чемпионати юлдузларини ҳам яқингача телевизорда кўрардим. Эсимда, “Ростов”га келганимда мени “Зенит”га қарши ўйнатишганди. Уларнинг сафида Бронислав Иванович ўйнарди. Мен болалигимдан “Челси”га мухлисман ва унга қараб, кўзларимга ишонмасдим. Мен “Ўзбекистонда академияда ўқиб юрганимда учрашувларни томоша қилиб, сенга мухлислик қилардимку”, дердим ичимда.
- А Серияни ҳам томоша қилармидинг?
- Тўғрисини айтсам, футболни кам томоша қиламан. Агар Чемпионлар лигаси бўлса ёки “Челси” ўйнаса кўраман.
- Футбол билан шуғулланишни қандай бошлагансан?
- Футболчилар оиласиданман. Отам, икки амаким ва акам футбол ўйнаган. Бобом мураббий эди. Отам ҳужумчи бўлган. Ўзбекистон биринчи лигасида яхши ўйнаганини айтишади. Фаолиятини жароҳат туфайли эрта тугатган. Илҳом амаким “Насаф” билан ОФК кубоги ғолиби, “Бунёдкор”да Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлган. Мен олти ёшимдан шуғулланишни истаганман, лекин машғулотга биринчи синфдан олишган. Бир йил кутишга тўғри келган. 12 ёшимда “Машъал” академиясига қабул қилишди. Бу Ўзбекистондаги биринчи рақамли академия.
- “Челси”га қачон меҳр қўйгансан?
- Аниқ билмайман. Болалигимда “Челси”ни формасини олиб беришган. Ўшандай бошланган бўлса керак. Фернандо Торрес ва Дрогбанинг ўйини ёқарди.
- Ўзбекистонда Ривалдо билан етаклашиб майдонга тушган экансан.
- Мен “Машъал” академиясида ўйнаб юрган пайтларимда, Илҳом амаким асосий таркиб ҳужумчиси эди. Мен доим унинг қўлидан ушлаб майдонга бирга чиқардим. Бир марта биз “Бунёдкор” футболчилари билан чиқадиган бўлдик. Жамоа ўшанда “Қурувчи” деб номланарди. Бизга футболчиларни олдига боришни айтишди. Мен фақат Ривалдо билан чиқишни истагандим. У менга қўлини узатганда роса ҳаяжонланганим эсимда.
- Ўзбекистон терма жамоасидан Италияга учиб кетдинг. Кейинги гал келганингда “Женоа” футболкасидан нечта олиб келасан?
- Буни тасаввур қилолмайман. Катта сумкани тўлдириб келсам керак. Лекин ҳаммаси қандай ўйин кўрсатишимга боғлиқ. Яхши ўйнасам битта чемодан етмайди. Бўлмаса, менинг футболкам ҳеч кимга керакмас.
Фикрлар