“Женоа” Шомуродовни асосий фигурага айлантирадими?

Шомуродовнинг “Женоа”га ўтгани ҳақиқатан шов-шувли трансфер бўлди ва унинг атрофидаги фикр-мулоҳазалар, тахмин ва таҳлиллар ҳамон тингани йўқ.

Биз Элдор Шомуродовнинг фаолиятидаги энг муҳим қирралар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Элдорга доим талаб катта эди

Элдор Шомуродов норвегиялик жамоадоши Матиас Норманн билан “Ростов”нинг энг харидори кўп футболчилари эди. Айниқса, ўтган чемпионатнинг биринчи ярмида ўзбек ҳужумчисининг сермаҳсул ўйини Европанинг қатор жамоалари раҳбарлари, мураббийлари, скаутлари эътиборини тортди. Пандемия карантинидан кейин ҳамюртимизнинг ўйини қовушмаган бўлса-да, унинг бозори сусайгани йўқ. Натижада “Женоа” ҳужумчига эга бўлиш учун 9 миллион евродан воз кечди.

“Ростов” хўжайини Арташес Арутюнянц клубни “Аякс” ва “Порту” моделидаги футболчилар фабрикасига айлантириш режасини маълум қилган эди. Бу ростовликлар етакчиларини сотишидан далолат берарди. “Ростов” Европа Лигасининг гуруҳ босқичига чиқа олмагани учун харидоргир футболчиларини трансфер қила бошлади. Агар клуб мусобақанинг гуруҳ босқичига чиққанида таркиб сақлаб қолинар ва катта эҳтимол билан Элдор ҳам ўз ўрнида қоларди. Чунки Еврокубокдаги муваффақиятли ўйин ўз-ўзидан футболчиларнинг трансфер суммасини оширади ва ёзда Шомуродов, шунингдек, бошқа кўзга кўринган футболчиларнинг бозори янада чаққон бўлиши кутилганди.

Европа Лигаси гуруҳ босқичи армон бўлиб қолгани учун “Ростов” етакчилар савдосини Шомуродовни трансфер қилишдан бошлаб юборди.

Европаликлар нега Элдорга қизиқяпти?

Элдорнинг сермаҳсуллик бўйича кўрсаткичлари марказий ҳужумчи учун идеал эмаслиги бор гап. У Россия премьер-лигасида  мунтазам гол урадиган ҳужумчи вазифасини бажара олмади. Буни тан олиш даркор. Бироқ, миллий терма жамоамиз сафида голли серияни давом эттираётгани ўзбекистонлик мухлислар учун жуда муҳим ва қувонарли.

Хўш, европаликлар чемпионатда кам гол урадиган ҳужумчига нега қизиқмоқда?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Элдорда юқори савиядаги футболчига хос бошқа сифатлар жуда яхши шаклланган. Хусусан, ўзбек ҳужумчисининг дриблинги, тезлиги, позиция танлаши, очилиши, бош билан яхши ўйнаши, ҳимояга ёрдам бериши ва яккакурашлардаги курашувчанлиги алоҳида эътироф этилмоқда.

Унга Германия, Франция, Туркия клубларидан қатор таклифлар бўлгани ва трансфер суммаси 15 миллион еврога кўтарилгани ахборот ленталарида кўп ва хўп айлангани барчага маълум.

Элдорнинг орзуси ушалди

Шомуродов ўз олдига аниқ мақсад қўйган. У доим кучли бешлик чемпионатларида ўйнашни истаган. Россиянинг етакчи клублари таклифни қабул қилмади. Вақти келишини кутди. Катта гапириб, турли баёнотлар билан ўзини реклама қилгани ҳам йўқ. Жимгина ўз вақтини кутди.

Ниҳоят, Элдор ўзи орзу қилган жойга ўтди.

Кейинги йилларда А Сериянинг ҳам даражаси кўтарилган. Бу чемпионатда Англия, Испания, Франция, Германия грандлари ўз таркибида кўришни истаётган кўплаб истеъдодли футболчилар тўп тепмоқда. Криштиану Роналду сингари жаҳон футболи юлдузининг “Ювентус”га ўтгани ҳам А Серия мавқеини кўтарди, унга бўлган қизиқиш ва эътиборни кучайтирди.

Элдор энди Криштиану Роналду, Пауло Дибала, Ромелу Лукаку, Лаутаро Мартинес, Златан Иброҳимович, Дрис Мертенс каби ҳужум қироллари билан рақобатлашиш, уларга қарши ўйнаш орқали маҳорати ва тажрибасини янада оширади. Ҳар ҳолда янги нималарнидир ўрганади.  

Элдорнинг трансферидан ҳамма манфаат кўрди

Шомуродовнинг “Женоа”га ўтишидан ҳар ким ўзига яраша манфаат кўрди. “Ростов” яхшигина маблағ олди, ҳужумчимизнинг орзуси ушалди ва “Женоа” салоҳияти бор ҳужумчига эга бўлди.

Генуяликлар трансфер масаласини бирдан ҳал қилди. Аввалдан турли баёнотлар берилиб, ҳар хил  овоза ва гап-сўзлар тарқатилмади. Йўқ жойдан “Женоа” варианти пайдо бўлди ва трансфер уч кун ичида амалга оширилди.  

Элдор ўзининг ўтган йилги сермазмун ўйини, нозик дид соҳибларига ҳам ёқадиган чиройли голлари, ҳужумчига хос сифатлари билан турли клублар рўйхатига кирган эди. Гарчи Россия премьер-лигасида голсиз серия тўрига илиниб қолган бўлса-да, Европа лигасидаги илк учрашувида тарихий дебют голини ургани европаликларнинг эътиборини яна Элдорга қаратди.

“Женоа” Шомуродовни узоқ ушлаб турмайди

Футболчиларни арзон олиб, кейинчалик қимматроққа трансфер қилиш одати генуяликларнинг қонида бор. Энг ёрқин мисол польшалик Кшиштоф Пёнтек. Бу тўпурар учун “Женоа” Шомуродовнинг трансферидан роппа-роса икки баробар кам – 4,5 миллион евро сарфлаб, кейинроқ уни 35 миллион еврога “Милан”га сотиб юборди.

“Женоа”нинг молиявий имконияти қимматбаҳо футболчиларни сотиб олишни кўтармайди. Генуяликлар асосан эркин агент ёки бир-икки миллион евро эвазига келадиган футболчиларни олади ва ўйинчи ўзини кўрсатганида, уни сотиб юборишга эътибор қаратади. Ҳатто Элдор Шомуродов учун тўланган суммани ўта катта харажат, деб клубнинг трансфер сиёсатини танқид қилаётганлари ҳам бор.

“Женоа” Шомуродовни ҳам қаригунича ўйнатмаслиги аниқ. Элдорнинг ўзи ҳам бундай бўлишига йўл қўймайди. Элдор учун “Женоа” кучли клубларга ўтиш учун пиллапоянинг бир поғонаси бўлиб хизмат қилиши керак.

Генуяликлар Элдорни фақатгина даромад кўриш учунгина сотиб олган, дейиш ҳам нотўғри. Шомуродов бу клубга кучли ҳужумчи сифатида ҳам керак.

“Женоа” бош мураббийи Элдор ҳақида нега жим?

Эътибор берган бўлсангиз, “Женоа” раҳбарияти, расмийлари ёки бош мураббийи Элдор Шомуродовнинг трансфери, имкониятлари, ундан нималарни кутаётгани ҳақида бирорта расмий баёнот бергани йўқ.

Биз эса, “Женоа”нинг мақсади ва имкониятларига баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

“Женоа” бир неча йилдан бери ўз олдига юксак мақсадларни қўя олмаяпти. Сўнгги ўнта мавсумда генуяликлар бир марта Еврокубоклар ҳудудига кирган бўлса-да, амалда қўлидан ҳеч нима келмаган. Қолган мавсумларда жамоа мусобақа жадвалининг иккинчи қисмида турли ўринларни эгаллаб, асосий эътиборини юқори лигадаги ўрнини сақлаб қолишга қаратяпти.

Генуяликлар суперҳужум ва кўп гол урадиган футболчиларга эга эмас. Лекин бош мураббий Роландо Маран серғоя мутахассис сифатида танилган. Клуб раҳбарияти бу мураббий жамоадаги руҳият ва вазиятни ўнглай олишига ишонч билдирмоқда.

“Женоа” жамоа ўйинини Шомуродов атрофида қайта қуради

Роландо Маран жамоа ўйинини кучли ҳужумчи атрофида қуришга одатланган. Лекин ҳозиргача унинг қўл остида ишончни оқлай оладиган форвард йўқ эди. “Женоа”даги ҳужумчилардан бирининг ёши ўтиб қолган, иккинчисининг савияси талабга жавоб бермайди, бошқалари кўп жароҳат оладиганлар тоифасидан. Барқарорлик йўқ.

Роландо орзу қилган ҳужумчи айнан Элдор бўлиши мумкин. Чунки ўзбек футболчиси жароҳатга мойил эмас, чидамли, тезкор ва ақлли футбол намойиш этади. Роландо эса, жамоа ўйинининг асосий фигураси бўлган ҳужумчининг жуда кўп ҳислатларени ўзида бирлаштирган бўлишини истайди. Демак, ана шундай форвардлар тоифасига кирадиган Шомуродов кам гол урса-да, ҳозирги бош мураббий учун идеал вариант.  

Шу ўринда, Роландо бошқарган жамоада ҳужумчилар ҳеч қачон 12 тадан кўп гол урмаганини таъкидлаш жоиз. Бундан кейин ҳам “Женоа” рақиб дарвозасини “илма-тешик” қилиб ташлашига ҳеч ким ишонмайди. Бироқ, ҳамма узоқ ўлкадан келган Элдор Шомуродов жамоага янгича руҳ олиб киришини кутмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Самад
11/10/2020 17:39
Омад сенга Элдор.
Узбекистонни довругини дунега танит.