Шохруз Норхонов: "Ҳеч қаерга кетмайман"

Chery Tigo 7 PRO

Тажрибали ҳужумчи Шохруз Норхонов жорий мавсумни “Нефтчи” сафида бошлаганидан хабарингиз бор. Бироқ биринчи даврани футболчи ўзи истаган даражада сермаҳсул ўтказа олмади. Чунки у охирги пайтларда жамоа сафида кўринмай қолди. Шохруз чемпионат ва Кубок баҳсларини қўшиб ҳисоблаганда мавсумнинг биринчи ярмида фарғоналиклар таркибида 9 та учрашувда 3 та гол урди. Балки жароҳат бўлмаганида унинг голлари янада кўпроқ бўлиши мумкин эди. Sports.uz журналисти эса Норхоновдан интервью олди.

- Шохруз, охирги пайтларда “Нефтчи” таркибида кўринмай қолдингиз. Нима бўлди?

- Ўйинларда иштирок этмаётганимнинг сабаби, оёғимда бироз жароҳатим бор эди. “Навбаҳор” билан бўлиб ўтган учрашувда жароҳатлангандим. Шунинг учун майдонда кўринмаётгандим. Ўзим алоҳида ишлаётгандим. Аста-секин қайтяпман, жароҳатимдан фориғ бўляпман. 20 кун ўтди ва оёғим ҳам анча яхши. Худо хоҳласа, иккинчи даврада қайтаман, ҳаммаси яхши бўлади.

- Жамоа сафида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Иккинчи даврада ҳам режаларингиз “Нефтчи” билан боғлиқми?

- Ҳа, жамоа таркибида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Лекин мен “Нефтчи” жамоасида қолиб, иккинчи даврада клубни яна совринли ўринлар учун курашишида бор кучимни ишга солиб, ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ниятдаман. Ҳозирча ҳеч қаерга кетмайман.

- Биринчи даврадаги иштирокига қандай баҳо берасиз? 19 очко билан 8-ўринга тушиб кетди...

- Чемпионатни яхши бошладик, очколарни йиғиб келаётгандик. Кейинги ўйинларда бизда жароҳатлар кўпайиб кетди. Омад ҳам етишмади, деб ўйлайман. Уйда кўп дуранглар ўйнаб қўйдик. Шу сабабли ҳозир ўзимизга ярашмаган ўринда турибмиз. Лекин мен биламанки, Худо хоҳласа совринли ўринлар учун курашамиз ва ўйлаган ниятимизга эришамиз. Биз ҳали очколаримиз билан у қадар пастга тушиб кетганимиз йўқ. Иккинчи даврада ўйинимизни янада кучайтириб, ўзимиз кўзлаган мақсадга эриша оламиз. Биринчи даврада унчалик ёмон кўрсаткичлар қайд этмадик. Тўғри, уйда бир қатор очколарни йўқотиб қўйдик. Лекин бу бизни совринли ўринлардан чиқиб кетганимизни билдирмайди. Иккинчи даврага янада кучли бўлиб қайтамиз.

- Қандай хулоса чиқардингиз, биринчи даврадан?

- Менимча, чемпионатимиз даражаси анча кучайди. Ҳозир оддий клублар йўқ. Ҳамма тенг кучга эга. Чунки юқоридаги жамоаларга қарши пастки ўриндаги клублар уйдами, сафардами бемалол очко оляптилар. “Нефтчи” ўтган йили ўз ўйини билан қанчалик кучлилигини кўрсатиб қўйган. Шу боис бу йил “Нефтчи”га ҳар бир рақиб кучли тайёрланиб ўйнаяпти. Биринчи давра жуда жиддий бошланди ва шу тарзда давом этяпти. Чемпионлик учун кураш мавсум тугагунга қадар давом этади, деб ўйлайман. Шу сабабли Суперлига бу йил янада қизғин ўтяпти.

- Сир бўлмаса, сизга янги таклифлар бўляптими? Масалан, хориждан ва ўзимиздан...

- Ҳа, таклифлар бор. Ўзимиздан ҳам, четдан ҳам бўлди. Лекин “Нефтчи” билан йил охиригача шартномам бор ва ҳозирда жамоам билан биргаман.

- "Нефтчи" бош мураббийи Левченко ҳақида сўрамоқчи эдим. Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади. Табиийки, жамоа ютолмаётгани фонида мураббийга танқидлар бор. Бунга фикрингиз қандай?

- Мураббийимизга келадиган бўлсак, тўғри ҳамма шунақа фикрлайди. Ютса жамоа ютган бўлади, ютқазса мураббий ютқазади. Бу гапга мен у қадар қўшилмайман. Чунки мураббий майдонда футбол ўйнамайди. Фақат майдон четидан кўрсатмалар беради. Майдонда футболчилар ўйнайдилар. Майдонда ўзимизнинг ҳам хатоларимиз бор, деб ўйлайман. Ўйинларимизни кўриб, хатоларимизни тўғриласак, ўшанда бошқа хатолар қайтарилмайди. Ўйинларда йўқотаётган очколаримизга келсак, гол урганимиздан сўнг учрашув охирларида гол ўтказиб юборяпмиз. Биз мураббий айтган футболни ва кўрсатмасини майдонда тўлиқ бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Қайсидир жойда мувозанатни йўқотиб қўйяпмиз. Шунинг учун ҳам кўп очко йўқотиб қўйдик. Бунинг устида машғулотларда жиддий ишлаймиз, ортиқ бундай хатолар қилмаслигимиз керак. Бош мураббийимиз Виталий Левченко жамоамизни яхши тайёрлаяпти. Ёзги танаффус пайтида ўйинимизни янада кучайтириб, оптимал таркибга эга бўлиб, иккинчи даврада яхши натижалар кўрсатиш учун бор кучимизни сарфлаймиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mahmud Ttww
04/07/2024 00:57
Итга ҳам керак эмассан, алдама