Снейдер якун ясади. У учун аламли бўлган мавсумни ёдга оламиз

Уэслини Иоланта илҳомлантирар эди.

Снейдер 2008 йил Австрия ва Швейцарияда ўтган Еврода қойилмақом ўйин кўрсатди. Голландияликлар Италия терма жамоасини "оёқ ости" қилиб юбордилар – 3:0. Снейдер Буффонни доғда қолдирди. Иккинчи турда эса у Грегори Купэ қўриқлаётган дарвозанинг тўсини остига тўпни шундай айлантириб йўлладики, барча Дэвид Бекхэмнинг голини ёдга олди. Ўша баҳсда французларнинг дарвозаси жами тўрт марта "ишғол" этилди.

Голландия гуруҳ босқичини максимал натижа билан якунлаб, турнир фаворитига айланди, мухлислар эса Испания билан ўтадиган ўйинни орзиқиб кутишни бошлади. Снейдер ҳақиқий лидер эди ва чемпионатнинг энг яхши футболчиси соврини учун қадамма-қадам юқорилаб борар эди.

Аммо Голландия чорак финалдаёқ синди. Сиз бу қандай рўй берганини аниқ эслайсиз. Омадсиз "учар голландларни" таркибида Андрей Аршавин ва Роман Павлюченколари бор Россия тор-мор этди.

Шу ҳолатдан сўнг, Уэслининг ҳаёти салбий томонга кескин тарзда ўзгара бошлади – бироқ бунинг сабабчиси унинг ўзи эди. Снейдер тушунарсиз ҳаёт кечирарди: "Мен деярли ҳар доим базмларда вақтни ўтказар эдим. Агар уйда кўп ўйлашингиз керак бўлган нарсалар билан ёлғиз қолсангиз, бундан қочиб кетгингиз келади. Мен базмларга қочардим. Кейин эса ҳаётимда муҳаббат пайдо бўлди ва мени қутқарди."

Телебошловчи Иоланта ван Касберген билан севги қиссаси 2008 йилда бошланди. Аввалига уни яширишга уринишди, бироқ эплай олишмади. Унинг рафиқаси баридан хабар топди, ҳамда ундан ўч олди. У боласини олиб кетди ва матбуотга бир дунё интервьюлар берди, ҳамда маҳаллий ток-шоулардан бирида видео намойиш қилди.

40 дақиқа давомида Уэсли бўхтонларга қолиб кетди, эртасига эса мамлакатнинг деярли барча аёллари ундан нафратланишни бошлади. Натижада у 6 миллион евро тўлаб, қўлида "парчаланган асаблари" ва Мадриддаги "синган" карьераси қолди. Кўп асабийлашгани учун "Реал" да 2008/09 мавсумини қўлдан бой берди, кам ўйнади ва атиги иккита гол урди, холос.

2009 йилнинг май ойида "Реал"га президентлик сайловида Флорентино Перес ғолиб бўлди ва афсунгарларча Мадрид учун ҳақиқий юлдузларни сотиб олди (Кака ва Роналду). Раҳбарият Снейдерга у жамоа учун ортиқ керак эмаслигини тушунтирди. Лекин Уэсли уларнинг фикри хато эканлигини исботлашга ҳаракат қилди, бироқ унинг қўлидан келмади. Август ойининг якунида "Реал" уни "Интер"га 15 миллион евро эвазига қўйиб юборишга рози бўлди. Шундагина Снейдер унинг учун бошқа йўл йўқлигини англаб етди: "Мен билан бўлиб ўтган ишнинг ўзи ғалати. Улар менга нисбатан ёмон муомала қилишди, аммо ростини айтсам, бу ҳақида гапиришни истамайман. Мен кетаётганимдан қайғудаман, бироқ бу менинг қўлимда эмас. Лекин нима бўлганда ҳам мен катта клуб томон йўл олдим ва барчани лол қолдиришга ҳаракат қиламан."

У уддалади.

Футболчи учун 2009/10 йилги мавсум ажойиб ўтди. "Интер" йўлига тўғаноқ бўлган барчани "йўқ қилди", Снейдер эса Моуриньо билан яхши чиқишиб кетди, аммо бу энг муҳими эмас эди.
Унинг Касберген билан севги қиссаси тўфон тезлигида ривожланиб борди. Снейдер Голландия экранларининг энг кўзга яқин гўзалига ошиқ бўлган эди (у кўплаб машҳур сериаллар орқали танилган). Муносабатларининг кейинги босқичи эса дин бўлди. Иоланта Снейдерни черковга олиб бора олди.

"Иоланта, мендан фарқли ўлароқ, католик эди ва мен ҳам буни қабул қилишни истадим. Мени чўқинтиришди ва черковга жалб қилишди. Мен доим Худога ишонардим, энди эса ҳақиқий католикман. Бу ажойиб, дин менга янги ҳаёт бахш этди," - деди Снейдер.

У эътиқоди билан машҳур бўлган Хавьер Занетти билан бирга черковга бора бошлади. Занетти Уэслига тушунтиришга ҳаракат қилар эди: "Худо менга ҳаммасини берди. Мен барчасига Унга ишонганим ва унинг айтганларига бўйсунганим учун эришдим. Сен ҳам барчасига эриша оласан – муҳими ишонч."

2009 йилнинг 29 августида "Интер" "Милан"ни янчиб ташлади (4:0), Снейдер эса илк бор майдонга тушиб, "тарихий бомбардимонда" иштирок этди.

"Нерадзурри" ўша даврда ҳеч нарсадан қўрқмас космик жамоани йиққан эди. Виейра хали Манчестерга ўтишга улгурмаган, Станкович ўнг қанотда, Диего Милито эса гол уриш имкон йўқ ҳолатларда ҳам гол ура оларди. Чап қанотда Занетти ҳукмронлиги остида бўлса, Камбьяссо бутун марказни йўқ қила оларди.

Моуриньо бу жамоага Снейдерни моҳирона жойлаштиргач, шундан сўнг рақибларда умуман имконият қолмади. Ростини айтганда, 2009 йилнинг кузида уларнинг бундан хабари йўқ эди.
А сериянинг 7-турида узоқ масофадан чиройли гол урди ва "Удинезе" таслим этилди. Одатда жимжитлик ҳукм сурадиган "Жузеппе Меацца" жумбушга келди, Жозе Моуриньо бу импулсни қўллаб қувватлади.

Кейинги саккиз ўйинда "Интер" етти марта ғалаба қозонган бўлса, битта дуранг натижа қайд этди. Снейдер ижод қиларди, жамоа эса навбатдаги чемпионликка йўл олган эди.
ЕЧЛ гуруҳ босқичи қуръаси кучли рақибларни рўбаро қилди. Аҳвол мушкул эди, илк ғалаба эса 4-турда Украинанинг "Динамо" жамоасига қарши баҳсда қўлга киритилди. Снейдер охирги дақиқаларда мағлубиятни ғалабага айлантира олди (86-дақиқада голли пас, 89-дақиқада эса гол) ва айнан шу ўйиндаги очколар жамоага гуруҳдан чиқишга ёрдам бера олди ("Нерадзурри" "Рубин"ни уч очкога ортда қолдирди).

2010 йилнинг 16 март куни у ван Касбергенга самолётда турмуш қуриш таклифини берди. Улар Чемпионлар лигасининг "Челси"га қарши плей-офф учрашувига учиб кетишаётганди. Бутун жамоа қарсаклар билан уларни олқишлади, Иоланта эса розилик берди. Бир неча соатдан сўнг у Это’Ога ажойиб пас оширди, Это’О гол урди, "Интер" кейинги босқичга йўл олди.

Чорак финалда ЦСКАга қарши ҳар икки учрашувда Снейдер гол уришга эришди, "Интер" 2:0 ҳисоби билан ярим финал йўлланмасини нақд қилиб қўйди. 2010 йил 20 апрелда у "Жузеппе Меацца"да "концерт уюштирди". Гвардиоланинг "Барса"си рақибни янчиб ташлаш учун Миланга келганди. Бироқ Уэсли ўз ҳисобига гол ва голли пас ёздириб қўйди. "Интер" ўз уйида 3-1 ҳисобида зафар қучди.

Жавоб ўйинида итальянлар бор кучларини сарфлаб, керакли натижага эришишди ва "Сантьяго Бернабеу" қабул қиладиган финалга чиқишди. Уэсли еттинчи осмонда эди: “Мен Мадриднинг "Реал"ини тарк этарканман, кейинги мавсумни ЕЧЛ финалида якунлайман деб ўйлаган эдим. Бироқ "Интер" – ажойиб жамоа ва бундай жамоанинг аъзоси бўлиш мароқлидир. Мен Мадридга қайтганимдан ва бир йил давомида кўрмаган инсонларимни кўрганимдан мамнунман”, - дея интервью берди Снейдер.

"Бавария" билан бўлиб ўтадиган финал олдидан улар Роббен билан қучоқлашишди (Перес Роббенни ҳам 2009 йилда сотиб юборганди). 35 дақиқа ўтгач Снейдер Милитони тўп билан таъминлади ва ҳисоб очилди. Иккинчи бўлимда Диего кейинги голни урди. Ўйин якунлангач, у яна бир бор Балотелли ва Моуриньо билан қучоқлашгач, ўз ҳис-ҳаяжонларини яшира олмади: “Биз буюк мавсумга нуқта қўйдик, учта турнирда ғолиб бўла олдик. Бундан яхши нима бўлиши мумкин? Бу ерга илк маротаба келганимда бундай зафарлар ҳақида ўйламаган эдим. Аммо бирга ўйнай бошлагач, мен шуни тушундим – биз ажойиб жамоамиз. Мен ўшанда "Реал"ни тарк этганимдан бахтиёрман”.

Натижада "Интер" А серия, Италия кубоги ва Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди. Снейдер эса номинантлар ичида Хави ва Иньеста бўлишига қарамай, ЕЧЛнинг энг яхши ярим ҳимоячисига айланди.

Ёзда Снейдер терма жамоа билан ЖАРга йўл олди. Ҳар бир ўйин олдидан улар Иоланта билан қўнғироқлашар, Худодан омад сўрарди.

Голландия зўрға ўйин бошлади. Қийинчилик билан Камерун, Япония ва Данияни мағлубиятга учратди, аммо Уэсли майдонда афсунгардай эди. У рақиб жарима майдонида ўз шериклари улгурмай қолган пайтда ҳам барчасини ўз зиммасига оларди.

Японларга қарши учрашувда у тепган тўп қандайдир ҳолат оқибатида дарвозабоннинг қўлқопларини бир зарба билан ёриб ўтди ва Снейдер ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида қайд қилинди. Тақдирлашга бўйнида хоч билан чиқди ва шундай деди: "Мен буни Иоланта совға қилгандан буён ечмайман. Бу менинг туморим."

1/8 финалда голландлар словакларга қарши майдонга тушишди. Ҳамма бу омадли ўйин эканлигига ишонди, бироқ Снейдер ҳал қилувчи голни 84-дақиқадагина урди, чорак финалда эса Бразилия кутиб турар эди. "Пентакампионлар" Чилини "ғажиб ташлашди" ва барча букмейкерларнинг фаворитига айланишди.

Ўйин шиддат билан бошланди. Робиньо иккита гол урди, фақат биттасини ҳисобга олишди (бразилияликлар устози Дунга ҳакамни ўлдириб қўйишига сал қолди), "алвон ранглилар" эса нима бўлаётганини тушунмас эди. Снейдерга Мело халақит қилар, унинг шериклари эса унга ёрдам бера олишмасди. Уэсли илк бор чидай олмади: "Биринчи бўлим қийин бўлди, бироқ ўзимизни қўлга олдик. Бош мураббийимиз икки ахмоқ Марадона ва Дунгага ўхшамаган ван Марвейк эканлигидан мамнунман."

У кийим алмаштириш хонасига кирганда, йигитлар бошларини эгиб ўтиришар ва бир оғиз сўз ҳам айтишмасди. Фақатгина ван дер Варт ўзига ўзи нималарнидир шивирларди. Снейдер бошлади: "Ўзимизни кўрсатиш учун яна 45 дақиқа вақтимиз бор. Буни амалга оширмасак шарманда бўламиз. Биз чиқишимиз ва иккита гол уришимиз лозим. Биз барчасини уддалаймиз!"
Иккинчи бўлим голландлар умуман бошқа ҳолатда чиқишди, Уэсли эса икки гол уришга муваффақ бўлди.

Голландлар йўлида давом этишди, Снейдер эса Дунга ва Марадонани ерга урмаганлигини айтди, аммо ишонтира олмади: "Мен интервьюда шунчаки мураббийлар орасидаги фарқни билдирдим холос. Биз барчамиз ҳар хилмиз. Мен сўзларни нотўғри қўллаганимдан афсусдаман."

Уругвай билан ўйин янада мураккаб эди. У жамоада "ақлдан оздираган" Форлан бор эди. У чемпионатни ўзининг сеҳрли зарбалари билан "ёндирар", ўйиндан-ўйинга яхшироқ ўйнар эди. Диего гол урди, аммо унинг голи баҳсдаги иккинчи гол эди, ҳисобни Бронкхортс очишга улгурди.
Оскар Табарес ўз шогирдаларига Снейдернинг йўлини тўсишни буюрди, Уругвай ярим ҳимояси бу буйруқни бажара олди, аммо жанубий америкаликларни Роббеннинг голи таслим этди.

Финалда голландлар жуда кўп имкониятларни кўкка совуришди, Иньеста эса Испанияни Жаҳон чемпионига айлантирди. "Сеҳргар" Снейдер эса ЖАРдан кумуш ва энг яхши бомбардирлардан бири бўлиб уйга қайтди (Мюллер, Вилья ва Форлан ҳам худди шунчадан гол уришганди).

Қойилмақом мавсум ишониб бўлмас воқеа билан якун топди: Снейдер "Олтин тўп"га даъвогарлар учталигига ҳам кирмади.

Уэсли ғамгин изоҳ билдирди: "Месси, Хави ва Иньестани табриклайман. Ҳамма мендан бу ҳолатга изоҳ кутяпти, бироқ мен ҳеч нарса дея олмайман."

Платини ҳам хайратда эди: “Снейдер атига битта голни деб ҳаттоки учликка кира олмади. Айнан Иньеста Жаҳон чемпионати финалида урган голни деб. Бироқ, «Интер»нинг машҳур юлдузи ушбу рўйхатга кирмаганлиги адолатдан эмас”.

Ўша вақтдан бошлаб Снейдер адолатга ишонмай қўйди, уч йил ўтгач Туркияга ўтиб кетиш ҳақидаги қарори билан барчани лол қолдирди. Кейин эса Қатар чемпионатида ҳаммани "қириб" ташлади. У катта пул ишларди, аммо кўзида ҳамон маҳзунлик қоларди. Ўтган кузда Снейдер охирги марта тўқ сариқ футболкани эгнига кийди.

Ва ниҳоят, 2018 йилги "Олтин тўп" соврини на Месси, на Роналдуга насиб қилди.

 

Манба: Sports.ru

Сандра Алиссон таржимаси

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!