SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (22-сон)
Қатардаги жаҳон чемпионати якунланди. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиалнинг охирги кундалигини тақдим этади.
Аргентина - Жаҳон чемпиони! Мундиаллар тарихидаги энг яхши финалда Франция ва Аргентина ажойиб ўйин намойиш этиб берди. Якунда Месси азалий орзусига эришди.
Жаҳон чемпионати финалида Аргентина ва Франция ўзаро куч синашди. Дастлаб Месси пенальтидан ҳисобни очди. 36-дақиқада Ди Мария жамоасининг ажойиб қарши ҳужумидан самарали фойдаланди. Франциянинг 70-дақиқага қадар ўйини қовушмади, бирорта зарба бера олмади. Аммо шундан кейин бироз уйғонди. Натижада 80-дақиқада Мбаппе пенальтидан гол урди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна Килиан дарвозани чиройли тарзда ишғол қилди. Амалдаги чемпионлар қайтди. Учрашувнинг асосий вақти дуранг билан якунлангани боис қўшимча таймларга мурожаат қилинди.
108-дақиқада Месси посбондан қайтган тўпни дарвозага жойлади. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Мбаппе хет-рикни расмийлаштирди. Энди навбат пенальтилар сериясига. Лотереялар баҳсида Аргентинага омад кулиб боқди. Фантастик кечган баҳсдан сўнг Скалони шогирдлари ЖЧ-2022 олтин медалларига эга чиқди.
Бу Аргентина терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги пенальтилар сериясида қозонган олтинчи ғалабаси бўлди. Бу эса мундиаллар тарихидаги янги рекорд ҳисобланади. Бунгача ҳеч бир жамоа жаҳон чемпионати учрашувларида пенальтилар сериясида бунчалик кўп ғалаба қозонмаган.
Бундан ташқари, Аргентина пенальтилар сериясидан сўнг чемпионликни қўлга киритган учинчи жамоа бўлди. Бундай ғолибликни биринчи бўлиб 1994 йилда Бразилия термаси, иккинчисида эса 2006 йилда Италия терма жамоаси қўлга киритган.
Аргентинанинг ЖЧ-2022даги ғалабаси Жанубий Америка қитъаси жамоалари учун турнир тарихидаги ўнинчи ғалаба бўлди. Ушбу қитъадан Бразилия 5 та, Аргентина 3 та ва Уругвай 2 та жаҳон чемпиони унвонига эга бўлган.
Европа қитъаси жамоалари эса 12 марта (Италия ва Германия 4 марта, Франция 2 марта, Англия ва Испания 1 марта) мундиалда ғолиб чиққан.
Эътиборлиси, учрашувда киритилган 6 та голдан сўнг ЖЧ-2022да урилган голлар сони 172 тага етди. Бу эса аввалги рекордлардан биттага кўп деганидир. Бундан аввалги рекорд 1998 йилда ўрнатилган. Ўшанда 171 та гол урилган, бу 32 та жамоа иштирокидаги биринчи чемпионат бўлган. Кейин эса 2014 йилда ушбу рекорд такрорланган - 171 та гол. Аммо Қатардаги мундиалда рекорд янгиланди.
Килиан Мбаппе жаҳон чемпионати тарихида финалда хет-трик қайд этган иккинчи футболчига айланди. Бунгача, фақат 1966 йили Жоэфф Херстнинг Англия - Германия учрашувида амалга оширган хет-триги ягона бўлиб турганди. Мбаппе ушбу мундиалда 8 та гол уришга муваффақ бўлди.
Жаҳон чемпионати финалига етиб келган Лионель Месси ҳамда Килиан Мбаппе Аргентина афсонаси Диего Марадонанинг рекордини такрорлади.
Гап шундаки, икки футболчи мундиалда "гол+пас" тизимида 10 очкодан жамғарди. Аргентина сардорида 7 гол ва 3 ассист мавжуд. Франция юлдузи 8 та тўп киритиб, 2 бор шериклари голига ҳаммуаллифлик қилган. Бу орқали улар Марадонанинг 1986 йилги натижасини қайд этди. Жамоаси бош совринни қўлга киритган ўша мундиалда Марадона 5 гол ва 5 ассистни қайд этган.
Франция дарвозабони Уго Льорис ўйинни асосий таркибда бошлади ва тарихга кирди. Льорис бу билан мундалларда 20 та ўйин ўтказган тарихдаги биринчи дарвозабонга айланди ва мутлақ рекордчига айланиб олди. 35 ёшли посбон ярим финалда германиялик дарвозабон Мануэль Нойернинг 19 та учрашув ўтказган натижасини такрорлаганди ва ҳозирда пешқадамга айланди.
Аргентина терма жамоаси ярим ҳимоячиси Энцо Фернандес "Энг яхши ёш футболчи", Аргентина терма жамоаси дарвозабони Эмилиано Мартинес “Энг яхши дарвозабон”, франциялик Килиан Мбаппе “Энг яхши тўпурар”, Лионель Месси чемпионатнинг “Энг яхши ўйинчи” деб топилди.
Фикрлар