Сречко Катанец Бобир Абдиҳолиқовни нега майдонга туширмаётганини айтди
Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги беллашув олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Сречко Катанец Қозоғистонга қарши ўйинда нега Беларусь чемпионати тўпурари бўлган Бобир Абдиҳолиқовни майдонга туширмагани ҳақидаги саволга жавоб берди.
- Ўтган учрашувда Остон Ўруновга имконият тақдим этилди. Ваҳоланки, у айни пайтда формада эмас. Нега мавсум мобайнида яхши темп намойиш этган футболчилар майдонга туширилмади? Мисол учун, Бобир Абдиҳолиқов.
"Сиз Беларусь чемпионатидаги барча ўйинларни қолдирмай кўриб борасизми? Мен уни кузатганим учун Бобирни термага чақирдим. Остонга келадиган бўлсак, у ҳозир клубсиз юрган бўлса ҳам Ўруновда бизга керакли сифатлар бор. Остон ундан нима талаб қилаётганимни тушунмоқда, потенциали ҳам юқори. У яқин келажакда Ўзбекистон учун муҳим футболчи деб ўйлайман. Менда терма жамоа ҳужумида вариант у қадар кўп эмас. Масалан, Абдиҳолиқовни қанотга қўя олмайман. Шунингдек, уни ҳужум марказида ажойиб ўйин намойиш этаётган Элдор Шомуродов ўрнига ҳам майдонга туширолмайман.
Ўзи нега Бобир ва Остонни мисол келтирганингизни тушунмадим. Улар майдонда икки хил позицияда ўйнайди, турли хил функцияларни бажаради. Келинг, муҳокамани тўхтатайлик. Бу менинг қарорим! Ва бунга сабабларим бор. Кимни қайси позицияга қўйиш бу менинг ваколатимга киради".
Фикрлар