"Суперлига-2020". "Насаф"нинг сериялари!

Осиё Чемпионлар лигаси учун лицензияни қўлга кирита олмаган Қашқадарё клуби мавсумни вице-чемпионлик билан якунлади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари иродали мавсумни ўтказди, десак муболаға бўлмайди. Куни кеча, 13 карра чемпионга айланган "Пахтакор"нинг серияларини эътиборингизга ҳавола этгандик. Бугун эса, "Насаф"нинг кўрсаткичларига тўхталиб ўтамиз.

IMG_8871

"Аждарлар" 13-16-турларда кетма-кет зафар қучди. Эътиборли томони, 27 август куни сафарда "Локомотив"ни 4:0, 10 сентябрь куни "Қизилқум"ни 4:0, 15 сентябрда "Андижон"ни 1:0 ва 21 сентябрда "Сурхон"ни 5:0 ҳисобларида таслим этган "Насаф" ушбу ғалабали сериясида бирорта гол ўтказиб юбормаган. Бундан ташқари, қаршиликларда мағлубиятли серия қайд этилмади.

IMG_9629

Мавсум стартидаги учта турда ғалабаларни тантана қилган Рўзиқул Бердиев шогирдлари тўртинчи турдан бошлаб, кетма-кет 3 та баҳсда дуранг ўйнади. 14 июнь куни ўз уйида "Навбаҳор" билан 2:2 ҳисобида, 21 июнда сафарда "Машъал", 26 июнь санасида ўз майдонида "Бухоро" билан голсиз дуранг қайд этди.

IMG_9651

Жамоанинг ғалабасиз серияси ҳам мавсумнинг шу қисмига тўғри келади. "Насаф" дуранглардан сўнг, 2 июль куни еттинчи турда АГМКга (2:1) имкониятни бой бериб қўйган ва қаторасига тўртинчи беллашувда ҳам мухлисларни хурсанд этишни уддасидан чиқолмаган.

IMG_9700

Қашқадарё клуби 12-турдан бошлаб, 22-тургача умуман бошини эгмади. Қаторасига 11 та беллашувда мағлубият нималигини билмаган "Насаф"нинг бу энг узун мағлубиятсиз сериясига сабаб бўлди.

"Аждарлар" 26 та учрашувнинг 16 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Албатта, бу мақташга арзийдиган кўрсаткич! Машҳур Муҳаммаджонов 2 та, Умиджон Эргашев ҳамда Азамат Соибов бир мартадан "қуруқ ўйин" ўтказган бўлса, 12 та учрашувда рақиблар Абдувоҳид Неъматов дарвозасига йўл топа олишмади.

IMG_9144

Ислом Кенжабоев бир марта, Бобир Абдухолиқов эса, 3 маротаба дубль қайд этишга эришди.

IMG_8996

"Насаф"да асосан, ёш футболчилар жам бўлганига қарамай, юқоридаги кўрсаткичлар Рўзиқул Бердиев ҳар галгидек, яхши жамоа шакллантира олганига тўлақонли исбот бўла олади. Бироқ, қашқадарёликларни кўплаб футболчилар тарк этиш хавфи борлиги кишини хўрсинтириб, янги кучлардан умид қилишга мажбур қилади. "Аждарлар"нинг мухлисларига омад тилаган ҳолда, мақоламизнинг навбатдаги сонига тайёргарликни бошлаймиз. Бизни кузатишда давом этинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!