Суперлига. Улардан зўрини топа оласизми?
Суперлигада 21-тур ниҳояланди. Ортда қолган 7 та учрашувнинг ўз қаҳрамонлари бор. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Пахтакор” – “Динамо” – 4:2. Энг яхши футболчи: Драган Черан
Суперлиганинг 21-тури барвақт 6 октябрда бошланганини билсангиз керак. Кейинги ўйинлар 18 октбярдан давом эттирилди. Турни “Пахтакор” – “Динамо” учрашуви бошлаб берди. Бу ўйин кекса Драган Черанга аталди. Боиси, у рақиб дарвозасига учта гол урди, шундан иккитаси пенальтидан. Натижада 37 ёшли футболчи 13 та гол билан тўпурарлар орасида яна якка пешқадамга айланди. Ушбу баҳсда шу ёшида ҳам хет-трик қайд этаётган футболчидан зўрини топа оласизми?
“Насаф” – “Сурхон” – 1:1. Энг яхши футболчи: Артём Потапов
Чемпионликка яқин келаётган ва турнир пешқадами бўлиб турган “Насаф” бу турда Термизнинг “Сурхон”ини қабул қилди. Ўйинни тажовузкор бошлаган мезбонларнинг голи ўзини узоқ куттирмади. Лекин ҳисоб очилгач, меҳмонлар ҳам ўзига кела бошлади. Шунда ҳам “Насаф” баҳс мобайнида қатор имкониятларни яратди. “Сурхон” посбони Артём Потапов анча вақтдан кейин асосий таркибда майдонга туширилганини маҳорати билан исботлади. Чунки у бир неча бор жамоасини голлардан сақлаб қолди ва “Сурхон”ни ҳам мағлубиятдан қутқарди.
“Локомотив” – “Бунёдкор” – 2:3. Энг яхши футболчи: Луис Качорри
Тошкент дербиси жуда қизиқарли ўтди ва унда жами 5 та гол урилди. “Локомотив” биринчи бўлиб ҳисобни очганига қарамай, “Бунёдкор” охирги голни уриб 2:3 ҳисобида иродали ғалабани қўлга киритди. Иккинчи бўлим бошида майдонга туширилган италиялик ҳужумчи Луис Качорри 86-дақиқада “Бунёдкор”га ғалаба келтирувчи голни уриб кетди. У майдонга тушгач, жамоасининг ўйини янада кучайди ва фаоллиги ошди. Качорри ҳақли тарзда энг яхши футболчи бўлди.
“Металлург” – “Андижон” – 0:0. Энг яхши футболчи: Асад Собиржонов
“Металлург”нинг охирги ўринда қолиб кетаётгани жамоа раҳбарияти ва мухлисларини ташвишлантиряпти. Иккинчи даврада таркиб бир мунча кучайтирилган бўлса-да, бекободликлар ҳамон охирги ўриндан силжиганлари йўқ. Бу турда Олмалиқда “Андижон”ни қабул қилган “Металлург” сал қолса ютқазиб қўйиши ҳам мумкин эди. Иккинчи даврада трансфер қилинган ярим ҳимоячи Асадбек Собиржонов “Андижон”га қарши учрашувда фаол ўйнади. Лекин биргина унинг фаоллиги жамоасининг ғалабасига етарли бўлмади.
“Нефтчи” – “Навбаҳор” – 2:2. Энг яхши футболчи: Анвар Ғофуров
Учрашувда “Нефтчи” футболчиси Анвар Ғофуров томонидан тезкор гол урилди. У ҳақиқатан жуда фаол ўйнади. Майдоннинг ҳар бир қарич ерида рақибига муаммолар туғдирди. Тўғри, якунда баҳс 2:2 ҳисоби билан тугади. Бироқ Анвар Ғофуров меҳнатларига яраша учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
“Олимпик” – “Қизилқум” – 1:0. Энг яхши футболчи: Суннат Абдуллажонов
Ниҳоят, “Олимпик” иккинчи даврадаги дастлабки ғалабасига эришди. Иккинчи даврада таркибга қўшилган ва клубнинг энг ёши катта футболчисига айланган Суннатилла Абдуллажонов ўз тажрибасини ишга солиб, “Қизилқум”нинг уч нафар футболчисини алдаб ўтиб, ажойиб тарзда дарвозани ишғол этди. 28 ёшли ўйинчининг индивидуал маҳорати эвазига “Олимпик” жуда муҳим ғалабага эришди. Табиийки, Абдуллажонов учрашув қаҳрамонига айланди.
“Сўғдиёна” – ОКМК - 1:1. Энг яхши футболчи: Жавоҳир Илёсов
Медаллар учун курашда бир-бирига асосий рақобатчилар – “Сўғдиёна” ҳамда ОКМК жамоалари Жиззахда беллашдилар. Ўйин кутилганидек жуда шиддатли, ҳужумкор тарзда ўтди. Меҳмонлар 0:1 ҳисобида олдинда бораётган вақтда мезбонлар айниқса иккинчи бўлимда қатор хавфли ҳужумларни уюштирдилар. ОКМК дарвозабони Жавоҳир Илёсов ўйинни яхши ўтказиб, жамоасини голлардан сақлади. Аммо охирги дақиқаларда ОКМК футболчиси Ислом Тўхтахўжаев ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Бунда Илёсовнинг айби йўқ. Якунда Жавоҳир ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар