Тарих тилга кирганда: ёхуд Александр Аверьяновдан "Андижон"да кўрган-кечирганлари, "топширилган" ўйин, Ўзбекистондаги ёқтирган футболчиси ва бошқалар ҳақида
Ўзбек мухлислари учун Аверьянов доим қизиқарли мутахассис ҳисобланиб келган. Уни айниқса, ёши улуғ ишқибозлар жуда яхши билишади. Собиқ Иттифоқ даврида Андижон жамоаларида фаолият олиб борган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганидан кейин ҳам “Андижон” жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган.
Бундан ташқари, Александр Николаевич, Россияда “Океан”, “Крилья Советов”, “Шинник”, “Уралан”, “Алания”, “Факель”, “Волгарь-Газпром”, “Металлург-Кузбасс” ва яна бир қатор клубларни бошқарган. Александр Николаевич Россияда хизмат кўрсатган мураббий унвони билан ҳам тақдирланган.
Зукко ишқибозлар Аверьяновни эслаши биланоқ кўз ўнгида тарих гавдаланса ажаб эмас. Ўз ўрнида россиялик мутахассис ҳам юртимиздаги фаолиятини ширин хотиралар билан эслайди.
Sports.uz мухбири ушбу мутахассис билан алоқага чиқди ва бир қатор мавзуларни ўртага ташлади. Ўз навбатида Александр Аверьянов ҳам олдинги фаолиятини эслади ва юртимиздаги ишига ҳам ҳаққоний муносабат билдирди.
- Салом Александр Николаевич. Суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат. Ҳозир ишлаяпсизми ёки нафақадамисиз?
- Шуҳратбек, менга қўнғироқ қилганингиз учун раҳмат. Аҳволим ёмон эмас. Тўғри, ёшлик пайтимдагидек соғлом эмасман. Чунки ўз вақтида соғликни яхши сақлай олмаганмиз. Негаки, тўлиқ дастур асосида бор куч-ғайратимизни ишга сарфлаганмиз. Ҳозир эса, ўша туфайли саломатлигимизда баъзида муаммолар юзага келиб турибди. Шундай бўлса ҳам, шикоят қилишга ҳожат йўқ. Ҳамон ишлаяпман. Москвадаги “Кунцево” мактабида ёш болаларни тарбиялашга қўлимдан келганча ёрдамлашяпман. Биз Москва биринчилигида иштирок этамиз. Мактабимиз эса анча илғорлардан бири ҳисобланади. Шуни эслатишим керакки, ўз вақтида собиқ Иттифоқ ўсмирлар терма жамоасида тўп сурган “Пахтакор”нинг айрим футболчилари билан бир жамоада ўйнаганман. Масалан, ҳимоя чизиғида Сергей Доценко билан. Марказий ҳужумчи сифатида эса, Вячеслав Бекташев тўп сурарди. Ўз вақтида, у “Пахтакор”да ёрқин ўйнаган. Геннадий Красницкийни ҳам алоҳида эътироф қилишим керак. У бошқалар учун ўрнак олишга арзийдиган кумир ҳисобланарди. Тўлаган Исоқов билан ҳам собиқ Иттифоқ ўсмирлар терма жамоасида чемпионатга тайёргарлик кўрганмиз. Ҳозиргача у билан дўстона муносабат сақланиб қолган. Ўзаро танишганимизга ҳам 55 йилдан ошибди. Умуман олганда, ўзбек футболи менга кўплаб дўстларни, танишларни, мураббийларни, ўйинчиларни тақдим этган.
- Вячеслав Солохо билан мураббийлар олий мактабида ишлаганингиз ростми?
- Вячеслав Солохо билан олий мактабида бир гуруҳда ўқиганмиз. Биз билан буюк инсонлар таҳсил олишган. Бунга собиқ Иттифоқ футболи афсоналаридан саналган Эдуард Стрельцовни, Юрий Севидовни, Владимир Петровни мисол тариқасида келтириш мумкин. Ўз даврида “Спартак”да ўйнаган Виктор Папаев Иттифоқнинг энг қобилятлари футболчиларидан бири ҳисобланарди. Вячеслав Солохо ҳақида мендан кўра кўпроқ нарсани биласиз. У таниқли мураббий, Ўзбекистон футболида самарали меҳнатқ қилган. Бундан ташқари, ўз кучини хорижда ҳам синаб кўрган. Қаерда ишламасин муваффақият қозонган. Айтишим керакки, Анвар Таджиевич Солижонов билан алоҳида муносабатимиз шаклланган. У бутун Иттифоқ ҳакамлар корпусининг аъзоси ҳисобланарди. Марат Вазилович Кабаев билан ҳам яқин дўстман. У туфайли Находка шаҳрининг “Океан” клуби ҳақида китоб чоп этишга муваффақ бўлдим. Бунинг учун ундан миннатдорман! Жаҳон футболида энг зўр ҳакамлардан бири саналадиган Равшан Эрматов билан ҳам танишганимдан хурсандман. Агар футбол бўлмаганида бундай инсонлар билан дўстона муносабат ўрнатиш ҳақида гап бўлмасди.
- Андижон шаҳрида қандай пайдо бўлгансиз?
- Шундай вазият юзага келганки, ўзбек футболига мени Иштван Йожефович Секеч олиб келганди. У “Пахтакор” футбол клубининг устози сифатида ишлаган. Москвадаги мураббийлар олий мактабини тамомлаганимдан сўнг, менга Андижоннинг “Текстильшик” жамоасини бошқаришни таклиф этишганди. ХБК ишчиларидан ташкил этилган бу клубга яхши мураббий керак эди. Спорт вазири Марат Владимирович Грамов СССР олий советининг депутати ҳисобланарди. Маҳаллий раҳбарлар унга шу масалани ҳал қилиш юзасидан мурожаат қилгандилар. “Пахтакор” бош мураббийи эса менинг номзодимни қўллаган. Олдимга қўйилган вазифа содда бўлиб, жамоани иккинчи лигага олиб чиқишдан иборат эди. Катта авлод вакиллари ўша пайтдаги биринчилик қай даражада кучли бўлганини яхши эслашади. Ўз ўрнида уни ютиш мураккаб ҳисобланарди. Финалда биз Сергей Доценко бошчилигидаги “Хива” клубига 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйганмиз ва иккинчи ўринни эгаллаганимиз иккинчи лигага чиқиш имконини берганди.
- Ўзингиз ишлаган футбол клубларини Андижон шаҳрининг “Пахтакор” жамоаси билан таққослай оласизми? Шунингдек, собиқ Иттифоқ парчалангандан кейинги “Андижон” клуби билан-чи?
- Юқорида эслаб ўтганимдек, олий мактабни тамомлаганимдан сўнг, 1984 йили Андижонга келганман. Айтиш мумкинми, ўша пайтда хаёлим янги билимлар ва ғояларга тўлиқ эди. Ўз ўрнида буларни ҳаётга татбиқ этиш учун зўр иштиёқ билан ишлашга киришгандим. Менга ишлаш учун яратилган шароитларнинг унчалик яхши эмаслиги ҳам таъсир кўрсатмаган. Шуғулланиш учун “Спартак” стадиони бор эди холос. Мендан олдин жамоани Энвер Сития бошқарган. У жамоанинг натижаларини яхшилаш учун кўп ишлар қилган. Аммо ўша пайтдаги таркиб билан биринчи-иккинчи ўринлардан жой олиш иложсиз эди. Ишни машғулот жараёнини ўзгартиришдан бошлаганман. Бундай ўзгариш футболчиларга ёққан. Шу билан бирга клубда қатъий интизом ўрнатганимдан сўнг, селекция ишларига эътибор қаратганман. Москвага бориб у ердан тўрт нафар истиқболли йигитларни олиб қайтганман. Филипчук, Бичков, Маркин ва Калинин икки йилдан кейин СССР халқлари спартакиадасида Ўзбекистон миллий термаси сафида бронза медалларига эга чиқишган. Орадан маълум вақт ўтганидан кейин Николай Леоновдек кучли дарвозабон пайдо бўлган. У билан биз Москванинг “Локомотив”ида ўйнаганмиз. Ҳа, маҳаллий йигитлар ҳам чакки эмасдилар. Масалан, жамоа сардори Абляметов, Эрнест Шабадинов, Баҳодир Раҳмонов, Ориф Маматказин, Владимир Зотеев, Валерий Гордеев, Бахтиёр Йўлдошев, Мирзоев ва бошқалар. Биз клубга иложи борича маҳаллий футболчиларни жалб этишга ҳаракат қилганмиз. Жамоада эса дўстона муносабат шаклланганди. Ўша кезларда кўп миллатли футболчилардан ташкил топган клуб биргина истак – олий лигага чиқиш учун кураш олиб борарди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Андижонда футболни ёқтиришади. Шу сабабдан бўлса керак, “Спартак” стадионидаги ўйинларимизда трибуналар мухлислар билан лиқ тўларди. Жамоа иштирокидаги ўйин эса шаҳардаги мухлисларга ёқарди. Шарт-шароитлар аъло даражада бўлмаса ҳам биз яхши натижаларни қайд этганмиз. Ҳозиргача Андижон футболида олиб борган ишларимни ўзгача соғинч билан эсга оламан. Яна шуни алоҳида эътироф қилишим керакки, маҳаллий спорт ёки шаҳар партияси раҳбарларидан бири ишимга аралашмаган. Мураббий учун бу жуда муҳим жиҳат ҳисобланади. Бу ерга иккинчи бор қайтишимга тўхталсам, қайтишим 2011 йили юз берган. Бу пайтга келиб Ўзбекистонда ўз чемпионати давом этарди. Шаҳардаги ҳолат ҳам яхши томонга ўзгарган бўлиб, чиройли ва катта кўчалар, бинолар, боғлар, кинотеатрлар қад ростлаганди. Ҳар томонлама Андижон шаҳри инфратузилмаси яхшиланиб борганига гувоҳ бўлганман. Мени ҳаммасидан кўра, жамоанинг янги стадиони ўзига жалб этган. Чиройли тарзда қурилган иншоот. Муҳими ишқибозлар учун ҳам қулай. Тўғри, эски “Спартак” стадионига ҳам кўп бор қайтганман. Қайтган чоғларимда Иттифоқ давридаги жамоалар билан майдонда олиб борган курашларимизни эсга олардим.
- Нима сабабдан Андижонга иккинчи бор қайтганингизда клубнинг натижалари раҳбарлар ва мухлислар кутган даражада бўлмаган?
- Биринчидан, ўзбек футболини яхши билмасдим. Чунки собиқ Иттифоқ давридан сўнг, футболнинг қандай йўналишда кетганидан хабардор эмасдим. Тўғри, футбол шаклланиб борган, кўплаб мураббийлар замонавий методлар асосида иш олиб борардилар. Янги схемалар ва ўйин олиб бориш тактикалари бир мунча ўзгарганди. Ўзбекистондаги мураббийларни тайёрлаш маркази раҳбари Рустам Акрамович Акрамовнинг бунда қўли борлиги шундоқ сезилиб турарди. Бир сўз билан айтганда, янги ҳолатга унчалик тайёр эмасдим. Иккинчидан, селекция ишлари паст даражада йўлга қўйилганди. Жамоада украиналик икки нафар легионер бор эди холос. Уларни қолдиришган. Яна бирини ўзим олиб келганман. У беларуслик дарвозабон эди. Яхши посбон жамоанинг тенг ярми деган ақидага таяниб Александр Петуховни танлагандим, аммо у ишончимни оқлай олмаган. Бир қарашда беларуслик бу дарвозабон ёмон кўринмасди. Бироқ Бухоро шаҳридаги ўйиндан сўнг, жамоамиз ишқибозларининг оғир босими остида қолган. Петухов руҳий томондан синганди. Бир қанча ўйинларда украиналик йигитлар майдонга тушишган. Улар ҳеч кимни ва шу жумладан мени ҳам ҳайратга сола олишмаган. Шунда уларни майдонга туширмаслик ҳақида қарор қабул қилинганди. Шу боис фақат маҳаллий футболчилар билан ўйнашни бошлаганмиз. Аммо бу жиддий натижаларга эришиш учун камлик қиларди. Учинчидан, клуб раҳбари бир ўзи ҳаммани бошқара олиши мумкин деб ўйларди. Владимир Шишелов шартнома асосида жамоага таклиф қилинган. Шартнома менинг иштирокимда тўлдирилган. Унда шундай қўшимча банд бўлиб, Шишеловнинг мавсум ўртасида фақат Россия чемпионатига кўчиб ўтиши мумкинлиги илова қилиб ўтилганди. Владимирни Андижонга ўзим олиб келганман. Шу боис унга шундай вариант тақдим қилинганди. Бу пайтга келиб Шишелов 9 та ўйинда 8 та гол ургач, чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланиб олганди. Кутилмаганда у нарсаларини йиғиштириб “Насаф”га йўл олган. Андижонлик собиқ мураббийлар унга ўшанда таъсир ўтказишганди. Шундай қилиб биз кучли ҳужумчидан маҳрум бўлганмиз. У олдингидан фарқли равишда ўйнамай қўйгани мени қониқтирмаган. Натижада ўртамизда жиддий суҳбат кечган. Бошқарувимдаги ўйин эса шунчаки “топширилганди”. Энг қизиғи, рақибимиз бизга олтита гол урган. Афтидан, раҳбарият менинг истеъфом борасида иккиланмаслик учун шундай йўл тутилган бўлса керак. Жамоанинг яхши ўйин намойиш этаётган ҳолда ташлаб кетиш жуда ачинарли бўлган. Ўрнимга Азамат Абдураимовни таклиф қилишган. Бир неча кундан сўнг, “Андижон” йирик ҳисобида зафар қучганди. У матбуот анжуманига ўзига яхши мерос қолгани ҳақида алоҳида гапириб ўтган. Ўшанда мен “Шарқ нозик масала” эканлигини яна бир бор тушуниб етганман. Албатта, футбол ортидаги ишлар ҳақида гапириш ноқулай бўларди, лекин шундай ҳолатлар ҳам учраб тураркан.
- Александр Николаевич, бугунги ўзбек футболини кузатиб келяпсизми? Агар яна “Андижон”га чақиришса келасизми?
- Суҳбатимиз аввалида ёшим юқори даражада ишлашга имконият бермай қолгани ҳақида бежиз тўхталганим йўқ. Агар шундай таклиф бўлса, бунинг учун миннатдорчилик билдирган, бироқ уни рад этган бўлардим. Қолаверса, Ўзбекистонда аъло даражадаги мутахассислар етарлича топилади. Андижон футболи эса бир умр қалбимда қолади.
- Ўзбек футболи вакиллари ҳисобланадиган Остон Ўрунов ва Элдор Шомуродов ҳақида сўрамоқчиман. Уларнинг тўп сураётган клублардаги ўз имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Мени кечирасиз, бу борада аниқ бир нарса дейишим қийин. Аммо Остон Ўруновдан фарқли равишда Элдор Шомуродов Италия А сериясида ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Акс ҳолда унга “Ювентус”дек гранд клуб қизиқиш билдирмаган бўларди. Умид қиламизки, Шомуродов бир кун “Ювентус”да пайдо бўлади. Остон эса амирликлардаги йиғинларда ўзини кўрсатиши керак. Мен унинг иқтидорли футболчи эканига шубҳаланмайман. Ўзбекистонлик ўйинчилар орасида менга ҳаммасидан кўра Одил Аҳмедов кўпроқ ёқади. Собиқ Иттифоқ даврига қайтсам, зўр ўйинчилар кўп бўлган. Мен Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Марат Кабаев, Юрий Пшеничников, Геннадий Денисов, Владимир Фёдоров, Михаил Ан, Мустафо Билолов ва Миржалол Қосимовни алоҳида санаб кўрсатган бўлардим. Шунингдек, бу рўйхатга Андрей Якубикни ҳам қўшиб қўйиш керак. Уни “Пахтакор”га Иштван Секеч таклиф қилганди.
Фикрлар