Темурхўжа Абдухолиқов: Чемпионлар Лигасига жамоалар тасодифан чиқиб қолишмайди
Бугун қитъамиздаги клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақа саналадиган Осиё Чемпионлар Лигаси 2017 мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижаларига кўра, мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” клуби мусобақаданинг “А” гуруҳидан ўрин олди ва "Ал Аҳли" (БАА), "Ал Тавун" (С. Арабистони) ҳамда Плей-офф 3 ғолибига қарши баҳс олиб бориши ойдинлашди.
“Темирйўлчилар” жамоаси аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов клуб матбуот хизматига қуръа борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Қуръа жараёнини кузатиб бордим. Ўйлашимча, бизга оддий рақиблар рўпара бўлмади. Зеро бундай нуфузли турнирга жамоалар тасодифан чиқиб қолишмайди.
Лекин гуруҳдан чиқиш учун барчада бирдек имконият бор. Агар биз энг яхши ўйинимизни намойиш эта олсак, гуруҳдан албатта чиқа оламиз.
Ортда қолган мавсумда жамоамиз чорак финалга қадар етиб борди. Лекин ҳеч бир ўйин осон ўтмади. Шу боисдан ҳозирданоқ айтиш мумкинки, келаси йили ҳам ҳар бир ўйин жуда жиддий тайёргарлик талаб этади.
Жамоамиз олдига катта мақсадлар қўйилади.
Бу сафар ўтган галгидан кўра узоқроққа боришни кўзлаяпмиз. Зеро натижалар яхшилансагина жамоада ўсиш бўлади, - дейди тажрибали ҳужумчи.
Фикрлар