Тер Штеген "Барса"дан қанча маош талаб қилаётганини биласизми?
«Барселона» клуби дарвозабони Марк-Андре тер Штеген янги шартномага асосан солиқ тўловлари чиқариб ташланганидан кейин йилига 18 миллион евро миқдорида маош олмоқчи.
«Marca» нашри тарқатган хабарларга қараганда, каталон суперклуби германиялик посбонни таркибда сақлаб қолишни истамоқда, бироқ у сўраётган пулни тўлашга тайёр эмас. Шу муносабат билан «Блауграналар» бошқа дарвозабон қидиришни бошлаб юборган.
Айни пайтда тер Штегеннинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ижрочилардан бири - бу «Барса» тарбияланувчиси, ҳозирда «Аякс» шарафини ҳимоя қилаётган Андре Онанадир.
Шунингдек, «Барселона»нинг яна бир дарвозабони Нетонинг ҳам келажаги сўроқ остида қолмоқда. Каталонияликлар агар 20 миллион евро атрофидаги таклиф олсалар, Нетони сотишга тайёрлар.
Эслатиб ўтамиз, тер Штеген «Барселона»га 2014 йилнинг ёзида мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клубидан кўчиб ўтган. Ўшанда унинг трансфер қиймати 12 миллион еврони ташкил этганди. Жорий мавсум германиялик посбон Ла Лига доирасида 26 учрашувда иштирок этди ва ўз дарвозасидан 29 та гол ўтказиб юборди. Унинг «Барса» билан имзолаган амалдаги шартномаси 2022 йил ёзида ниҳоясига етади.
Фикрлар