Терма жамоа аъзоларини коронавирусга қарши эмлаш масаласи муҳокама қилинди

Бугун ZOOM платформаси орқали терма жамоамиз вакилларини, хусусан, "Токио-2020" Олимпия ўйинларида иштирок этадиган ҳамюртларимизни коронавирусга қарши эмлаш борасида онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Тадбирни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов олиб борди. Унда, шунингдек, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар мутасаддилари, МОҚ қошидаги РСТИАМ вакиллари иштирок этишди. Кун тартибидаги асосий масала спортчиларимизни коронавирусга қарши эмлаш бўйича барчанинг фикрини ўрганиш бўлди.

Даставвал, коронавируснинг навбатдаги тўлқини даврида беморларда учраётган ҳолатлар бўйича МОҚ қошидаги РСТИАМ директорининг ўринбосари Миралишер Исламов маълумот берди. Шундан сўнг кун тартиби бўйича мутахассислар фикри ўрганилди. Бу борада Шерзод Ташматов спортчиларимизни эмлаш фикрини маъқуллади.

“Олимпия ўйинларига тайёрланаётган баъзи спорт турларда биттагина лицензион мусобақа қолган. Унга спортчиларимиз билан бирга анча вақтдан бери тайёрланяпмиз. Худо сақласин, лицензион мусобақадан аввал атлетларимиздан бирида мусбат таҳлил чиқиб қолса, ҳамма ишимиз чиппакка чиқади. Шу боис вакцинация қилиш тарафдориман”, – деди МОҚ раиси ўринбосари.

Таъкидлаш жоиз, бадиий гимнастика бўйича терма жамоамиз вакиллари февраль ойида Россияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган пайтда “Спутник V” вакцинаси билан синов тариқасида эмланишган. Йиғилишда Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси вазифасини бажарувчи Руслан Мустаев бу борада фикрлари билан ўртоқлашди:

“Спутник V” вакцинаси икки компонентда қабул қилинади. Гимнастикачиларимиз уни қабул қилишгач, бир неча кун тана ҳароратларида ўзгариш кузатилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу нормал ҳолат. 4-5 кундан кейин қизларимиз одатий ҳолатларига қайтишди ва машғулотларни давом эттиришди. Ундан сўнг жамоамиз Москванинг ўзида бир қатор йирик мусобақаларда иштирок этишди ва айтишим мумкинки, вакцина уларда ҳеч қандай салбий натижа кўрсатмади. Тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда биз вакцинация тарафдоримиз”.

Халқаро Олимпия қўмитаси Олимпиада учун айнан қатъий белгиланган вакциналар бўйича талаб қўймаган. Бу борада фойдаланиладиган вакцинанинг халқаро сертификатга эга бўлиши, спортчининг ҳукумати томонидан расман қабул қилинган бўлиши лозим.

Йиғилиш давомида Рустам Шоабдураҳмонов ҳам ўз хулосасини айтиб ўтди.

“Жуда мураккаб вазиятдамиз. Бу касаллик ўзидан сўнг нафас олиш соҳасида аломатларини қолдириб кетади. Бу эса спортчиларимиз учун жуда ёмон. Агар лицензиатларимиз касалланиб қолса, Олимпиадагача уларнинг тикланиши қийин бўлиб қолади. Эмлаш мажбурий эмас, лекин қилаётган ишларимизни қадрлайлик. Мусобақа ёки йиғинлардан сўнг спортчиларимиз ўз базаларида қолишсин. Уларни имкон борича ташқи алоқадан сақлайлик. 1 апрелгача барчангиз мураббийлар штаби ва спортчилар билан маслаҳатлашиб, бу борада якуний хулосаларингизни тақдим қилишингизни сўраб қоламиз”, – деди МОҚ раиси.

Якунда барча федерацияларга машғулотлар давомида карантин талабларига қатъий риоя қилиш, РСТИАМ шифокорларига федерация базаларидаги вазиятни мунтазам ўрганиб бориш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, федерациялар мутасаддиларига "Тошкент-2025" ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиш бўйича ўз йўналишларининг имконияти, унда иштирок эта оладиган спортчиларнинг потенциали бўйича маълумот бериш, йирик мусобақаларга жўнаб кетаётган терма жамоаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мотивацион роликлар тайёрлаш сўралди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!