
Терма жамоамиз Канада тўсиғидан ўтгач, Ислом Исмоилов нималарни айтди?
Испаниядаги халқаро турнирда қатнашаётган Ўзбекистон U17 терма жамоамиз дастлабки турда Англияна 3:1 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Бугун иккинчи учрашувини Канада терма жамоасига қарши ўтказди. Унда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Мусобақа регламентига кўра, ғолибни аниқлаш учун пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. 6:5 ҳисобида вакилларимизнинг қўли баланд келди.
Учрашувдан сўнг Ўзбекистон U17 терма жамоамиз устози Ислом Исмоилов Sports.uz сайтига ўйин ҳақида интервью берди.
- Канадага термасига қарши баҳс 2:2 натижаси билан якун топди. Пенальтилар сериясида ютдик. Бу ҳисоб учрашувга мос бўлди, деб ўйлайсизми?
- Ҳисоб ўйинга тўлиқ мос келди, деб айта олмайман. Сабаби, ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Лекин учрашув бошида диққатсизлик оқибатида йўл қўйилган хатолар қимматга тушди. Шунга қарамасдан футболчилар ирода кўрсатиб ўйинни ўзгартира олишди.
- Умуман, ўйин сиз кутгандек кечдими? Қандай таассурот қолдирди?
- Албатта, ўйиндан олдин ҳам жуда муросасиз кечишини кутгандик. Шундай ҳам бўлди. Футболчиларнинг ҳар бири бор кучини сарфлади, яхши рақибга қарши ўйинда қайси жиҳатларда яхшиланиш кераклигини ҳам кўриб олдик. Умуман олганда, менда ижобий таассурот қолдирди.
- Илк баҳсда Англияга қарши ўйнадик ва ютқаздик. Дастлабки учрашув билан солиштирганда қандай фарқли томонларини кўрдингиз?
- Англия билан ўйинга нисбатан футболчиларимиз жамоавий ўйинда ва интизомда сезиларли даражада ўсиш кўрсатди. Иккинчи баҳсда ирода ҳам, ҳаракатлар ҳам анча яхшироқ бўлди. Бу жамоамиз босқичма-босқич тўғри йўланишда ривожланаётганини англатади.
- Футболчилар сиз хоҳлаётган футболни айнан кучли рақибларга қарши ўйинларда намойиш қила олишяптими?
- Албатта, бу жараён босқичма-босқич кечади. Кучли рақибларга қарши ўйинларда ҳам ўз услубимиздан воз кечмай, ҳужумкор футбол кўрсатишга интиляпмиз. Йигитлар ўйиндан-ўйинга ўсишяпти, айниқса, ментал жиҳатдан. Шу боис, келгусида кучли рақибларга қарши ҳам ўзимиз истаган футболни тўлиқ намойиш қила олишимизга ишонаман.
Фикрлар