Тез орада эълон қилиниши мумкин бўлган трансферлар!
Трансфер бозорида айни пайтга келиб кўп харидлар амалга ошди. Жамоалар эса тўхташ нияти йўқ. Улар таркибни кучайтиришда давом этади. Айниқса, Саудия клублари катта трансферларни амалга оширишдан чарчамаяпти. Яқиндагина Маҳрез, Хендерсон каби футболчилар АПЛни тарк этди. Энди навбат Сен-Максимен, Фабиньо каби футболчиларга келди. Шунингдек, бир пайтлар Премьер-лигада "гуллаган" Мане ҳам Саудия чемпионатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Биз эса сизга ушбу харидларни батафсилроқ ёритиб беришга ҳаракат қиламиз.
Аллан Сен-Максимен - "Ньюкасл".
"Ньюкасл"дан АПЛнинг топ клубига ўтиши кутилган Сен-Максимен бошқача қарор қабул қилди. Унда Чемпионлар лигасида ўйнаш имконияти ҳам бор эди. Аммо футболчи Саудия Арабистонида тўп тепишни маъқул кўрди. Бундан 4 йил олдин "Ньюкасл" вингерни "Ницца"дан 18 миллион евро эвазига сотиб олганди. Клуб ўша пайтлар Чемпионшипга тушиб кетмаслик учун курашар эди ва бу курашда Максименнинг ҳизматлари катта бўлди. Унинг жароҳат олиши ва озгина тўпни қизғониши энг катта камчиликларидан бири, деб қаралади. Футболчи кам гол уради, кам ассист амалга оширади. Аммо майдонда энг кўп меҳнат қиладиганлардан эди. Аллан "Ал-Аҳли" билан 3 йиллик шартнома борасида келишиб олган. Унинг трансферидан клуби 30 миллион евро ишлаб олади. Бошида футболчининг янги жамоага ўтиши амалга ошмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар беришди. Бироқ ҳозир ҳаммаси жойида. 26 ёшли фарнцуз тез орада "Ал-Аҳли" аъзоси сифатида таништирилади. "Ньюкасл" эса Сен-Максименнинг ўрнига "Лестер"дан Харви Барнсни 44 миллион еврога сотиб олди.
Фабиньо - "Ал-Иттиҳод".
Мазкур трансфер ҳам амалга ошмаслиги мумкин эди. "Ал-Иттиҳод" 40 миллион фунтлик таклиф билан чиқди, футболчи билан 3 йиллик битим борасида келишиб олди. Тез орада расмий хабар чиқиши кутилаётган бир пайтда Англиянинг бир қатор нашрлари бразилиялик Саудия чемпионатига ўта олмаслиги ҳақида миш-миш тарқатди. Бунга сабаб қилиб унинг итлари кўрсатилди. Ушбу мамлакатда унинг итларини боқиш тақиқланган. Аммо асл сабаб бошқа эди. "Тhe Athletic" нашри журналистлари тўлов шартларида муаммо бўлганини айтди. Бу хавфни бартараф қилиш учун "Ал-Иттиҳод" президенти Англияга етиб келди ва ҳаммасини ҳал қилди. Фабиньо "Ал-Иттиҳод" учун тиббий кўрикдан ўтиб ҳам бўлди. "Ливерпуль" унинг ўрнига "Саутгемптон" вакили Ромео Лавиани сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. "Қизиллар"нинг иккита таклифи рад қилинди, лекин улар нархни кўтаришга тайёр.
Садио Мане - "Ан-Наср".
Ўтган мавсум "Ливерпуль"дан "Бавария"га ўтган Мане бу ёзда яна жамоасини ўзгартирмоқда. Бу сафар у Роналду билан бир таркибда ўйнаш имкониятга эга бўлмоқда. Садионинг Германияга ташрифи омадсиз бўлди. Ундан клуб кўпроқ нарса кутганди. Аммо мавсум охирида бўлган воқеалар ҳужумчини кетишини тезлаштириб юборди. Дастлаб, Мане Европада қолишни режа қилганди. Аммо таклифлар келмагач, Саудияни танлашга қарор қилди. "Бавария" ва "Ан-Наср" ўртасида музокаралар ўз ниҳоясига етиш арафасида. Немислар 37 миллион евролик таклифни қабул қилган. Футболчи ва риёдликлар ўртасидаги битим очиқланмаган. Сабаби, Мане журналистлардан анча жаҳли чиққан ва маълумотларни сир сақлашни истамоқда. Аммо шуниси аниқки, бу трансфер ҳам тез орада расман эълон қилинади.
Фикрлар