Боксчиларимиз Осиё чемпионатини "ёндирмоқчи"
Бир неча кундан сўнг, Тошкент шаҳрида кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Янада аниқроқ қилиб айтсак, 3 май куни Олимпия шаҳарчаси “Яккакурашлар” аренасида қитъа биринчилиги бошланади.
Мазкур чемпионатга қизларимиз ҳам қизғин ҳозирлик кўришди ва улардан ҳам умидимиз катта.
Ўзбекистон бокс федерацияси ушбу чемпионат аввалида ўсмир ва ёш қизлар терма жамоамиз Бош мураббийи Тимур Ахбаев билан қисқача суҳбат уюштирди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга тўлиқ ҳавола этамиз.
- Тимур ака чемпионатга ҳам қисқа муддат қолди. Шогирдларингиз мусобақани “ёндириш”га тайёрми?
- Албатта, тайёргарлик жуда яхши бўлди. Осиё чемпионати оддий мусобақа эмас, барча бу чемпионатга жиддий ҳозирлик кўрган бўлади. Аммо биз мезбонмиз ва қитъада ўз ўрнимизга эгамиз. Шундай экан, шогирдларимиздан албатта юқори натижа кутяпман. Қолаверса, уларга ишонаман!
- Назаримда бу чемпионатда қизларимиз учун жиддий рақобатчи терма жамолар маълум...?
- Ҳа, Қозоғистон ва Ҳиндистон терма жамоаси асосий рақобатчиларимиз ҳисобланади. Айнан Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қозоғистон бу чемпионатда тўлиқ таркиб билан иштирок этмоқда.
- Балки сюрприз тақдим этувчи жамоалар ҳам бордир? Демоқчиман-ки, яна қайси терма жамоалардан хавф кутиш мумкин?
- Хитой Тайпейи ва Қирғизистон. Уларда ҳам умидли ва маҳоратли қизлар бор.
- Умуман қизлар Осиё чемпионатида нечта вазн тоифасида баҳс юритишади?
-Ўсмирлар 13 та кичик ўсмирлар 15 та вазн тоифасида иштирок этишади.
- Аввалги Осиё чемпионатларидаги энг яхши натижаларимизни ҳам эслаб ўтсангиз?
- 2021 йил ёш қизларимиз Дубайда 5 та олтин медалга эга чиқишган. 2024 йилда ўсмирларимиз 7 та олтин медаль билан яққол етакчи бўлишганди. Умуман ҳар бир мусобақада фақат юқори ўринлар учун ҳаракат қиламиз.
- Чемпионатда иштирок этувчи таркибда ҳозирги кундаги аёллар боксимиздаги етакчиларга услуб жиҳатидан ўхшайдиганлари борми?
- Навбаҳор, Нигинага ўхшайдигани йўқ. Фарангиз Усвалиевани кўпроқ Ситора Турдибековага ўхшатаман.
- Балки Феруза Казакова, Нигина Ўктамова каби агрессив, раунддан раундга қўша оладиган, жангдан қайтмайдиган ҳарактерли қизлар бордир?
- Албатта, услуб деганингизга мен кўпроқ тактик ва техник жиҳатларига эътибор қаратибман. Албатта кўп бундай истеъдодларимиз. Улардан бири Рухшонабону Исаева деган бўлардим. У Осиё чемпиони ва Осиё ўйинларида ғалаба қозона олган.
- Чемпионатда қайси вазн тоифаларида рақобат жиддий бўлади, деган фикрдасиз?
- 46 кг, -50 кг, -54 кг, -66 кг, -80 кг.
- Чемпионатга ташриф буюрувчи иштирокчилар орасида энг машҳури ким деб ўйлайсиз?
- Менимчача қозоғистонлик Аяулим Аспанова бўлса керак. У ҳам Рухшонабону каби қитъада анчагина ютуқларни қўлга киритган.
- Сизга ва сизнинг бошчилигингиздаги қизларимизга омад тилаб қоламиз!
- Раҳмат, шу ўринда барча-барчани мусобақани томоша қилишга таклиф қилиб қолган бўлардим. Албатта, сизларни чиройли ютуқларимиз билан хурсанд қиламиз.

Фикрлар