Тўпурар легионеримизнинг номи футбол тарихида қолади!
“Энергетик-БГУ”да жуда муваффақиятли ўйнаётган Бобур Абдухолиқов Беларусь олий лигасида урган голлари сонини 25 та етказиб олди. Бу кўрсаткич бўйича легионеримиз Беларусь чемпионатида бир мавсумда энг кўп гол урган хорижлик футболчилар орасида пешқадамлик қилаётган Сергей Давидовга етиб олди. Россиялик футболчи 2001 йили “Нёман” жамоаси сафида 25 та гол урганди.
Бобур Абдухолиқовда ўз номини тарихга ёздириб қўйиш имконияти бор. Бунинг учун ҳужумчимиз чемпионатнинг қолган иккита учрашувида ҳеч бўлмаса битта тўп киритиши талаб этилади.
Бобур Абдухолиқов https://by.tribuna.com сайтига берган интервьюсида рекорд ўрнатиш нияти борлигини тан олди.
- Яқинда БАТЭга 0:2 ҳисобида ютқазиб, очко йўқотгандик. Совринли ўринлар учун курашни давом эттириш учун ундан кейинги баҳсда йўқотилган очколарнинг ўрнини тўлдиришимиз шарт эди. “Динамо-Минск” билан бўлган ўйинда мураббийлар штаби топшириғини юз фоизга бажаришганимиздан мамнунмиз. Катта иштиёқ туфайли ғалаба қозондик.
- Майдонда энг қийини нима бўлди?
- Бакичнинг 20-дақиқадаги голидан кейин “Динамо”нинг босимига дош бериш қийин бўлди. Улар ишлари ўнгидан келаётганини сезиб, ҳужумга зўр беришди, ҳимоямиздагиларга анча оғир келди. Голдан кейин танаффусгача жуда қийин бўлди. Танаффус бизга жуда қўл келди. Мураббийлар тегишли кўрсатмаларни берди.
- Бу ғалаба БАТЭдан учралган мағлубият ўрнини қопладими?
- Балки. Лекин биз ўша учрашувда ҳам ёмон ўйнамагандик. Аксинча, жуда яхши ҳаракат қилдик, голга тортадиган кўп вазият ярата олдик. Улардан унумли фойдалана олмаганимиз панд берди. Бу гал ҳаммаси ўхшади.
- Ҳозир ҳисобингизда 25 та гол бор. Бу қандай натижа эканидан хабарингиз борми?
- Ҳа. Беларусь чемпионатлари тарихида фақат биргина легионерда шунча гол бўлган. Ўқиганим учун билардим. Адашмасам, унинг фамилияси Давидов эди. Ўшанда “Нёман” ўйинчиси бўлган. Мен унинг натижасини такрорладим. Мен учун бу қўшимча мотивация эди. Энди ундан ўзиб кетиш учун имконият бор. Чемпионат тугагунича олдинда иккита учрашув турибди.
Шахсий статистика бўйича қандай режа қўйилган?
- Ҳар бир учрашув самарали бўлишини истайман. Бироқ энг аввало, жамоанинг натижаси муҳим. Шахсий кўрсаткичлар кейинги ўринда туради. Агар улар бу галгидек умумий ғалабага ҳисса қўшса, энг зўри шу. Лекин бугунги гол Лаврикнинг паси бўлмаганда йўқ эди. Турич пенальтини ишламаганда мен гол уролмас эдим. Шундай экан шахсий кўрсаткичларим ҳам аслида жамоавий.
- Навбатдаги учрашув сафарда “Гомель”га қарши бўлади. Нималар кутяпсиз?
- Бу жуда кучли рақиб. Ёзда уларга қарши уйда ўйнаганмиз ва ютолмаганмиз. Қолаверса, бу гал уч ҳимоячимиздан иккитаси ёрдам беролмайди. Абдуқодир майдондан ҳайдалди, Лаврикнинг сариқ карточкалари тўпланиб қолган.
Мураббийлар штаби нималардир ўйлаб топади. Балки жамоа сардори Свирепа марказий ҳимояга қайтарилар.
- Медаль ютиш учун нима қилиш керак?
- Иккита қолган учрашувда зафар қучиш керак.
“Энергетик-БГУ” чемпионат якунланишига икки тур қолганида 57 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. “Талабалар” мусобақа жадвалида пешқадамлик қилаётган амалдаги чемпион – “Шахтёр-Солигорск”дан икки очкога ортда қоляпти.
Бобур Абдухолиқов жамоаси чемпионат якунигача “Гомель” ва яна бир бор “Динамо-Минск” футболчилари билан куч синашади.
Шомуродовнинг устози йилнинг энг зўр мураббийи бўлишга даъвогар!
"Барселона" юлдузи Римга келяпти. Бунақада Шомуродовга умуман “нон” қолмайди!
Фикрлар