Sports.uz ахборот портали юртимизда тўп сурган хорижлик чарм тўп усталари ҳақида маълуот беришни давом эттиради. Бугун юртимизда фаолият олиб борган Осиё қитъасининг моҳир футболчилари фаолиятига назар соламиз.

Ўзбекистон чемпионатларида Австралиядан 4 нафар, Ироқдан 1 нафар, Япониядан 3, Қирғизистондан 6, Малайзиядан 1, Жанубий Кореядан 3, Тожикистондан 13 ва Туркманистондан 18 нафар футболчи ўйнаган. Жорий мавсумдан эътиборан, Тожикистондан яна 2 та ва Туркманистондан 4 та футболчи Суперлигада пайдо бўлди.

Кўриб турганингиздек, диёримизга келган осиёлик футболчилар орасида Туркманистон футболчилари энг фаоли ҳисобланишади ва бу борада тожикистонликлар ҳам яхши кўрсаткичга эга.

Туркманистонлик Артём Никитенко ("Олмалиқ"), Каха Гоголадзе ("Насаф"), Амир Гурбани (Бухоро"), Максим Казанков ("Локомотив"), Максим Белих ("Навбаҳор") ва Константин Сосенко ("Пахтакор") клубларимиз шарафини ҳимоя қилишган.

Ушбу мамлакат тарихидаги энг яхши футболчилардан бири Гочкули Гочкулиев 2002-2005 йилларда "Пахтакор"нинг муҳим футболчиларидан бири бўлган. 2007-2010 йиллари эса "Бунёдкор" жамоаси аъзоси сифатида майдонга тушган.

2005-2009 йиллари Дидар Ҳожиев "Навбаҳор" клубида муваффақиятли фаолият олиб борган ва 2010 йили "Насаф" учун тўп тепган. 2006 йили Даянқилич Ўрозов "Нефтчи" ва "Сўғдиёна" клубларида фаолият олиб борганидан сўнг, Арманистон ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнаган ва 2008 йилни яна "Сўғдиёна" сафида ўтказган.

2007-2008 йиллари "Динамо Самарқанд", 2009, 2010-2011 йиллари "Олмалиқ" жамоасида ўйнаган Мурот Ҳамроевни унутмаган мухлислар етарлича топилса керак.

Ўзбекистондаги фаолияти узоққа бормаган туркманистонлик футболчилар қаторига Назар Чолиев ("Олмалиқ, 2008), Бахтиёр Хўжааҳмедов ("Бухоро", 2010), Павел Харчик (2011 йили "Қизилқум", 2012 йили "Олмалиқ"), Мақсатмурот Шомуродов ("Олмалиқ", 2013-2014), Алик Ҳайдаров ("Машъал", 2011-2013) ва Элман Тагаевни (2016 йили "Андижон", 2019 йили "Навбаҳор") киритишимиз мумкин.

Гочкулиевдан ташқари, юртимизда порлаган туркманистонлик яна бир футболчи Артур Геворкяндир.

2006-2009 йиллари "Шўртан", 2010 йили "Пахтакор", 2011-2016 йиллари "Насаф", 2016 йили "Локомотив" ва 2017-2018 йили "Қизилқум" шарафини ҳимоя қилган Геворкян ўзининг энг яхши даврларини Қаршининг "Насаф" жамоасида ўтказган ва 2011 йили клуб билан биргаликда ОФК Кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Жорий мавсумни АГМКда ўтказаётган Арсланмурот Амонов Ўзбекистондаги фаолиятини айнан олмалиқликлар сафида 2015 йили бошлаган ва 2016 йилги мавсум якунига қадар ушбу жамоа аъзоси бўлган. 2018 йили "Бухоро" ва 2019 йили "Локомотив" сафида тўп тепган. 2019 йилги Осиё чемпионатида терма жамоа таркибида майдонга тушиб, қитъанинг энг кучли жамоаларидан бири – Япония дарвозасига узоқ масофадан чиройли гол уришни уддасидан чиққан эди.

2020 йилги мавсумдан бошлаб, "Бунёдкор" ва "Машъал"да биттадан, "Қизилқум"да эса икки нафар туркманистонлик футболчи майдонга тушиш эҳтимоли катта.

Тожикистонлик футболчилар ҳақида гап кетганида, албатта мухлислар биринчи ўринда Акмал Холматовни эслашади. Холматов ўзининг юлдузли онларини "Нефтчи" жамоасида ўтказган. 1998-2008 ва 2014-2016 йиллари фарғоналиклар учун майдонга тушган ярим ҳимоячи 2008-2010 йиллари "Пахтакор", 2012-2014 йиллари "Локомотив", 2017 "Шўртан" ва "Андижон" жамоаларида ҳам тўп суришга улгурган. Холматов ҳақида жуда кўп нарса ёзиш мумкин, бу учун алоҳида материал тайёрласа ҳам бўлади.

Собиқ Иттифоқ даврида "Нурафшон" жамоасида ўйнаган Валерий Горбач ўша кезлардаёқ, "Нурафшон Бухоро" жамоасига ўтган ва 1991 йили мустақил Ўзбекистон чемпионатида иштирок этишга улгуриб қолган. Горбач юртимизда ўйнаган дастлабки легионерлардан бири бўлиб тарихга кирган.

1996-1998 ва 2000-2002 йиллари "Андижон" сафида тожикистонлик Тоҳиржон Мўминов тўп сурган бўлса, 1998-1999 йиллари "Сўғдиёна", 2000-2002, 2003-2004 йиллари "Динамо Самарқанд" жамоасида Шуҳрат Жабборов ўйнаган.

1996 ҳамда 1999 йилда "Янгиер", 1997-1999 йилларда "Насаф", 2000 йилда "Гулистон", 2002 йилда "Машъал", 2008-2009 йилларда "Металлург" таркибида Алишер Тўйчиев майдонга тушган.

Ҳозирда "Бухоро" клубига устозлик қилаётган Муҳсин Муҳаммадиев 1999 йили шу жамоанинг футболчиси сифатида чемпионатимизда иштирок этган ва 2000-2001 йиллари "Динамо Самарқанд" шарафини ҳимоя қилишга ҳам улгурган.

2010 йилларда чемпионатимизда узоқ муддат ўйнайдиган тожикистонлик футболчилар топилмади.

2011-2012 йиллари "Қизилқум"да Александр Фрэнк, 2012 йили "Андижон"да Фарҳод Тоҳиров, 2017 йили "Машъал"да Умиджон Шарипов, 2018 йили "Насаф"да Жаҳонгир Алиев ва "Металлург"да Зоир Жўрабоев, 2019 йили "Бухоро"да Фатҳулло Фатҳуллоев ва "Навбаҳор"да Амирбек Жўрабоев фаолият олиб борди.

Жорий мавсум "Бунёдкор"да Даврон Эргашев ва "Андижон"да Ойбек Абдуғофуров пайдо бўлди.

Қирғизистонлик футболчилар орасида Карим Исроилов мамлакатимизда энг узоқ фаолият олиб борган футболчи ҳисобланади. У 2010 йили "Машъал", 2011 йили "Бунёдкор" ва "Динамо Самарқанд", 2012 йили яна "Машъал" жамоасида ўйнаган. Исроиловдан ташқари, 2011-2012 йиллари "Бунёдкор"да Эмил Кенжесариев, 2017 йили АГМКда Фарҳод Мусабеков, 2018 йили АГМКда Павель Матяш, 2019 йили "Андижон"да Аҳлиддин Исроилов ва "Сўғдиёна"да Шерзод Шакиров фаолият олиб борган.

Юртимизга Малайзиядан футболчи келганини кўпчилик билмаса ҳам керак. Диего юқори лигада ўйнамаган бўлсада, қуйи лига вакиллари "Чимчиқкўл" ва "Сергели"да бир мавсумдан тўп тепган.

2011 йили "Андижон" жамоаси шарафини ироқлик Ҳайдар Абдулраззоқ ҳимоя қилганини эслай оласизми?

2012 йили "Пахтакор" ўз таркибини япониялик Наоя Шибамура билан тўлдирган, аммо бу футболчидан жамоанинг кўнгли тўлмаган ва иккинчи даврада "Бухоро" жамоасига қўйиб юборган. Шибамура 2013 йилнинг охирига қадар бухороликлар шарафини ҳимоя қилганди.

2014-2016 йиллари "Бунёдкор"да Минори Сато тўп тепди ва унинг фаолияти мухлисларга манзур келганди. 2017 йили "Машъал"да ўйнаган Томоки Мурамацу кўп ўтмай, юртимизни тарк этган.

2016 йили "Навбаҳор" клубида Жанубий Корея фуқароси тўп тепган. Чой Хюн Еон жамоада кўп ҳам майдонга тушмади ва шу йилнинг ўзида Наманган клубини тарк этди. 2018 йили эса иккита кореялик футболчи мамлакатимизда бўлди. "Локомитив"да Чо Сеок Жу ўйнаган бўлса, "Сўғдиёна"да Ким Донг Хи тўп сурган.

Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига гол урган, Австралия терма жамоасида тўп тепган, АПЛ ҳавосини кўрган Дэвид Кэрни 2012 йили катта умидлар билан "Бунёдкор" жамоасига олиб келинган, аммо австралиялик футболчи "қалдирғочлар"нинг асосий таркибига ҳам кира олмаган. Шундан сўнг, 2014 йили АГМК клуби ҳам Австралиядан футболчи олиб келган. Бироқ, Питер Франьич ҳам заҳирада қолиб кетиб, мавсум якунидан сўнг, жамоадан кетган.

2017-2018 йиллари Ростин Гриффитс "Пахтакор"нинг ҳимоя қўрғони вазифасини бажаришга уринган, аммо тошкентликлардаги фаолияти давомида бор-йўғи 16 та учрашувда майдонга туширилган холос!

Ўтган мавсум "Қизилқум" шарафини ҳимоя қилган Стивен Лустица янги мавсумни "Уэстерн Юнайтед" клубида бошлади. Австралиялик ҳимоячи Зарафшон клубида 13 та баҳс ўтказишга улгурган.

Осиёдан мамлакатимизга ташриф буюрган футболчилар орасида Акмал Холматов, Артур Геворкян ва Гочкули Гочкулиевни энг яхшилари, десак бўлади. Умуман олганда, яна бир қатор футболчиларни саралаб олиш мумкин, аммо юқорида қайд этилган 3 та футболчи қолганлардан ажралиб туради.

Сизнингча, яна кимлар энг яхшилар қаторида бўлиши мумкин?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!