Учта инглиз клуби Мактоминайга даъвогарлик қилмоқда
«Наполи» ярим ҳимоячиси Скотт Мактоминайнинг Англияга қайтиши ҳақидаги миш-мишлар Европа матбуотида тобора кучайиб бормоқда.
Манбаларга кўра, шотландиялик футболчи катта эҳтимол билан келаси ёз Италияни тарк этади. Унинг «Наполи» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ўрталаригача мўлжалланган бўлса-да, томонлар янги битим тузиши қийин кўринаётгани айтилмоқда. Журналист Экрем Конур тарқатган маълумотга кўра, 29 ёшли хавбекка «Манчестер Юнайтед», «Ньюкасл» ва «Астон Вилла» жамоалари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Transfermarkt портали Скотт Мактоминайнинг тахминий трансфер қийматини 40 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Эслатиб ўтамиз, Италияга йўл олгунга қадар у узоқ йиллар давомида «Манчестер Юнайтед» таркибида тўп сурган ва клуб тизимида йигирма йилдан ортиқ вақт фаолият юритган.

Фикрлар