УЕФА маблағларни клублар ўртасида қандай тақсимлайди? Ким қанча пул олади?

Чемпионлар Лигаси - бу гипер-тижорий турнир бўлиб, УЕФА иштирокчиларни саралаш, гуруҳ ва плей-офф босқичларидаги ўйинлар учун яхшигина пул мукофотлари билан тақдирлайди. Чемпионлар Лигасида қатнашиш гранд клублар мавсумий даромадларини 15-20 фоизигача ошириши мумкин. Кичик жамоаларда бу кўрсаткич ҳатто 50 фоизгача ҳам етиб боради.

УЕФА клубларга қанча тўлайди?

Янги мавсум бошланишидан олдин УЕФА ҳар сафар маблағларни тақсимлаш механизмини тушунтириб беради. Ҳисоб-китоблар ташкилотнинг Чемпионлар Лигаси, Европа Лигаси ва Европа Суперкубоги учун олган умумий даромадларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Масалан, жорий 2020/21 йилги мавсумда УЕФА тахминан 3,25 миллиард евро ишлаб олади. Аммо иштирокчи клублар ушбу пулнинг маълум бир қисмини олади холос. УЕФА мусобақа харажатларини қоплаш учун 295 миллионни сақлаб қолади, 97,5 миллион евро қитъа миқёсидаги мусобақаларнинг саралаш босқичи иштирокчиларига, яна 130 миллион қитъа мусобақаларида қатнашмайдиган клубларга бирдамлик тўловлари учун сарфланади (бунинг учун алоҳида бўлим бўлади). 2,73 миллиард евро клублар ўртасида тақсимланади, шундан сўнг, ушбу маблағнинг 6,5 фоизи УЕФА захира жамғармасига (кутилмаган зарарларни қоплаш учун яратилган) тушади, шунинг учун 2,55 миллиард евро тўғридан-тўғри Европа мусобақалари иштирокчиларига етиб боради.

https://i.eurosport.com/2021/04/13/3062382.jpg

Клублар ниманинг эвазига ЕЧЛда пул олади?

2020/21 йилги мавсумда ажратилган 2,55 миллиард евродан 2,04 миллиарди Чемпионлар Лигаси ва Европа Суперкубоги иштирокчиларига берилади. Клублар ушбу маблағларни қуйидаги 4 хил кўринишда қўлга киритишлари мумкин:

Натижалар - 30% (585 миллион эвро);

УЕФА рейтинги - 30% (585 миллион эвро);

Гуруҳ босқичидаги иштироки - 25% (488 миллион эвро);

Маркетинг - 15% (292 миллион эвро).

Энг катта маблағ мусобақадаги муваффақиятли иштирокка боғлиқ. "Натижалар" бўлимида фақат жорий мавсумдаги ютуқлар муҳим аҳамиятга эга, "УЕФА рейтинги"да эса клубларнинг Европа мусобақаларида сўнгги 10 йил ичида қайд этган натижалари ҳисобга олинади.

Агар клуб Чемпионлар Лигасида гуруҳдаги барча ўйинларда ғалаба қозониб, максимал 18 очкони қўлга киритса, у ҳолда 67,2 миллион еврони ишлаб олади. Масалан, ўтган мавсумда "Бавария" шу ишни уддалади ва 67,2 миллион евро даромад олди.

Ушбу мавсум ЕЧЛда “Бавария”нинг ўтган йилги муваффақиятини ҳеч ким такрорлай олмади. Аммо энг катта даромадни яна айнан Мюнхен клуби ва “Манчестер Сити” кўрди. Флик ва Гвардиола жамоалари гуруҳ босқичида тўплаш мумкин бўлган 18 очкодан 16 очко жамғариб, 66 млн евродан ишлаб олди.

УЕФА рейтингига қараб, 585 миллион евро гуруҳ босқичи иштирокчилари ўртасида қуйидагича тақсимланади: охирги 10 йил ичида рейтингда энг юқори ўринни эгаллаган клуб энг кўп улуш олади. Аксинча, сўнгги 10 йилда рейтингда энг паст натижа қайд этган жамоа энг кам улушга эга бўлади. Жорий мавсум рейтингда 1-ўринда қайд этилган “Реал” Мадридга 35,46 миллион евро, рейттингда энг қуйи ўринни эгаллаган Венгриянинг “Ференцварош” клубига эса  1,108 млн евро берилди.

Россия клублари, еврокубоклардаги муваффақиятсизликларга қарамай, рейтингда эгаллаб турган ўринлари учун УЕФАдан яхшигина пул олишди. Масалан, "Зенит" 10 йиллик рейтингда 20-ўринни эгаллаб турибди ва 2020/21 йилги мавсум учун 18,8 миллион евро ишлаб олди, "Локомотив" 65-ўринда турибди ва 8,9 миллион евро ишлаб олди, 69-ўриндаги "Краснодар" эса 7, 7 миллион евро олди.

https://i.eurosport.com/2021/04/13/3062423.jpg

Бундан ташқари, Россия клублари ҳам бошқалар сингари Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиққанлиги учун УЕФА томонидан белгиланган (15,25 миллион) бонусни олди.

Яна бир муаммо - ҳар бир телевизион бозорнинг қийматини ҳисоблаш. 292 миллион евро шунчаки қуърада иштирок этадиган ассоциациялар сонига қараб тақсимланмайди. Мантиқан, энг катта қисм топ-5 чемпионатларидан клубларга тўғри келади, деб тахмин қилиш мумкин, аммо бу ҳақда расмий маълумот йўқ. Тўғри, Чемпионлар Лигасининг ўтган мавсумдаги маълумотларига кўра, Англиянинг маркетинг бўлими 68,6 миллион евро, Испания - 60,8 миллион евро, Франция - 59,2 миллион евро, Италия - 51,5 миллион евро олган. Аммо Германия Чемпионлар Лигасида 4 та клуб билан иштирок этишига қарамай атиги 34,6 миллион евро олди.

Масалан, Россия клублари 2020/21 йилги мавсумда маркетингдан бор йўғи 1,5 миллион евро ишлаб олди. Ушбу кўрсаткич бўйича пешқадам ПСЖ ҳисобланади. У гуруҳ босқичи учун 25 миллион евродан кўпроқ маблағ йиғди. Париж етакчилигининг сири оддий: маркетингдан тушадиган даромад Чемпионлар Лигасидаги учта вакилга тақсимланган бўлса, бошқа чемпионатларда улар тўрттага бўлинган. Айнан шу сабабли, "Бавария" 2019/2020 йилги Чемпионлар Лигасининг барча ўйинларида ғалаба қозониб, "Лилль"нинг маркетингидан ҳам кам даромад олди (16,1 миллионга 12,7 миллион евро). Ушбу мавсумда "Ренн" (14,8) ва "Марсель" (19,2) клублари ҳам “Бавария”дан (11,2 миллион евро) кўпроқ маблағ тўплади.

Яна қандай пул ишлаб олиш мумкин?

Европа мусобақаларининг муҳим босқичларига ўта олмаган клубларга ёрдам бериш учун УЕФА бирдамлик тўловлари тизимини ўйлаб топди. Бунга 130 миллион евро ажратилди, аммо уни тақсимлашда молиявий фэйр-плей билан бир хил муаммолар мавжуд. Концептуал жиҳатдан тизим яхши кўринади, аммо бойлар кўпроқ имкониятларга эга бўлади.

130 миллион ҳам икки қисмга бўлинган: тахминан 80 фоизи Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида камида битта вакили бўлган ассоциацияларга, 20 фоизи бошқалар учун. Муаммо шундаки, саралаш босқичларида ассоциациялар сони камдан-кам ҳолатда 15 дан ортади. Демак 100 миллион еврони топ-15 чемпионатлар олади ва қолган 30 миллиони бошқалар ўртасида тақсимланади. УЕФА футболи суст ривожланаётган минтақаларга ана шундай усулда сармоялар ажратишни кўзлаган, аммо юқорида кўриб турганингиздек ушбу маблағларнинг асосий қисми футболи ривожланган давлатларга насиб этади. УЕФА буни қандай ўйлаб чиққани тушунарсиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!