Улар ҳозир қаерда? («Golden Boy» совринининг ҳар бир совриндори ҳақида)
Асримизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, ҳар йили Европанинг энг ёрқин ёш юлдузлари «Golden Boy» соврини билан тақдирланиб келинмоқда. Мукофот 2003 йилда Италиянинг машҳур спорт нашри «Tuttosport» томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили мунтазам равишда ўз эгасига топширилиб келинади. Совриндорни аниқлашда Европанинг бир қанча машҳур нашрлари бевосита иштирок этади. Бу Германиянинг «Bild», Швейтсариянинг «Blick», Португалиянинг «A Bola», Франциянинг «l’Equipe» ва «France Football», Испаниянинг «Marca» ва «Mundo Deportivo», Грециянинг «Ta Nea», Россиянинг «Sport Express», Голландиянинг «De Telegraaf» ҳамда Англиянинг «The Times» нашрларидир.
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Эрлинг Холанд мукофотнинг 2020 йилги ғолиби, деб эълон қилинганидан хабарингиз бор. Норвегиялик футболчи «Ред Булл Зальцбург» ва «Боруссия» Дортмунд билан 2019/20 йилни ажойиб тарзда ўтказди ва барча мусобақаларда 44 та гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, у 2020/21 йилни ҳам юқори формада бошлади ва ҳозиргача барча мусобақаларда 17 та гол уришга эришди.
Холанддан ташқари, 2020 йилги мукофот рўйхатидан Ансу Фати, Альфонсо Дэвис, Жейдон Санчо, Эдуардо Камавинга, Деян Кулусевски, Филип Фоден, Доминик Собослаи, Букайо Сака ва Винисиус Жуниор ҳам жой олган эди. Албатта, улар ҳам совринга лойиқ, бироқ энг муносиби танланди. Ўйлаймизки, ушбу иқтидорлар келаси мавсумлар давомида ҳам шу қобилиятларини кўрсатишда давом этиб, тарихга ўз номларини ёзиб қолдиришади.
Яқин ўтмишдан бери бу соврин дунёнинг энг ёрқин ёш юлдузларига топширилиб келинмоқда ва уларнинг кўпчилиги бу совринни оқлаб, юлдуз даражасига кўтарилишди, қолганлари эса аксинча, пастга шўнғишди. Албатта, уларнинг қай тариқа бу ҳолатга тушганлиги, кўпчилик учун қизиқ туюлиши тайин.
Демак, «Golden Boy» совринининг тарихдаги барча совриндорларини ва уларнинг ҳозирги ҳолатини сизга таништириб чиқамиз. Бошладик.
2003: Рафаэль ван дер Ваарт
Ҳозирги жамоаси: фаолиятини якунлаган.
«Аякс» жамоасидаги ёрқин ўйинлари билан грандлар эътиборини тортган Рафаэль фаолияти давомида бир жамоада барқарор ўйнай олмади. «Галактикос» дея номланган «Реал» жамоасидаги фаолияти омадсиз кечган ван дер Ваарт, «Тоттенхэм»да жароҳатлар сабаб ўз ўйинини намойиш эта олмаган.
Испанияга қайтган Рафаэль 2015 йилги мавсумда «Бетис»даги ўйинлари билан барчани ажаблантиради, аммо бир мавсумдан сўнг, у яна формасини йўқотади. Ван дер Ваарт 2018/19 йилги мавсумда Данияга кўчиб ўтади ва 2018 йил ноябрь ойида бутсаларини михга илади. Шу тариқа, унинг ажойиб бошланган ҳикоясига якун ясалган.
2004: Уэйн Руни
Ҳозирги жамоаси: «Дерби Каунти»да ўйновчи мураббий
Руни Англиянинг ягона «Олтин бола»си эмас. Гарчи у томон кўплаб танқид тошлари отилган бўлса-да, унинг қайд этган рекордлари Рунининг даражаси қандай эканлигини доим кўрсатиб туради.
Ҳужумчи Англия терма жамоасининг ҳам, «Манчестер Юнайтед»нинг ҳам сардори бўлган ва ҳозирда икки жамоанинг ҳам барча даврлардаги энг яхши тўпурари ҳисобланади. Руни «Эвертон» жамоасидаги икки йиллик фаолиятидан сўнг, 2002 йилда Фергюсон бошқарувидаги «қизил иблислар»га қўшилган ва Манчестерда 2017 йилга қадар фаолият олиб борган. Сўнг, яна собиқ жамоасига қайтган.
Кейинчалик, 2018 йилда МЛСга йўл олган Англия терма жамоасининг энг яхши тўпурари «Д.C. Юнайтед» сафида икки йил фаолият олиб боради ва 2020 йилнинг январида Англиянинг «Дерби Каунти» жамоасига кўчиб ўтади. Футболчи ҳозирда ўйновчи мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда.
2005: Лионель Месси
Ҳозирги жамоаси: «Барселона»
Ушбу футболчи ҳақида кўп гапириш ортиқчалик қилса керак. Футбол мухлислари ушбу даҳо ҳақида деярли ҳар куни янгилик ўқийди ва янгиланган рекордлари ҳақида эшитади. Каталония афсонасининг ушбу совринни олиши ҳеч кимни ажаблантирмаган.
Испан шарҳловчиси таъкидлаганидек: «Биз Лео даврида яшаб, унинг ўйинларини томоша қилганимиз ҳақида келажак авлодга мақтаниб юришимиз керак»!
2006: Сеск Фабрегас
Ҳозирги жамоаси: «Монако»
Мессидан сўнг ушбу совринни қўлга киритиш жуда катта босим келтиради. Аммо испаниялик ярим ҳимоячи босимни енгиб ўтишни уддалай олган. Лондоннинг «Арсенал»ига қўшилиш учун Ла Масияни тарк этган Сеск болаликдаги жамоасига кейинчалик юлдуз бўлиб қайтган.
Аммо Сескнинг Каталониядаги фаолияти омадли чиқмайди ва “туманли Альбион”га яна қайтиб кетади. Испан футболчиси «Челси» сафида 2 марта АПЛ чемпиони бўлгач, жамоа бошқарувини Сарри қўл остига олади ва 2018/19 йилги мавсумда Фабрегаснинг ўйинларидан қониқмагач, 2019 йилнинг январида Лига 1 жамоаси «Монако» сафига бориб қўшилади ва ҳозиргача у ерда фаолиятини давом эттирмоқда.
33 ёшли ярим ҳимоячи яқинда бўлиб ўтган «ПСЖ»га қарши учрашувда ўзининг борлигини 1 та гол ва 1 та ассист билан яна бир бор эслатиб қўйди.
2007: Серхио Агуэро
Ҳозирги жамоаси: «Манчестер Сити».
Аргентиналик футболчи 2006 йилда Мадриднинг «Атлетико»си сафига келиб қўшилгач, Европа футболига мослашиши унча қийин кечмади. Унинг «шаҳарликлар» сафига бориб қўшилиши топ-даражали ҳужумчи эканлигининг яна бир исботи бўлди. 2017 йилнинг ноябрь ойида «Наполи» дарвозасига урган голи Кунни «Сити»нинг энг яхши тўпурарига айлантирди ва ушбу гол унинг «Сити»даги 178-голи эди. Сўнгра Марадонанинг собиқ куёви умумий голлари сонини 255 тага етказиб олди.
Ҳозирги кунда тез-тез жароҳат орттириб олаётган Агуэро 2011/12 йилги фантастик мавсумдаги КПР жамоасига қарши драматик ғалабадан сўнг, жамоа тарихидан ўз ўрнини таъминлаб қўйган эди.
2008: Андерсон
Ҳозирги жамоаси: фаолиятини якунлаган
Таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўзини кўрсатган Андерсон келажаги порлоқ футболчи эканлигига ваъда бераёткандек эди. Аммо бразилиялик собиқ футболчи келишмовчиликлар ва комбинацияларда иштирок эта олмагани сабабли ўз иқтидорини тўла намойиш эта олмаган.
Португалиянинг «Порту»си сафидан Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасига бориб қўшилган Андерсон етти мавсум давомида АПЛ ҳавосидан нафас олади. Луи ван Гал қўл остида оз муддат ўйнаган ярим ҳимоячи 2015 йилнинг ноябрида «Интернасионал» сафига бориб қўшилади. Ярим мавсум «Коритиба»да ижарада ўйнаган футболчи 2018 йилда эркин агентга айланади. Кейинчалик, Туркияда бир мавсум тўп сурган Андерсон 31 ёшида фаолиятини якунлайди.
2009: Алешандре Пато
Ҳозирги жамоаси: Эркин агент
Ушбу мукофот барча бразилияликлар учун омадсизлик олиб келади, шекилли. Андерсон мазкур совринни қўлга киритганидан сўнг, фаолиятида фақат пастлади ва Пато ватандошидан ўрнак олди.
Ҳужумчи Миландаги илк кунларида юқори даражада ўйин намойиш этган эди, аммо унинг карьераси ҳам пастга шўнғишни бошлади. Жароҳатлар ва формасини тиклай олмаслик Патони оғир кунларни бошидан ўтказишга мажбур қилди. «Коринтианс» билан шартнома имзолаган ҳужумчи, кейинроқ «Сан Пауло»да ижара асосида тўп суради.
Унинг мухлислар хотирасидан муқим жой олган «Барселона»га қарши ўйиндаги 24-сонияда урган супер голи ҳам Патонинг фаолиятидаги инқирозни яшира олмади. Алешандро 2015/16 йилги мавсумни «Челси» сафида ижарада тўп суради ва ёзда «Вильярреал»га кўчиб ўтади. Шунингдек, 2017 йилнинг январь ойида Хитой Суперлигаси вакили сафига бориб қўшилади ва 60 учрашувда 36 марта рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олади. Пато 2019 йилнинг мартида ватанига қайтади ва «Сан Пауло» билан шартнома имзолайди. Аммо 10 ойдан сўнг жамоа сафини тарк этиб, эркин агентга айланади.
2010: Марио Балотелли
Ҳозирги жамоаси: Эркин агент
Совринни қўлга киритган итальян содда кийимларда, хушмуомалалик билан уни қабул қилиб олди. Шунга ишондингизми? Йўқ, албатта. Ахир бу супер Марио! У совринни қабул қилгач, яна бир номзод - «Арсенал» ярим ҳимоячиси Жек Уилшерни танимаслигини таъкидлади. Шунингдек, Балотелли ўзини шу кунгача совринга эга чиққан футболчилардан яхшироқ, деб эълон қилди.
«Ливерпуль» ва «Милан»даги омадсиз 2 мавсумдан сўнг Франциянинг «Ницца»си таркибида 23 учрашувда 15 бора ўз номини таблога ёздириб қўйган футболчи, уч мавсум Ницца шаҳри жамоаси таркибида тўп суради ва кейинчалик, қисқа муддат «Марсель»да фаолият олиб боради. Охир-оқибатда ватанига қайтиб, Б серия вакили «Брешиа» сафига бориб қўшилади.
Сўнгги янгиликларга кўра, Марио «Ницца»да орттирган танишлари орқали Чемпионшип вакили «Барнсли» таркибига қўшилиши мумкин экан. Кейинчалик уни Бразилия томонларга кўчиб ўтиши ва «Васко да Гама» жамоаси уни олиб келмоқчилиги маълум бўлди. Терма жамоа сафида ҳам, Роберто Манчини даврида ўзини кўрсатишга муваффақ бўлади. Манчини «Учранглилар» бошқарувини эгаллаганидан сўнг, Супер Марио 2014 йил ноябрь ойидан то 2018 йил май ойигача терма жамоага чақирилади. Балотелли терма жамоадаги сўнгги голини вафот этган собиқ италиялик жамоадоши Давиде Астори хотирасига бағишлайди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Балотелли ўзининг такаббурлиги билан ажралиб турувчи футболчи сифатида ёдда қолади.
2011: Марио Гётце
Ҳозирги жамоаси: ПСВ
«Боруссия» Дортмундни «Бавария»га алишиш бадалини тўлаган Марионинг қарори тўғри бўлганини унинг совринлар шкафи тасдиқлайди. Гарчи у таҳмин қилинган даражада ўйин кўрсата олмаган бўлсада, 2014 йилги жаҳон чемпионати финалида урган голи Марионинг фаолияти омадсиз кечган, дейишга йўл қўймайди.
Лекин, Мюнхендан Дортмундга қайтган Гётце аввалги формасига қайта олмайди. Германиялик ярим ҳимоячи 2020 йилнинг 6 ноябрь куни Голландиянинг ПСВ жамоаси билан икки йиллик шартнома имзолайди ва дебют голини 18 ноябрь куни дебют ўйинидаёқ «Зволле»га қарши баҳсда уришга эришади. Омадсизлик ва жароҳатлар туфайли фаолиятида пасайишлар кузатилганлигига қарамай, «Golden Boy» лақабли (сариқлиги учун) Гётце ёрқин ўйинлари билан мухлислар ёдида қолаверади.
2012: Иско Аларкон
Ҳозирги жамоаси: «Реал»
Испания ҳозирда ярим ҳимоячилар етиштириш бўйича исталган мамлакатга «мастер класс» ўта олади. Унинг чексиз кўринадиган истеъдод омбори ҳар доим келажаги порлоқ ярим ҳимоячилар билан мақтана олган.
Иско шу каби истеъдодлардан бири. Унинг «Малага» сафидаги жозибали ўйинлари «Реал» сафига кўчиб ўтишига сабаб бўлганди. Аммо собиқ «Олтин тўп» совриндори ва дунёнинг ўша пайтдаги энг қиммат футболчисининг бошқа жамоага кўчиб ўтиши майдонда Искони ёлғиз қолишга мажбур қилади ва имкониятларини чеклаб қўяди.
Зидан билан келишмовчиликлар, оптимал формасига қайта олмаслик Исконинг келажагини ҳалигача сўроқ остида қолдирмоқда. Футболчи исталган чемпионатга кўчиб ўтиши мумкин. Истаса. суюкли устози Карло Анчелотти ва ажойиб жуфтлик бўла оладиган Хамес Родригес билан АПЛни янада жозибали чемпионат бўлишини таъминлаши ёки А Серияга кўчиб ўтиб, Роналду билан биргаликда эски даврларидагидек ўйин намойиш этиши мумкин. Иско 2021 йилнинг январь ойида якуний қарорни қабул қилишини маълум қилганди.
2013: Поль Погба
Ҳозирги жамоаси: «Манчестер Юнайтед»
Поль Погбанинг 2012 йил шартнома можаролари сабабли «Олд Траффорд»ни тарк этиб, «Ювентус» таркибига бориб қўшилишини кўплаб мухлислар жуда катта хато эканини таъкидлаган эди. Танқид қилганлар Поль ҳеч нимани исботлай олмаслигини, Туринда ўз ўрнини топа олмай, омадсизликка учрашини айтар эди.
Лекин танқид тошини отганлар вақт ўткандан сўнг Погбани Манчестер шаҳрига қайтишини сўрай бошлашди. Сабаби Пирло, Маркизио каби ярим ҳимоячилар билан бирга тўп сурган француз А Серияда кучли ва бақувват футболчи бўлиб етишди. Погба ўз истеъдодини «Манчестер Юнайтед» учун рекорд сумма бўлган 89 миллион фунт-стерлингга харид қилингани билан исботлайди.
Ҳозирда ўз ўйинини топа олмаётган ярим ҳимоячи 2018 йилги жаҳон чемпионатида намойиш этган ўйини ва терма жамоасига чемпионликни қўлга киритишда берган ёрдами билангина мақтана олади.
2014: Раҳим Стерлинг
Ҳозирги жамоаси: «Манчестер Сити»
Раҳим Стерлинг айни дамда «шаҳарликлар» футболчиси эканини футбол мухлислари билади. Раҳимни Манчестерга «Ливерпуль» жамоасидан кўчиб ўтганини биладиган мухлислар сони ҳам жуда кўп. Аммо уни қайси клуб тарбияланувчиси эканини кўпчилик билмаслиги аниқ. «Куинз Парк Рейнджерс» жамоаси Стерлингдек футболчини ўз академиясида етиштириб чиқаргани билан фахрланади.
Манчестернинг «кўк» тарафи Англия терма жамоаси аъзосини ўз таркибига қўшиб олиш учун кўп маблағ сарфлаганликда айбланади, аммо Раҳим ҳозирча ақлли сармояга ўхшайди. Унинг 2018 ва 2019 йиллар давомидаги ўйинлари Раҳимни «Сити»нинг мунтазам асосий ўйинчиларидан бири бўлишини таъминлади. Гвардиола ўз шогирди билан шартнома муддатини 2023 йилгача узайтирди ва ушбу ҳолатни жамоанинг спорт директори «Сити» учун «муҳим лаҳза» дея атади. Хуллас, Стерлинг ишончни оқлашда давом этмоқда.
2015: Антони Марсьяль
Ҳозирги жамоаси: «Манчестер Юнайтед»
«Манчестер Юнайтед» тарихида ушбу совринни қўлга киритган тўртинчи футболчи Антони Марсяль 2015 йилнинг 1 сентябрида амалга оширилган энг кутилмаган трансферлардан бири бўлган эди.
Ушбу трансфер учун бонуслар билан 58 миллион фунт-стерлингга тушганини билган мухлислар Эд Вудвордни танқид қила бошлашганди. Аммо французнинг ишончли ўйинлари трансфер тўғри амалга оширилганини кўрсатиб берганди.
«Юнайтед» келажаги бўлиши мумкин бўлган футболчи Марсьяль Моуриньо қўл остида ўсишдан тўхтаб қолди. Аммо жамоа мураббийлигига Оле-Гуннар Сульшер келгач, у яна олдинги формасига қайта бошлади. Ҳозирда унинг вазифаси бироз ўзгаргандир, аммо Антони марказий ҳужумчи сифатида ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти.
2016: Ренату Санчеш
Ҳозирги жамоаси: «Лилль».
Ренату 2016 йилнинг ёзида терма жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлгач шов-шувларга сабаб бўлади. Санчеш учун «Бавария» ва «Юнайтед» жамоалари кураш олиб боради, аммо бир неча миллион фунт сабаб МЮ иқтидорли ярим ҳимоячини қўлга кирита олмаганди.
Афсуски, ушбу совринни қўлга киритган илк португалиялик футболчи 35 миллион фунтга захира ўриндиғида ўтириш учун харид қилингани маълум бўлди. Сабаби, Карло Анчелотти ёш истеъдод эгасига атиги олти марта аосий таркибда тушиш ва уларнинг биттасида 90 дақиқа ўйнаш имкониятини тақдим этади. Омадсиз мавсумдан сўнг, жамоа Ренату ижарага берилишини тасдиқлайди ва футболчини «Суонси» жамоасига 1 мавсум учун ижарага беради.
Лига 1 вакили «Лилль» жамоаси эса 2019 йилнинг август ойида Санчешни 25 миллион еврога сотиб олади ҳамда у жамоа харид қилган энг қиммат футболчига айланади. Бизнингча, бир вақтлар «португал олмоси» дея таърифланган футболчида ишончни оқлаш учун ҳали вақт етарлича.
2017: Килиан Мбаппе
Ҳозирги жамоаси: ПСЖ
21 ёшли Килиан Мбаппе «ПСЖ»га 2018 йил 160 миллион фунтга сотиб олиш шарти билан ижара асосида кўчиб ўтади ва жамоадоши Неймардан сўнг, дунёнинг энг қиммат иккинчи футболчисига айланади.
Килианнинг «Монако» сафида Чемпионлар Лигасида намойиш этган ўйинларидан сўнг, унинг Князь клуби сафида узоқ қолмаслиги аниқ бўлганди. Ҳозирда у Франция пойтахтида Неймар билан ажойиб тандем ҳосил қилган ҳолда супер ўйинлар намойиш этмоқда ва жамоадаги умумий голлари сонини 100дан оширди.
Шунингдек, Россиядаги мундиал ғолиблиги, ўсмир ёшида урган тўрт голи ундан фақат 17 ёшли Пеле устун деган таҳминни келтириб чиқарган эди. Мбаппе келажакнинг ҳақиқий юлдузи сифатида эътироф этилади.
2018: Маттейс де Лигт
Ҳозирги жамоаси: «Ювентус»
Маттейс 2018 йил ушбу совринни қўлга киритганида «Аякс»нинг янги марказий ҳимоячиси эди ва жамоа ўша мавсум ички дублни расмийлаштиради. Клуб 2014 йилдан буён илк марта Голландия чемпиони бўлади.
Сардор сифатида «Аякс»ни Чемпионлар Лигаси ярим финалига етиб боришида қўшган ҳиссаси уни «зебралар» сафига қўшилишига сабаб бўлган эди. Гарчи у Турин клуби билан чемпионликни қўлга киритган бўлсада, ҳали ишончни тўлалигича оқлагани йўқ. Аммо унда ҳали вақт ва имконият мавжуд.
2019: Жоау Фелиш
Ҳозирги жамоаси: «Атлетико»
Совриннинг яна бир ғолиби Жоау «Бенфика»даги илк мавсумида 15 та гол уришга эришган ва кўрсатган ажойиб ўйинлари сабаб 126 миллион евро эвазига «Атлетико» аъзосига айланганди.
Фелиш Португалиядаги дебютини 2019 йил Миллатлар Лигасида амалга оширди. Ҳозиргача ҳужумчи терма жамоа сафида 3 та гол муаллифига айланган.
Жоау Фелиш Де Лигт каби ўзига сарфланган пулларни ҳали оқламади. Унга илк мавсумида ўз иқтидорини тўлалигича намойиш этиши учун олган жароҳатлари тўсқинлик қилганди. Ушбу мавсумда португалиялик иқтидор эгаси барча мусобақаларда 12 ўйинда майдонга тушиб, 7 гол ва 3 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Бошқалар сингари, унда ҳам ҳали супер юлдуз даражасига чиқиш учун вақт етарлича. Шундай экан, уни кузатишда давом этамиз.
2020: Эрлинг Холанд
Ҳозирги жамоаси: «Боруссия» Дортмунд
«Ред Булл Зальцбург» жамоасида намойиш этган супер ўйинлари сабаб норвегиялик машина 2020 йилнинг январида 20-миллион евро эвазига Дортмунднинг «Боруссия»си сафига келиб қўшилади.
Холанд Бундеслигага келганидан бери тўхташ нималигини билмаяпти. Илк ярим мавсумида 16 та гол муаллифига айланган норвег 2020/21 йилги мавсумда 13 ўйинда 17 марта ўз номини таблога ёздириб қўя олди ва ҳали бери тўхташ истагида эмасдек кўринмоқда.
Эрлинг Норвегия сафида 7 ўйинда майдонга тушиб, 6 марта рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди. Келажакда супер юлдуз бўлишга ваъда бераётган Холандни қўлга киритишга уринаётган грандлар сони жуда кўплиги сир эмас. Аммо ҳужумчи қайси жамоани танласа ҳам ўз ўйинини намойиш эта олишига бизни ишонтирмоқда.
Абдулла Маннонов тайёрлади
Фикрлар