Улкан истеъдодли ёш ҳимоячиси гранд нишонига тушди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Нидерландия футболида буюк ҳимоячилар анъанаси бор – Рууд Крол, Рональд Куман, Рууд Гуллит ва Виржил ван Дейк каби юлдузлар бунга мисол. Энди эса янги ном пайдо бўлди — Рууд Нейштад.

“Твенте”нинг 18 ёшли марказий ҳимоячиси Европанинг топ клублари эътиборига тушди.

Рууд Нейштад 2008 йил 17 январда Нидерландиянинг Алмело шаҳрида туғилган. У футболдаги илк қадамларини ДЕТО клубида бошлаб, 11 ёшида “Твенте” ва “Хераклес” академияларига қўшилган.

16 ёшга яқинлашганда “Милан” ва “Ювентус” уни ўз сафига қўшиб олишни истаган. Аммо у “Твенте”да қолишни танлади.

17 ёшида Рууд илк бор асосий жамоа қайдномасига киритилди. 2025 йил октябрда “Хераклес”га қарши дербида асосий ҳимоячи Робин Проппер жароҳат олгач, Нейштад майдонга тушди ва дарҳол ўзини кўрсата олди.

Ушбу ўйинда у мухлислар томонидан энг яхши футболчи, деб топилди.

Нейштад тез орада асосий таркибда мустаҳкам ўрин эгаллади. У “Аякс”га қарши ўйинда илк ассистини амалга оширди.

Бу ҳимоячи ҳозирда Став Лемкин билан марказий ҳимояда яхши жуфтлик ҳосил қилган ва чап қанот ҳимоячиси Матс Ротс билан ҳам яхши ўйин намойиш этмоқда.

Апрель ойида “Аякс”дан устун келинган учрашувда у жуда кучли ўйин кўрсатди ва кейинги ҳафтада “Волендам”га қарши ўйинда илк голини урди.

Нейштад тўпни назорат қилишда жуда кучли. У ҳужумни бошлаш ва тўпни ишонч билан олиб чиқишда ажралиб туради. Замонавий ҳимоячи сифатида у марказдан чиқиб, ярим ҳимояга ҳам ёрдам бера олади.

Унинг айтишича, жарима майдонида ҳимояда ва ўнг оёқ билан ўйнашда яна ўсиши керак. Масалан, Ваут Вегхорстга қарши дуэлларида қийналган. Нейштадни кўпинча афсонавий Франк де Бур билан солиштиришмоқда. Шунингдек, Натан Аке билан ҳам ўхшаш жиҳатлари бор.

Нейштад ҳозир “Твенте”га Европа Чемпионлар Лигаси ёки Европа Лигасига чиқишда ёрдам беришга эътибор қаратган. Унинг шартномаси 2027 йилгача амал қилади.

Ёш иқтидор эгасини ҳозир “Барселона”, “Бавария” ва “Челси” каби клублар кузатмоқда. Трансфер нархи тахминан 8 миллион евро деб баҳоланяпти.

Мураббий Жон ван ден Бром уни катта келажак кутаётганини таъкидлади: “Рууд жуда катта истеъдод ва юқори даражага чиқиши мумкин”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!