Умид Аҳмаджонов Андижонга ташрифини Шўрбулоқдан бошлади

Хабар қилганимиздек, бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ишчи гуруҳ билан биргаликда  Андижон вилоятига ташриф буюрди.
 
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси расмий сайтининг хабар қилишича, Умид Аҳмаджонов ташрифни "Шўрбулоқ футболга ихтисослаштирилган футбол мактаб-интернати" фаолияти билан танишишдан бошлади. У ерда МОҚ раҳбари ёш футболчилар билан суҳбатда бўлди. Мактаб тарбияланувчиларининг машғулоти, рухий тайёргарлиги, кийим-кечаги, еб-ичиши, овқатланиш рациони каби жиҳатларга қадар эътибор қаратилди. Машғулот жараёнлари кузатилди. МОҚ раҳбари мактабга қабул қилиш мезонларига қизиқди. 

 
Умуман, бу борада талаб кучайтирилиши лозим, тизимни қайта кўриб, тўғри йўлга қўйиш керак. Масалан, Хитойдаги Осиё чемпионатида ғолиб бўлган футболчилар ичида Андижон футбол мактаби тарбияланувчиси йўқ. Шу жиҳатга ҳам ЎФА биринчи вице-президенти алоҳида эътибор қаратди. 
 
 
Маълумот учун, ушбу футбол мактабида 10-17 ёшли 170 нафар футболчи таҳсил олмоқда. 
 
Бу ерда академия ташкил қилиш учун барча имкониятлар етарли. Шу сабабли, Шўрбулоқда  ушбу мактаб ўрнида Андижон футбол академиясини яратиш ғояси илгари сурилди.
 
"Академия ўз-ўзини таъминлаш тизимини йўлга қўйиш лозим. Ҳокимият ёки бирорта ташкилотга қарам бўлгандан кўра, яхши футболчилар тайёрлаб, уларнинг трансферидан ҳам маълум миқдорда маблағ ишлаб топса бўлади. Шуни йўлга қўйиб олсак, академия ўзини-ўзи бемалол таъминлай оладиган ҳолатда бўлади", - деди Умид Аҳмаджонов.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!