Умуман унутилмайдиган нигериялик ҳужумчи (Эркинжон Ғайбуллаев блоги)
Дидье Дрогба футболни ўзгартириб юборди десак адашмаган бўламиз. ХХI аср бошида майдонга иккита ҳужумчи тушириш нормал ҳолат ҳисобланган. Кейин Дрогба пайдо бўлди ва иккиталик дуэт ҳужумчилар ўрнини босди.
Тўғри-да, агарда битта ҳужумчи алдай олса, гол уролса, иккита ҳужумчини нима кераги бор? Ва фақат Дрогба эмас бундай ишни уддалай олган. Жаҳонга машҳур ҳужумчилар етишиб чиқди қисқа вақт мобайнида. Улардан бири, Обафеми Мартинс.
Обафеми Нигериянинг Лагосида таваллуд топган. 16 ёшида акаси Оладипупо Оларотини Мартинс билан бирга Италияга кетишга қарор қилади. 2001-йилда “Интер” уни ёшлар жамоасига қўшиб олади. Академияда у ўзини ҳар томонлама яхши жиҳатларини кўрсатади. 2002/03-йилги мавсумда асосий жамоада дебютини нишонлайди. Декабр ойида “Парма”га қарши ўйин у учун “Интер” либосидаги илк учрашуви бўлди.
2 ой ўтиб Чемпионлар лигасида “Байер”га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. Кейин эса “Ньюкасл”га қарши ўйинда ҳам майдонга тушди. Эктор Купер ёш футболчига ишонди ва у ишончни оқлади. “Байер” ҳимояси Мартинсга қарши ҳеч нарса қила олмади. Нигериялик футболчи гол урди ва голни салто билан нишонлади.
“Валенсия”дан ўтиб олгач, “Интер” ярим финалда Дон Карлонинг “Милан”ига қарши ўйинга тайёргарлик кўра бошлади. Рақиблар жуда кучли. Паоло Мальдини бошчилигидаги ҳимоя қўрғони ҳар қандай ҳужумчиларни тўхтатиб қолишга қодир эди. Аммо улар ҳам Обафемига қарши ҳеч нарса қила олишмади. Лекин “Интер”га финал насиб этмади. Кейинги йил ҳам мусобақада Мартинс ўзини кўрсатди. Арсен Венгернинг “йенгилмас” жамоаси дарвозасига ҳам гол урди. Лондонликларга ҳам нигериялик ҳужумчини салтосини кўриш насиб этди.
Бир неча ҳафта ўтиб, гол урди. Бу сафар салто отмади. Голни дербида, Инзаги, Кака ва Шевченкоси бор “Милан”га гол урганди. Мартинс муҳим ўйинларда гол уришни яхши кўрарди.
Кейинги ўйин эса “Юве”га қарши бўлди. Унда ҳам Мартинс ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Миланликлар 3-2 ҳисобида туринликларни мағлуб этганди. Ўша пайтлардан бошлаб мухлислар бу акробатнинг ўйинини, голларини яхши кўриб қолишди. Мартинс эндигина 20 ёшга кирганди.
Шунга қарамасдан, Мартинс асосий таркиб футболчиси эмасди. Ҳолат тушунарли эди, “Интер”да Кристиан Вьери, Адриан, Альваро Рекоба ва Хулио Круслар бор эди. Улар турганда Мартинс ҳали шунчаки “бола” эди. Лекин 2004-йилда жамоага Роберто Манчини бош мураббий бўлди ва ҳаммаси ўзгарди.
Мартинс энди таркибдан ўрин ола бошлади. Мавсум давомида 31 та ўйинда майдонга тушди,16 тасида асосий таркибда. Италия Кубогида эса тўпурарга айланди ва чемпионликка катта ҳиссасини қўшди. Чемпионлар Лигасида ҳам ҳаммаси яхши кетаётганди, то “Милан”га мағлуб бўлгунча. Секин-секин Манчини уни заҳирада ушлай бошлади. Ундан “яширин қурол” мақсадида фойдаланмоқчи эди. Ундан қандай фойдаланилмасин Мартинс доимо фойдали эди. Январ ойидаги “Сампдория”га қарши ўйин ҳеч кимни ёдидан чиқмайди.
Виталий Кутузов “Сампдория”ни 2-0 ҳисобида олдинда боришини таъминлади. Бутун “Сан Сиро” ўз жамоаси унчалик кучли бўлмаган жамоага мағлуб бўлаётганини кузатиб турди. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганда, Мартинс майдонга туширилди. 88-дақиқада Мартинс “Сампдория” ҳимоясини ёриб ўтди ва Вьерига идеал узатмани амалга оширди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 4-дақиқада эса Рекоба “уйқудан уйғонди”. Жамоа мағлубиятдан сақлаб қолинди. Мухлислар ўз кўзларига ишонмасди.
Терма жамоа сафида эса ишлар унча юришмади. Нигерия 2006-йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Мартинс Африка Кубогида майдонга тушди. Лекин у ерда Дидье Дрогбаси бор Кот-дъИвуар Нигерияни мусобақадан чиқариб юборди. Италияга қайтган Мартинс дарҳол Скудетто учун курашнинг марказига тушиб қолди. Рақиб “Ювентус” эди. Афсуски, Златан Ибраҳимович ва Алессандро Дел Пьеро кучлилик қилди. “Интер” чемпионлик учун курашдан чиқди.
“Интер” 17 йилдан сўнг Скудетто қўлга киритиши мумкин эди. Мамлакатда коррупсия бўйича текширув ўтказилди ва “Ювентус”, “Милан”, “Фиорентина” каби жамоалар жаримага тортилди. Кутилмаганда чемпионлик “Интер”га берилди.
Ва ниҳоят чемпионлик медали ҳам бор. Лекин Мартинснинг “Интер”даги аҳволи ёмонлаша бошлади. Коррупсияда айланган “Юве”ни футболчилар тарк эта бошлади, жумладан, Ибраҳимович ҳам. Златан Миланга келди. Туманли Албиондан эса Эрнан Креспо олиб келинди. Мартинсга эса ишонч билдиришмади.
“Ньюкасл”га ўтгандан кейин унга Алан Ширернинг 9-рақами берилди. Демак, мухлислар ундан жуда кўп нарса кутиши аниқ эди. Жароҳатлар ва ёмон форма уни Туманли Албионда ўзини кўрсатишга имкон бермади.
Жамоага Кевин Киган мураббий бўлгандан кейин, “Ньюкасл” кучлироқ бўлди. Мартинс-Видука-Оуен триоси лиганинг энг кучли ҳужумчиларига айланишди. Лекин ёрқин ғалабалар, совринлар секин-секин унутила бошланди. Алан Ширер мураббий этиб тайинланди. Ширер ҳам жамоани юқори даражага қайтара олмади.
Кейинчалик Мартинс “Вольфсбурга”, ундан сўнг “Рубин”да тўп сурди. 2011-йилда Англияга қайтди.”Бирмингем” сафида 2 ой ичида бор-йўғИ 2 та гол урди. Лекин улардан бири “Уембли”да “Арсенал” дарвозасига урилди. Айнан шу гол туфайли бирмингемликлар Лига Кубогини қўла киритди.
Мартинснинг Европадаги охирги клуби “Леванте” бўлди. Ундан кейин эса АҚШ ва Хитойда – “Сиетл Саундерс” ва “Шанхай Шеньхуа” жамоаларида тўп сурди. Оғир жароҳатдан сўнг фаолиятини якунлашига оз қолди. Лекин у чекинмади. “Мен 34 ёшдаман, лекин ўзимни ёш ҳис қиляпман. Мен ҳали ҳам юқори даражадаги жамоаларда ўйнай оламан” – дейди Обафеми.
Фикрлар