Виктор Кумиков: "Бу жорий мавсумдаги энг яхши биринчи тайм бўлди"
“Андижон” – “Турон” ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз бош мураббийи Виктор Кумиков иштирок этди.
- Виктор Балютович, ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин қандай таассурот қолдирди?
- Иккинчи таймдан қониқмадим, албатта. Энг асосийси, ғалаба қозондик. Нима учунлигини билмайману, аммо иккинчи таймдаги ўйинимиз ўхшамади. Танаффус вақтида биз футболчилар билан гаплашиб, яна биринчи таймдаги ўйинни кўрсатиш кераклиги бўйича келишиб олгандик. Иккинчи таймда 10 дақиқа вазиятни ушлаб турдик. Кейинчалик гол ўтказиб юбордик. Вазиятни ушлаб туриш учун ўйинчиларни алмаштирдим. Аммо яна нимадир бўлдию, иккинчи голни ҳам ўтказиб юбордик. Муҳими, вазифани бажардик ва ғалаба қозондик.
- Доим бир хил савол бериш журналист учун қийинроқ. Аммо иккинчи таймни сўнгги дақиқаларида нима юз берди?
- Ҳисобни ушлашга ҳаракат қилдик. Мен ўйинчиларга албатта бундай демадим. Лекин ўша вазиятларда уларнинг руҳияти шунга қаратилганди. “Азарт” ўйин бўлди. Шу орада футболчиларни ҳам алмаштирдим. Шундай бўлса-да, ҳисобни ушлаб қолдик.
- Сиз ўйиндан қониқмадингиз, тўғрими?
- Биринчи таймдан қониқдим. Иккинчи таймдан эса йўқ. Бу жорий мавсумдаги энг яхши биринчи тайм бўлди. Ҳужумлар қилдик, яхши ҳимояландик, стандарт вазиятлардан фойдаландик ва голлар урдик. Иккинчи тайм эса анча оғир бўлди. 3:0 ҳисобида ютаётиб 2 та тўп ўтказиб юбориш анча қийинчилик туғдирди. Бу ҳақиқий руҳият билан боғлиқ. Бу нарсани тўғрилашимиз керак.
- Жамоанинг Кубокдаги мақсади қандай?
- Кейинги босқичга чиқдик. Энди қуръани кутамиз ва шунга қараб тайёргарлик кўрамиз.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар