Владимир Бубанья: "100 фоиз менинг фаолиятимдаги энг муҳим гол бўлди"
“Андижон” клубининг сербиялик легионери Владимир Бубанья аллақачон мухлисларнинг меҳрини қозонишга улгурган. У Ўзбекистон Кубоги финалида қўшимча дақиқаларнинг охирида урган голи эвазига “Андижон” характер кўрсатди ва Кубокни ютиб кетди. Айни пайтда жамоа чемпионатнинг кейинги турига тайёргарликни давом эттиряпти.
Бубанья фаолиятида иккинчи марта Кубокни ютишга эришди. Аввалига ОКМК билан, энди эса “Андижон” билан бу ишни уддалаган легионерга айланди.
- Биламизки, сиз 2018 йили ОКМК таркибида Ўзбекистон Кубоги финалида ғолиб чиққансиз. Ўша ўйин ҳам айнан Фарғонадаги “Истиқлол” аренасида ўтган. Орадан 6 йил ўтиб яна ўша стадионда Кубокни ютдингиз. Сиз учун қайси бири қадрлироқ?
- Ҳа, мен ОКМК билан 2018 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубогини Фарғонадаги ўйинда ютгандим. Лекин бу сафарги финал мен учун катта аҳамиятга эга. Боиси, бу сафарги финал мен учун олдинги финалдан кўра ёрқинроқ бўлди. Мен фақат ушбу учрашувда гол урганим учунгина айтмаяпман. Шунчаки, ўшанда бу менинг Ўзбекистондаги дебют мавсумим эди. Шу боис менга у қадар сезилмаганди.
- Охирги дақиқада гол урдингиз. Учрашув бошида сиз ўйин сценарийси шундай тугашини ҳаёлингизга ҳам келтирмаган бўлсангиз керак-а?
- Албатта, гол урганимдан ниҳоятда хурсандман. Бу каби учрашувларда бундай вазиятлар жуда кам бўлади, айниқса, охирги дақиқаларда. Ўзбекистонда ҳеч ким бундай сценарий бўлишини кутмаганди. Лекин биз ўйин охиригача, сўнгги сониягача ҳаракат қилдик ва ғалаба қозонишимизга ишонардик.
- Бу гол фаолиятингиздаги энг муҳим ва эсда қоларлисими?
- 100 фоиз менинг фаолиятимдаги энг муҳим гол бўлди, деб ўйлайман.
- Интернет орқали финалдаги голлар ва турли эпизодлар “айланяпти”. Буларни кўрганингизда қандай хиссиётлар жўш уряпти?
- Албатта, мен бу вазиятни жуда кўп марта кўрдим. Ушбу кадрлар учун ҳалигача ишонмаяпман. Шундай вазиятлар учун ҳам футбол ўйнаймиз ва мен бунинг учун ниҳоятда мамнунман.
- Ғалаба билан сизни кимлар табриклади?
- Ҳа, кўпчилик табриклади. Футболчилар, мураббийлар ва уларга яна бир бор раҳмат айтиб қоламан.
- Ўзбекистондаги фаолиятингизда “Андижон” алоҳида ўрин тутади. 3 йил ичида клуб янги тарихининг бир қисмига айландингиз...
- “Андижон” мен учун доимо қалбимда биринчи ўринда туради.
- Кўпчилик финалда “Навбаҳор”ни фаворит деб ҳисоблаганди. Рақибни мағлуб этишда асосий омил нимада бўлди?
- Тўғри, улар ўйингача фаворит эди. Аммо бу финал. Унда нима бўлиши ҳар доим номаълум. Бизнинг хоҳишимиз муҳимроқ бўлди ва шу билан бирга ўйин охирида омад ҳам биз томонда бўлди.
Фикрлар