
Холанд ҳимоячилардан узр сўради
“Манчестер Сити” билан амалдаги ҳамкорлигини 2034 йилнинг ёзигача узайтирган Эрлинг Холанд Англия Премьер-лигасидаги ҳимоячиларга мурожаат йўллади.
Норвегиялик футболчи маҳорати ошишида рақиб ҳимоячиларининг роли катта эканини алоҳида таъкидлади.
- Қадрли ҳимоячилар, мен охирги пайтларда сизлар билан бўлган ўйинлари ҳақида жуда кўп фикр-мулоҳаза қилдим. Ҳар қандай муносабатларда бўлгани каби бизда ҳам юксалиш ва пасайишлар юз берди.
Ҳа, ўртамизда кураш бор. Лекин сизлар туфайли мен янада яхшироқ футболчига айланяпман.
Охирги вақтда атрофимизда турли гап-сўзлар тарқалди. Мен ҳаммасини тушуниб етдим. Баъзан сизлар мени қаршингизда кўришни истамассиз. Лекин мен бизлар бир биримизга керакмиз, деб ўйлайман.
Шундай экан, бир сўз билан айтганда, мени кечиринглар, лигада қоладиган бўлдим, - деб ёзди Эрлинг Холанд.
24 ёшли ҳужумчи Норвегиянинг “Брюне” ва “Молде” клубларидан етишиб чиққан. Бир йил Австриянинг “Зальцбург” жамоасида тўп тепганидан кейин 2020 йилнинг январида уни “Боруссия Дортмунд” ўз сафига қўшиб олди.
Моҳир тўпурар Англия Премьер-лигасига 2022 йилнинг ёзида кўчиб ўтди. Холанд ҳозирга қадар клублар миқёсидаги мусобақаларда жами 309 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 246 та гол ва 51 та ассист ёздириб қўйган.
Бундан ташқари, моҳир тўпурар халқаро миқёсида ҳам тинимсиз гол урмоқда. Эрлинг Норвегия миллий терма жамоаси сафида 39 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 38 маротаба ишғол қилган.
Фикрлар