Yana 6 nafar bokschimiz finalga yo‘l oldi!

  • 11.05.2026 23:36
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Boks
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Пойтахтимиздаги "Олимпия шаҳарчаси"да ўтаётган Осиё чемпионатида бугун ўсмир қизлар ўртасида ярим финал баҳслари ўтказилди.

Ушбу босқичдаги жангларни -46 кгдаги вакиламиз Руҳшонабону Аҳадова ҳамда қозоғистонлик Милана Иншина бошлаб берди. Руҳшона ажойиб ҳаракатлари билан  2 раундда муддатидан аввал техник нокаут билан ғалаба қозонди ва финалга йўл олди.

-48 кг: Фарангиз Усвалиева ҳам ярим финал жангини ўтказди. Унга бу босқичда япониялик Ариса Ёшинага рақиблик қилди. Жанг жуда ҳам қизиқарли кечди. Якунда афсуски вакиламиз 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва мусобақани бронза медали билан якунлади.

-50 кг: Парвина Шакарова ва мўғилистонлик Аминхаир Зоригтсаихан жанги якунланди. Тўлиқ 3 раунд давом этган баҳсда вакиламиз яққол устунлик билан ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди – 5:0.

-52 кг: Маржона Худойбердиева иштирокидаги жанг ҳам ўз якунига етди. У ярим финал босқичида вьетнамлик Тхи Хонг Диемга қарши баҳс юритди. Якуний ҳисоб 0:4 кўриниш олди ва вакиламиз бронза медали билан чекланди.

54 кг: Бу вазн тоифасидаги вакиламиз Қумринисо Муҳаммадова ярим финал босқичида ҳиндистонлик Лаҳми Манжунатга қарши рингга кўтарилди. Жуда ҳам муросасиз жангда Қумринисо кучли ҳарактер кўрсата олди ва 4:1 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди.

-60 кг: Саломатхон Сардорова ҳам ярим финал жангини ўтказди. Унга бу босқичда хитойлик Хиню Суи рақиблик қилди. Ушбу қарама-қаршилик муддатидан аввал 3 раундда якунига етди. Афсуски Сардорова мазкур босқичда ўз юришини тўхтатди ва мусобақани бронза медали билан якунлади. 

-63 кг: Бу вазн тоифасидаги вакиламиз Меҳримах Қиличева ярим финал босқичида хитойлик Хинюелин Тианга қарши рингга кўтарилди. Меҳримах ижросида ажойиб жанг, 5:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба ва финал!

-66 кг: Диёра Бўрибоева ҳам ярим финал босқичида рингга кўтарилди. У хитойлик Ди Қиаога қарши баҳс юритди. Қизиқарли кечган жангда вакиламиз жуда яхши ҳаракат қилган эди. Бироқ ҳакамлар 2:3 ҳисобида ғалабани Хитой боксчисига тақдим этди. Бизда навбатдаги бронза!

- 70 кг: Бу вазн тоифасидаги Карина Илмуратова ярим финалда қозоғистонлик Аилин Ҳожамбердиевага қарши баҳс юритди. Жуда ҳам шиддатли кечган тўқнашувда вакиламиз 4:1 ҳисобида устун келди ва финалга йўл олди. 

-75 кг: Лобар Шайманова иштирокидаги ярим финал жанги якунланди. Унга бу босқичда қозоғистонлик Диана Надирбек рақиблик қилди. Якунда 0:5 ҳисобида Қозоғистон вакиласи устун келди. Бизда навбатдаги бронза!

- 80 Ферузабону Камолова ҳам ярим финал жангини ўтказди. У ҳиндистонлик Ваншикага қарши рингга кўтарилди. Якуний натижа 1:4 кўриниш олди ва афсуски Камолова мусобақани бронза медали билан якунлади.

Бугунги ярим финалларнинг сўнгги жангида +80 кг даги вакиламиз Соҳибахон Худойбердиева ва вьетнамлик Хан Ҳуен Труонг тўқнаш келди.1 раундда Худойбердиева ҳисоб очишга муваффақ бўлди. 2 раундда келиб, Соҳибахон рақибасини техник нокаутга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди!

Бу хақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!