"Янгиер"да қай тариқа пайдо бўлгани, фейсбукдаги гапи, тотализатор ва терма жамоамиздан қандай хавотирдалиги хусусида Азамат Абдураимовдан муносабат

Юртимиздаги таниқли футбол мутахассисларидан бири – Азамат Абдураимов яна мураббийлик фаолиятига қайтгани ҳақида хабар берганимиз ёдингизда бўлса керак.

Яқинда про-лига вакили – “Янгиер” жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Sports.uz мухбири Азамат Биродарович билан боғланиб, янги клубда иш бошлаши, тотализатор ва миллий терма жамоамиз ҳақида гаплашди.

“Янгиер” таклифи тасодифми? У ердаги режа ва мақсадлар ҳақида

- Тасодифми ёки тасодиф эмасми, раҳбарият мен билан алоқага чиқди. Маҳмуд ака музокаралар олиб бориш учун таклиф қилди. Элдор Сакаев истеъфога чиққанидан кейин клубда бош мураббий вазифаси вакант ҳолатда тургани учун шундай таклиф билан чиқдилар. Музокара бошланиш олдидан бевосита “Янгиер”ни кўришни ҳам тавсия қилишди. Таниш агентим Даврон менга африкалик бир қанча футболчиларни кўрсатиб ўтди. Буни қарангки, ўша ўйинчилар мен келгунга қадар айнан “Янгиер”да ўйнашни бошлаганди. Жамоа таркибида улардан ташқари, асосан 23-25 ёшлар атрофидаги футболчилар жамланган. Ўша таниш агентим билан “Янгиер” иштирокидаги бир қанча учрашувларни бевосита стадионда кузатганим учун ҳам жамоани бошқариш билан боғлиқ музокара силлиқ кечди, дейишим мумкин. Клубга янги устоз кераклиги ҳақидаги масала кўндаланг келганидан кейин агент менга шу вариантни ўрганиб чиқишимни айтди. Бунга қадар раҳбарият у билан ҳозирда қайси мураббийлар бўш эканлиги ҳақида гаплашишга улгурганди. У суҳбат чоғида мен ҳақимда оғиз очганидан кейин клуб мутасаддилари томонидан музокараларни бошлаш таклифи билдирилди. Бу воқеа Нукус жамоасига қарши учрашувдан 3-4 кун олдин юз берди. Кейин “Шўртан” билан 0:0 ҳисобида якунланган беллашувдан сўнг, клубга бош мураббий этиб тайинланишим юзасидан боғлиқ масала ҳам деярли ҳал бўлди. Улар Сакаев билан хайрлашишиб, мен билан ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олдилар.

азамат8

Биз клуб ҳақида чамаси икки соатлар давомида гаплашдик. Раҳбар менга “Янгиер”нинг хусусий клуб ҳисобланишини айтиб ўтди. “Янгиер”нинг ўз ҳомийси бор. Бу бир томондан яхши, иккинчи томондан эса кутилмаган ҳолат ҳам юзага келиш эҳтимоли йўқ эмас. Ҳозирча, Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан маҳаллий клубга қизиқиш бўлиб турибди. Мен вилоят раҳбари билан ҳам учрашдим. У менга клубни қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини айтди. Албатта, мураббийнинг иши клуб қайд этадиган натижага қараб баҳоланади. Мен буни тўлақонли равишда ҳис қилган ҳолда “Янгиер”ни бошқаришга киришдим. Албатта, йигитлар билан тезда тил топишиб кетиш осон бўлмайди. Қолаверса, уларнинг кўнглига йўл топиш керак бўлади. Агар натижалар кўнгилдагидек чиқмас экан, у ҳолда раҳбарият, ҳомий ва мухлислар клубга орқа ўгириб олишади. Ҳозирча Маҳмуд ака клубни қўллаб-қувватлаб турибди. Биринчи лигадаги билан про-лигадаги сарф-харажат ўртасида фарқ борлигини оддий ишқибоз ҳам билади. Футболчиларнинг маошлари билан боғлиқ ҳолат ҳам бундан мустасно эмас.

Маҳмуд ака билан гаплашган чоғимда унинг “Янгиер” билан боғлиқ режалари менга маъқул келди. У киши клубни босқичма-босқич ривожлантириб бориш ниятида эканлигини маълум қилди. Раҳбар менга шунга ҳамоҳанг равишда жамоа олдига босқичма-босқич вазифалар қўйиб борилишини айтиб ўтишни унутмади. Бундай вазифа келгуси йилдан қўйила бошланади. Албатта, асосий вазифа Суперлига йўлланмасига эга чиқиш бўлиши аниқ. Лекин бугунги кунда “Янгиер”нинг бундай имкониятга эга эмаслигини ҳамма тушуниб турибди. Ўз навбатида бунга моддий-техник имконият ҳам жавоб бермайди. Вилоят раҳбарияти фақат келгуси йилдан бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратишини маълум қилган. Вилоят ҳокими Гулистонда шундай имкониятни яратиш билан бирга клуб уй ўйинлари ўтказиладиган стадион катта, кенг қамровли реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган. Гулистондаги стадионнинг сиғими 10 минг ишқибоздан оширилади. Шунинг ҳисобига клуб Суперлига баҳсларини ўтказишга қўйиладиган талабга жавоб бера оладиган даражага чиқади.

азамат1

Билсангиз керак, анчадан бери Суперлигада Сирдарё вилоятида бирор-бир клуб иштирок этмасдан келяпти. Бинобарин, ҳамма шундай кун етиб келишини интиқлик билан кутишга тушган. Аммо, боя айтганимдек, ҳозирда “Янгиер”нинг Суперлига учун курашишга кўп томонлама имконияти етмайди. Бу аниқ. “Бухоро”, “Динамо”, “Нефтчи” сингари етакчилар билан беллашадиган даражада эмасмиз. Улар бу мавсумда юқори ўринлар учун кураш олиб борган ҳолда Суперлига йўлланмаларидан бирига эга чиқиш учун курашмоқдалар. Биз аввало тажриба тўплашимиз, жанговар таркибни ташкил этишимиз керак. Фақат шундагина Суперлига йўлида кураша оладиган даражага кўтарилишимиз мумкин. Айтиш керакки, про-лигадаги аксарият иштирокчилар биринчи лигадан кўтарилганлари боис уларнинг деярли 80-90 фоизи элитага ўтиш йўлланмаси учун кураш олиб боришга қодир эмас. Аниқроғ айтганда, уларга тажриба етишмайди. Бир даражадан иккинчисига ўтиш учун эса албатта вақт керак бўлади. Про-лигадаги клубнинг дарҳол Суперлигага кўтарилиши ва натижа тақдим этишини кутиш – бу мантиқсизликдир. Шукрки, раҳбар буни теран ҳис қилади.

Юқорида айтиб ўтганимдек у билан суҳбатлашганимда “Янгиер”нинг Суперлигага кўтарилиши босқичма-босқич юз беришга ишонишини билдирган. Ҳали “Янгиер”ни бошқаришга киришганимга кўп бўлмаса-да, клуб эгаси билан тез-тез учрашяпман, ўзаро суҳбатлашяпмиз, фикр алмашяпмиз. У илгари Сакаев билан ҳам шундай ишлаганини айтди. Ўйинчиларга қандай йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бериш масаласида Маҳмуд аканинг менга катта ёрдами тегяпти, десам сира муболаға қилмаган бўламан. Чунки жамоада янги одамман. Таркибдаги футболчиларнинг нималарга қодирлигини ҳам ҳали яхши билмайман. “Янгиер”ни бошқаришга киришганимга икки ҳафтадан ошган бўлса-да, ҳали футболчилар билан яқиндан танишиш жараёни ниҳоясига етганича йўқ. Аста-секинлик билан ўйинчиларнинг қайси чизиқда тўп суришларини ўрганиб боряпман. Шунга мос равишда ўз позицияларида қандай ўйнашлари кераклиги юзасидан машғулот ва учрашувларда кўрсатмалар беряпман. Албатта, ҳар кимнинг кўнглига бирдек йўл топиш осон эмас. Кимдир бундай пайтда ўзига ўйнаш имконияти ҳавола қилинмаётганидан хафа бўлишга тушиб қолади. Бу ҳар қандай клубда кузатиладиган табиий жараёндир. Бундай ва айтиш мумкин бўлса, аламзада кайфиятдаги йигитлар майдонга тушаётганларида бошқалардан асло қолишмаслигини, балки улардан кучлироқ ўйнай олишлари мумкинлигини исботлашга ҳаракат қиладилар. Июль ойида танаффус бошланган чоғда биз мураббийлар таркибни “элак”дан ўтказиб кимларни олиб қолиш, кимлардан воз кечиш ҳақида бир тўхтамга келмоқчимиз. Ўз навбатида воз кечилганлар ўрнига янги ижрочиларни олиб келиш режамизда йўқ эмас.

азамат3

Фейсбукда ёзган пости ва тотализатор тўғрисида

- Айтишим керакки, биринчи лига ва про-лигада кўплаб ўйинларнинг натижалари кишида шубҳа-гумонни пайдо қилади. Шу жумладан, “Бухоро” – “Оқтепа” учрашувида нималар рўй берганини яқиндан билмайман. Бу тотализаторми ёки йўқми, бирор нарса дейишим мушкул. Шуниси аниқки, 0:3 ҳисобида ютқазиб турган клубнинг якунда муқаррар мағлубиятдан қутулиб кетиши ҳар қандай кишини ҳайратга солмасдан қўймайди. Айниқса, қандайдир саноқли дақиқалар оралиғида бирин-кетин учта гол киритиш...Бу ақлга сиғмайдиган ҳолатдир. Шу боисдан ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифамда ҳамма ўқишга улгурган постни қолдиришга қарор қилдим.

Яна қайтараман: натижа тотализаторга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигидан мутлақо бехабарман. Футболда бундай ишлар гоҳ-гоҳида юз бериб туради. Ёдингизда бўлса, “Ливерпуль” чемпионлар лигаси финалида биринчи бўлимдан кейин “Милан”га 0:3 ҳисобида ютқазиб туриб, ўйиннинг иккинчи ярми давомида учта гол уришга муваффақ бўлганди. Кейинчалик “Ливерпуль” ўша финални пенальтилар серияси эвазига ютишга эришган. “Оқтепа”нинг “Бухоро”га қарши ўйин охирида биринчи голдан сўнг ҳимояси бутунлай сочилиб кетган кўринади. Бу ерда ниманидир тасдиқламоқчи эмасман. Лекин футболда мана шунақа ишлар ҳам юз бериб туради.

азамат5

Албатта, “Янгиер”даги айрим футболчиларнинг тотализаторга боғлиқлиги юзасидан шубҳа-гумонлар борлиги, буни федерация суриштиришга тушганидан хабарим бор. 4 нафар футболчимизнинг мана шундай ишларга алоқадор бўлиб аралишб қолиши албатта ёқимсиз ҳолдир. Шунинг эвазига бўлса керак, “Динамо”га қарши ўйинда учта ўйинчимизни таркибга кирита олмадик. Ўша футболчилар катта миқдордаги жаримага – 10 миллион сўмдан тўлаш мажбуриятига тортилишди. Шу сабабли айни чоғда бизга осон эмас. Бу футболчиларнинг асосий айби шундан иборатки, улар ўзларига тотализаторда қатнашиш таклифи билан чиққан одамларга рад жавобини берган бўлсалар-да, шундай йўл тутганларидан мутасаддиларни хабардор қилиб ўтирмаганлар. Улар клуб раҳбарияти ва федерация мутасаддиларига чиқишлари керак эди. Шу иши учун ҳам уларни жазога тортишди. Ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, билмаган ҳолда айбдор бўлган футболчиларимизни бир неча йил ёки умрбодга дисквалификация қилмай, катта миқдордаги жаримага тортдилар. Энди футболчиларимиз 10 миллион жарима тўлашмас экан, майдонга туша олмайдилар.

Табиийки, бу воқеа юзасидан “Янгиер”да йиғилиш ўтказдик, ҳаммасини обдон ўрганиб чиқдик. Биринчи лига ва про-лигада бундай ишлар юз бериб туриши сир эмас. Бироқ жамоамизда бундан кейин шу каби ҳолат рўй бермаслиги учун йиғилишда барча футболчилар қатъий равишда огоҳлантирилди. Бундай талабга жавоб беролмайдиган ўйинчиларимиздан эса албатта қутуламиз, “Янгиер”ни шундай ғирром ишларга аралашишга тайёр сотқинлардан тозалаймиз. ЎФА раҳбариятининг шу каби иллатларга қарши жиддий курашга киришганлиги мени хурсанд қилмоқда. Шунга ўхшаш ҳолат “Шўртан”да ҳам юз берди. Ғирром ўйинлардан шундай йўл орқали қутулиш мумкинлигини федерация кўрсатиб бермоқда.

азамат6

Терма жамоамиз тўғрисида

- Аввало, шуни айтмоғим керакки, мустақил Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳар доим ЖЧ саралашнинг охирги учинчи босқичига чиқиб келган. Яъни, бизда бу борада илгари ҳеч қандай муаммо кузатилмаган. Ҳозирги ҳолат аввалгилардан сал фарқ қилади. Чунки олдинлари терма жамоамиз учинчи саралаш босқичига чиқишда бунчалик муаммоларга йўлиқмаганди. Ҳозир эса жамоа олдига учинчи босқичга ўз гуруҳида биринчи ёки иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда чиқиш вазифаси қўйилган. Ўз навбатида бу ҳол Осиё қитъасида ҳам футбол сезиларли даражада ўсиб бораётганидан далолат беради. Илгари Сурия, Уммон ва Ливия каби терма жамоалар бошқа рақибларига очко улашиш билан машғул бўлишарди. Энди эса биз санаб ўтган бу жамоалар кучли рақиблардан қимматли очколарни тортиб олишга муваффақ бўлмоқдалар. Демоқчиманки, шу каби термалар бугунги кунга келиб кучли рақибларига муносиб қаршилик кўрсатишни ўзлаштириб олганлар.

Ўз навбатида доим қитъада етакчи ролда бўлиб келган Саудия Арабистони, Япония, Жанубий Корея сингари кучли термалар алоҳида бир гуруҳни ташкил этишга эришганлар. Бундай шароитда биз ўйинларга ўта катта масъулият билан ёндашишимиз керак бўлади. Фаластин ва Яман сингари кучсиз кўринган рақиблардан ҳам энди кутилмаган натижаларни кутиш мумкин бўлиб қолди. Шундай экан, яна қайтараман: саралаш баҳсларига ўта жиддий ёндашиш талаб қилинади. Чунки Фаластиндек терма жамоалар бизга кутилмаган сюрпризни тақдим этишларини кўрдик. Бугунги кунда мутахассислар интернет орқали фикр алмашган ҳолда миллий термамизни саралашнинг якуний босқичига чиқиш имконини 50х50 дея баҳолашмоқдалар. Турнирнинг ҳозирги босқичи Саудия Арабистонида ташкил этилаётгани ҳам олдимиздаги вазифани янада мураккаблаштириб юборган. Биз якуний – учинчи саралаш босқичига чиқишимиз учун Саудия Арабистонини ўз майдонида енгишимиз керак бўлади. Уларга ютқазмаслигимиз керак, дуранг эса бизга имкон қолдиради. Агар учинчи босқичга йўл ололмайдиган бўлсак, бу шармандаликдан бошқа нарса бўлмайди. Негаки, боя таъкидлаб ўтганимдек, Ўзбекистон термаси илгари бундай босқичга ҳеч қандай қийинчиликсиз етиб кела олган. Футболимиз нуфузи учун ҳам омадсизликка йўл қўймаслигимиз талаб қилинади.

азамат абдураимов4_2

Бошқа томондан олиб қараганда бизда бугунги кунда чиндан ҳам кучли бўлган терма жамоа бор. Жумладан, Одил Аҳмедовни алоҳида айтишим керак. У фахрий футболчи бўлса-да, қолган ёш шерикларига ўрнак вазифасини бажаришда давом этмоқда. Шунингдек, жамоамизда у каби яна бир қанча тажрибали футболчиларимиз йўқ эмас. Уларга ҳамоҳанг равишда ёш ва истиқболи порлоқ дея кутилаётган ўйинчиларимиз ҳам ўсиб бормоқдалар. Бизда авлодлар алмашинуви деярли ўтиб бўлди, дейишим мумкин. Чунки Кападзе, Жепаров, Ҳайдаров каби футболчилар авлоди фаолиятларини якунлаб бўлдилар. Уларнинг ўрнига Шомуродов, Машарипов сингари ёш, иштиёқманд футболчиларимиз келдилар. Бугунги кунда Элдор Шомуродов ўзбек футболининг фахри ҳисобланади. У Италия чемпионатидек нуфузли лигада нафақат майдонга тушяпти, балки голлар киритишга ҳам эришди. Бугунги кунда термамизда нафақат Аҳмедов, балки Элдор ва Жалолиддин ҳам етакчи футболчилар мақомига етиб бўлганлар.

Умуман олганда, бизда бой тажрибага эга ва шунинг баробарида эртанги куни порлоқ бўлиши кутилаётган ёш футболчилардан иборат терма жамоа бор. Мана шундай ижрочилар албатта натижани таъминлашлари керак. Терма жамоамизнинг Саудия Арабистонидан устун келиши мумкинлиги борасида ҳеч қандай муаммони кўрмаяпман. Агар ўйин учун керакли тактика ва футболчилар танлаб олинса, натижа биз учун қониқарли кўриниш ҳосил қилиши муқаррар. Бугунги терма жамоамизда ҳужум ва ҳимоя чизиғида катта потенциал мавжуд. Мени биргина ўйлантираётган ва муаммоли позиция бу кучли дарвозабонга эга бўлмаганимиз ҳисобланади. Илгари Игнатий Нестеров биринчи рақамли дарвозабон саналиб келинган бўлса, бугунги термада худди у сингари бошқа бир посбонни кўрмаяпман. Шу сабабли ҳам мураббийлар гоҳ у, гоҳ бу дарвозабонни синовдан ўтказишга мажбур бўлмоқдалар. Буни биз мутахассислар ва албатта зукко ишқибозлар ҳам кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Айнан шу масалада мен ожиз нуқтамизни кўряпман. Бошқа позициялар борасида менда деярли хавотир йўқ. Масалан, ҳужум чизиғидаги ижрочилардан кўнглим тўқ. Улар ўйин тақдирини бемалол ҳал эта олишлари мумкин. Ярим ҳимоя чизиғидаги ижрочилар – Одил Аҳмедов, Одил Ҳамробеков ва Отабек Шукуров сингари футболчиларимиздан хотиржамман. Улар майдон марказида ишончли ҳаракатлари билан бошқа шерикларини ҳам руҳлантиришмоқда.

азамат4

Саралашнинг якуний босқичига чиқиш учун ҳозир бизда яхши имконият юзага келган. Дарҳақиқат, Саудия Арабистонига қарши кечадиган ўйин кўп масалага ойдинлик киритиб беради. Ўйлайманки, мураббийлар штаби ўша беллашувга керакли таркибни танлай оладилар. Чунки биз ўз майдонида тўп сурадиган кучли рақибга қарши майдонга чиқамиз. Қолаверса, Саудия гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Футболчи сифатида саудияликларга қарши бир неча бор майдонга тушганим туфайли уларнинг ўз уйида қандай тўп суришларидан яхши хабардорман. Боз устига футболда қадрдон деворлар ҳам қўллайди деган мақол бежиз айтилмаган. Тўғри, Россияда ташкил этилган мундиалда Саудия бошқа рақибларига имкониятни бой берган ҳолда ўзидан ёмон таассурот қолдирганди. Аммо ушбу юрт вакиллари ўз майдонида тўп суришар экан, исталган рақибларини бемалол доғда қолдиришлари мумкин. Саудияликларга қарши кечадиган беллашувга тўғри тактика ва таркибни танлашдан ташқари руҳий тайёргарлик ҳам шунга яраша бўлмоғи даркор. Тактик режани обдон тузишимиз керак. Шунда рақибни хато қилишга мажбур этишимиз, фақат ўйинни ҳимояга таянган ҳолда ташкил этмай ҳужумда ҳам фаол бўлишимиз мумкин. Мен бўлажак ўйин борасида шахсий фикримга таянган ҳолда мулоҳаза юритяпман. Ҳаммаси мураббийларнинг режаси ва футболчиларнинг тайёргарлигига боғлиқ бўлишини асло унутмаслик керак. Боя айтганимдек, бизда тажрибали ва ёш футболчилардан иборат шаклланган терма жамоа бор.           

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
10/06/2021 23:22
Sayidiya bemolol yutsa buladi shunchaki uyinchilarni tugri pazitsaga quysa buldi. himiyaga Husniddin bilan Umar. qanotlarga. Alijonov. va Yuldoshiev. tayanch zonaga. Hamrabekov. Ahmedov. hujim ortiga Aliboev. qanotlarga Masharipov. Ikromov. hujimga Shomurodov. quysa buldi.