Зидан эффекти, “Реал” иродаси, ажойиб қайтиш, тўпурар ҳимоячи – "Қироллик клуби" чемпионлигига назар
Хабарингиз бор, 19 июль куни Испания чемпионати ниҳоясига етди. Ғолиб ва совриндорлар, еврокубокларга чиққанлару кучлилар сафини тарк этганлар узил-кесил расман аниқланди.
“Реал” – 34 карра Испания чемпиони!
Узоқ давом этган мавсумда чемпионликни “Реал” қўлга киритди. Мессига мухлислик қиладиган ва Роналдусиз “Реал” тарафдорлари чинакамига муросасиз кураш шоҳидига айланишди.
Карантингача «Барселона» етакчилик қилди. Аммо рестартдан кейинги ўйинлар каталонияликлар учун оғир кечди, “Қироллик клуби” уч йиллик танаффусдан сўнг шоҳсупага кўтарилди. Бу мамлакат чемпионатлари тарихида “Реал”нинг 34-олтин медали экани таҳсинга лойиқ!
“Реал”нинг иродаси
“Реал” Европа Чемпионлар Лигасида бош совринни қўлга киритиши анча осондек туюлади. Лекин Ла Лигага келганда, жамоага кўп ҳолларда нимадир етишмай қолади. Ички чемпионатнинг энг кўп ғолиби айнан мадридликлар. Аммо охирги йилларда “Қироллик клуби” улоқни азалий рақиби “Барселона”га бериб қўяётганди.
“Қаймоқранглилар” охирги 10 йилда Ла Лигада 3 марта 1-ўринни қўлга киритган бўлса, “кўк-анор ранглилар” 6 бор ғолибликка эришган.
Умуман олганда, мадридликлар мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Бироқ якун чиройли чиқди. Январда жамоа ўйинида ўзгариш бўлди. Зидан шогирдлари айрим дуранг ёки йирик ғалабаларни айтмаса, минимал ҳисобда зафар қучиш эвазига соврин соҳибига айланди. Жамоанинг энг катта ютуғи “Барселона” ва “Атлетико”ни мағлуб этганида, Зиданнинг ҳар қандай шароитда ҳам ишлай олишида. Яъни айрим футболчилар унинг тактикасига тушмаса, қайсарлик қилса-да, тренер ҳеч кимни ҳафа қилмаган ҳолда ички муҳитни ушлаб турди. Авваллари “Реал”да ички муҳит билан боғлиқ кўплаб муаммолар чиқарди ва бу жамоанинг натижаларига таъсир ўтказмай қолмасди.
Зидан эффекти
Зинедин Зидан 2018 йили “Реал” билан ЕЧЛни ютиб, жамоани ёруғ юз билан тарк этишга қарор қилди. У совринларни қалаштириб ташласа ҳам Мадридда ишлаш осон эмаслигини яхши биларди. Чунки унга Флорентино Перес деган қудратли инсон раҳбарлик қиларди.
Переснинг ёқимтой футболчилари борлиги ва у доим мураббийларга қайсидир ўйинчини майдонга тушириш кераклигини айтарди, мураббийларнинг ишига аралашарди. Бу эса тренерларга ёқмаслиги аниқ. Улардан бири Гарет Бэйл. Шу каби омиллар франциялик мураббийнинг кетишига сабаб бўлганди.
Уэльслик “топилма”ни Зидан ўз йўриғига сола олмади. Лекин унинг ички муҳитга таъсир ўтказишига йўл қўймади. Қандай қилганини билмадик, аммо у бунинг уддасидан чиқди. Бироқ мавсум давомида Гарет ўзининг хурмача қилиқлари билан намоён бўлди. Айниқса, охирги турларда учрашув тугамасидан майдонни тарк этиши, захирада ухлаб ўтириши... Энди Бэйлни Перес ҳам жамоадан тезроқ кетказиш пайига тушиб қолган. Ҳар ҳолда “Реал”дек жамоага бу каби иллатлар тўғри келмайди.
Ўтган йилги мавсум охирларида Зидан “Реал”га қайтди. Қарасаки, у қурган иморат деярли бузилиб кетибди. У бинони яна қайтадан қурди. Керакли паллада жамоани ўзининг аввалги “Реал”ига айлантирди. Энди ЕЧЛ жавоб баҳсида, гарчи англияликлар Мадридда ғалаба қозонган бўлса-да, “Манчестер Сити”га осон бўлмайди. Гвардиола–Зидан қарама-қаршилигини кутаётганларга алангали салом.
Тўпурар сардор ҳимоячи
“Қироллик клуби” Роналдудан сўнг ўзини ўнглаши қийин кечди. Боз устига, Зидан ҳам кетганди. Бироқ маълум вақтдан кейин жамоада етакчилар пайдо бўлди. Улардан бири Серхио Рамос. Сардор чинакам етакчи эканлигини исботлади. Қийин паллаларда пенальтидан тўп тепишни зиммасига олди ва Роналду ва Месси 11 метрдан гол ура олмаган пайтларда у жарима зарбасини бехато бажарди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, Рамос Ла Лиганинг бу мавсумида 11 та гол урди. Ундан кўпроқ гол уриш фақат Бенземага насиб этди – 21.
“Олтин тўп”га асосий даъвогар эди
Карим Бензема анча йиллар Криштиану Роналдунинг соясида қолиб кетди, танқидларга учради. Бироқ охирги икки йилда жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди.
Дарвозага тескари турган ҳолатда ҳам тўп кирита олиши унга мухлислик қилаётганларнинг янада кўпайишига сабабчи бўлди. Каримнинг голлари “Реал”га муҳим ғалабаларни тақдим этди.
Можаро сабаб охирги йилларда Франция терма жамоасидан четда қолаётган ҳужумчи мавсумни ажойиб ўтказди. Кўплаб экспертлар ва мутахассислар айнан Бенземани “Олтин тўп” учун асосий даъвогарлардан дея фикр билдираётганди. Аммо соврин ташкилотчилари бу йилги пандемия ҳолатидан келиб чиқиб, жорий йил “Олтин тўп”ни ҳеч ким олмаслигини билдиришди. Шу тариқа, шахсий совринга жуда яқин келган Бензема ундан мосуво қолди.
Ажойиб қайтиш
Марко Асенсио жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди. Иқтидорли футболчи сабр билан шу кунларни енгиб ўтди. Ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қандай кунларни бошидан ўтказганини, лекин машғулотлардан тўхтамаганини маълум қилиб борди. Натижа эса барчага аён.
Асенсио ёки Зиданнинг “ёқимтойи”, ёки жуда ҳам омадли. У ажойиб камбэкни амалга оширди. Футболчи 18 июнь куни майдонга қайтди. 74-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди ва шу дақиқанинг ўзида гол урди.
Яқиндагина жароҳатидан фориғ бўлган Маркога мураббий кейинги учрашувларда ҳам имконият берди. У эса бундан самарали фойдаланиб, аввалги ҳолатига қайтаётганини исботлади.
Энг яхши дарвозабон
“Реал” Ла Лигада энг кам гол ўтказган жамоа. Бунинг ортида Куртуанинг катта меҳнати ётибди.
Мавсум бошида Тибо Куртуа энг ёмон даврларни бошидан кечирди. Унинг шаънига отилмаган тош, айтилмаган танқидлар қолмади. Ҳар турдан кейин Куртуганинг салбий натижалари акс этган карикатуралар чоп этилди. Бироқ бельгиялик посбон чалғимай, ўз устида ишлашда давом этди: ёмон старт – ажойиб финиш.
Айниқса, рестартдан кейин Куртуа жамоасини ажойиб сэйвлари билан муқаррар голлардан қутқариб қолди. Шу боис у мавсумнинг энг яхши дарвозабонига бериладиган Самора совринини қўлга киритди. 28 ёшлик посбон чемпионатда 34 ўйинда майдонга тушиб, 20 та гол ўтказди ва 18 учрашувда дарозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Натижада 2008 йилдан бери илк бор Самора совринини қўлга киритган “Реал” посбони Куртуа бўлди. Сўнгги бор мадридликлар сафида ушбу совринга Икер Касильяс эга чиққанди.
Қайд этиш жоиз, Куртуа “Атлетико” сафида ҳам бу соврин билан икки бор тақдирланганди.
Ўринлар
Испания клублари учун ЕЧЛ гуруҳ босқичига 4 та йўлланма ажратилган. Улар «Реал», «Барселона», «Атлетико», «Севилья»га насиб этди.
Европа Лигаси гуруҳ босқичига эса 2 та: «Вильярреал», «Реал Сосьедад».
Европа Лигаси саралаш босқичида 7-ўринни эгаллаган «Гранада» қатнашади.
«Леганес», «Мальорка», «Эспаньол» Сегундага тушиб кетди.
Ла Лигага «Кадис» ва «Уэска» клублари чиқишди. Учинчи жамоа «Сарагоса», «Альмерия», «Жирона» ва «Эльче» клублари ўртасидаги плей-офф баҳсларида аниқланади.
Фикрлар