Зидан эффекти: Дешам ўз жойини сақлаши учун Мундиални ютишга мажбурми?
Ads

Франция терма жамоаси бош мураббийи ҳозирда ҳар томонлама босим остида қолиб кетмоқда. Унинг собиқ термадоши – Зинедин Зидан иш қидириб юрган бир пайтда у Россияда бўлиб ўтаётган Жаҳон Чемпионатида ўзини кўрсатиши керак. Акс ҳолда “Реал Мадрид”нинг собиқ устози унинг ўрнини эгаллаши мумкин.

Дидье Дешам шу вақтгача ўз жойи ҳақида қайғурмаётган эди. Аммо “Реал”да икки ярим йиллик фаолияти давомида қаторасига учта Чемпионлар Лигасини ютиб олган Зидан клубдан кетиб кўпчиликни ҳайратда қолдирди. ОАВ эса дарҳол унинг кейинги ишини Франция бошқарувида кўра бошлади.

Дешам эса “кўклар”ни 2014-йилги Мундиалдан кейин сезиларли кучайтира олди. У терма жамоани Евро-2016 финалигача етаклаб борди. Аммо ўшанда Португалиядан учралган аламли мағлубиятни тан олиш қийин бўлганди. “Биз “Евро”ни ютиш учун бўлган ягона имкониятимизни бой бердик. Сўзлар билан буни тушунтириб бера олмайман” деганди Дешам турнирдан кейин.

Жаҳон Чемпионати саралаш босқичида Беларуссия ва Люксембур билан бўлган дуранг, кейинчалик Швециядан учралган мағлубиятларга қарамай, Дешам шогирдлари асосий вазифани уддалашди.

Улар Мундиалнинг “С” гуруҳидан жой олди. Қозонга эса Марсяль, Ляказетт ва Рабьо каби иқтидорли футболчилар келиш бахтидан мосуво бўлди.

Бразилияда ўтган нуфузли мусобақадан бери таркибда 17 янги чеҳраларни кўришимиз мумкин. У якуний таркибга энг яхшиларни танлаганига шубҳа йўқ. Кўпчилиги ёш бўлишига қарамай, юқори савиядаги ўйинларда қатнашиш тажрибасига эга.

Аммо тўсатдан “Зидан фактори” пайдо бўлди. Зизунинг июнь ойи бошида “Реал”дан кетганидан кейин кўпчилик унинг янги иши Франция термаси бўлиши ҳақида бонг ура бошлади. Мураббийлик фаолиятини юқори нотада бошлаган Зидан учун навбатдаги босқичга кўтарилиш бўлади.

Унинг Чемпионлар Лигасидаги натижаси шуни кўрсатдики, 1998-йилги жаҳон чемпиони керакли вақтда керакли футболчиларни танлай олади. Бунга халқаро даражадаги баъзи мураббийларгина қодир.

Дешам ҳам Зиданни эртами-кечми Франция бошқарувида кўраётганини таъкидлаб ўтди: “Зидан нимага қарор қилганини билмайман. Ҳозирча у дам олиш, оиласи ва севганлари ёнида бўлишни истамоқда, деб ўйлайман. У мураббий бўлиши мумкин (изоҳ: Франция термаси). Қачон? Буни айта олмайман, аммо бу менга мантиқли туюлмоқда. Бу пайти келиб содир бўлади.”

Зидан эса бу гапларга унчалик эътибор қаратаётгани йўқ. “Нима қилишимни билмайман. Энг муҳими қабул қилган қарорим. Қолганини кўрамиз” – дея матбуот анжуманида жавоб берди.

Дешам эса амалдаги шартномасини 2020-йилгача янгилаган эди. У бу билан Франция бошқарувида узоқ вақт қолган иккинчи мураббийга айланди. Аммо шартнома муддатини тўлиқ бажариш учун Дешама Россияда бўлиб ўтаётган Мундиални ютиши керак бўлади.

“Дидье Дешамда 2020-йилгача амал қиладиган шартнома бор. У 2020-йилгача қолади” – дея таъкидлади ФФФ президенти Ноэль Ле Грэ хоним BFM TV га берган интервьюсида.

Дешам табиий курашувчилар сирасига киради. Бироқ Зидан футбол олами юзи ҳисобланади. Ҳатто 1998-йилги Мундиалнинг бош совринини Дешам кўтарган бўлсада, Франция кўчалари Зиданнинг суратлари билан тўлиб-тошганди. Google қидирув тизимида ҳам Зиданнинг кубокни ушлаб тушган сурати Дешамникидан бир неча баравар кўп.

Агарда Дешам Францияга қўлида олтин соврин билан қайтмаса, унинг термадаги лавозими тугашига саноқли кунлар қолишини кўрсатади.