Чемпионатимизда ўйнаган собиқ футболчи энди агент ролида ёхуд қайси легионерлар билан ҳамкорлик қилиши ва янги келаётган футболчилар ҳақида

Ҳозир футболда агентларнинг иши анча оммалашиб кетди. Кимдир янги ўйинчи таклиф қилмоқчи бўлса, агентсиз иш битмайдиган бўлиб қолган. Айниқса, легионерларни харид қилишда бевосита айнан агентлар асосий ролга ўтадилар.

Жумладан, ўзбек клублари ҳам ўз сафларига хорижлик футболчиларни қўшиб олиш ҳамда улар билан шартномалар имзолашда агент орқали ишни битирадилар. Хизмат юзасидан кўплаб легионерлар билан гаплашамиз. Барчаси янги клубга ўтаётгани ёки таклифлар ҳақида гапирганида албатта агентини тилга олиб ўтадилар. Баъзида шундай бўладики, клублар кимнидир таклиф қилиш ёки яхшироқ савиядаги ўйинчиларни топиб бериш мақсадида таниш агентларга алоқага чиқадилар ёки агентнинг ўзи футболчиларини тавсия қилади.

Суперлигамизда ўйнаётган легионерлар орасида эса сербияликлар кўпчиликни ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Чунки ўша ердаги футболчиларнинг савияси ва маҳорати ўзбек жамоалари учун мос. Ўз навбатида улар учун ҳам Суперлигамизда тўп суриш ҳар томонлама манфаатли.

Агентлар орасида биз учун бегона бўлмаганлари ҳам бор. Зукко мухлислар яхши эсласалар керак, ўз вақтида чемпионатимизда сербиялик ҳимоячи Игорь Петкович тўп сурган. 2010 йили “Машъал” клубига келган ва у ерда 2012 йилгача ўйнаган. Сўнг, АГМК жамоасида фаолият олиб борди. 2014 йили эса “Нефтчи”га ўтди. Футболчи шу тарзда Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттирди. Ҳозирги пайтга келиб Петкович футболдан узоқлашмаган ҳолда агент сифатида ишлаб келяпти. Ўзбекистон чемпионатида ўйнагани сабабли уни клубларимиз билан алоқалари яхши. Натижада бир қатор жамоаларимизда унинг мижозлари бор. Sports.uz мухбири эса Петкович билан боғланди.

петкович1

“Хайрли кун, албатта ҳозиргача мени эслаб турганингиз учун сиздан миннатдорман, - дея гап бошлади агент. - Ўзбекистондаги фаолиятимга келсак, аввалига кўникма ҳосил қилишим осон бўлмаган. Аммо вақт олий ҳакам деганларидек, янгича шарт-шароитга бўлган кўникма пайдо бўлди ва ҳамма ишларим жойига тушган. Дарҳақиқат, у ерда – юртингизда мароқ билан эслашим учун менда яхши хотиралар қолган. Бир-биридан зўр ўйинларни ўтказгандим. Уларнинг қайси бирини эсга олишни ҳам билмайман, тўғриси.

Бутсаларимни михга илганимдан кейин ўзимни қайси соҳада синаб кўриш борасида бош қотиришимга тўғри келган. Одатда, аксарият собиқ футболчилар мураббийликни танлайдилар. Лекин мен бу иш ўзим истаган машғулот бўлмаслигини ҳис қилганман. Футболда жуда кўплаб таниш-билишлар орттирганим боис шу ўйинда қолишга қарор қилиб, агент ролини танладим”.

Петкович ўзбек клубларига сербиялик легионерларни етказиб беришда фаол. Бу борада у Суперлига иштирокчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қуйида Игорь чемпионатимизда ўйнаётган қайси легионерлар мижози эканини очиқлади.

“Биз ҳозирда Лука Чермель ва Милан Митрович билан шартнома имзоладик. Улар Жиззах клубида тўп суришда давом этадилар. Иван Йосович ҳам “Қўқон-1912” билан тузилган шартномани узайтирган. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, “Нефтчи”даги Александр Ешич ҳам шартномасини узайтириб, жамоада тўп суришда давом этадиган бўлди. “Нефтчи”да янги ўйинчи пайдо бўлади. У бунга қадар Қозоғистоннинг “Атирау” клубида тўп сурган марказий ҳимоячи Даниел Стойковичдир. Гарчи бу хусусида ҳозирда гапиришга бироз эрта бўлса ҳам сизга бир сирни очмоқчиман. Чемпионатингизда яна мижозларимдан иккитаси пайдо бўлишга жуда яқин туришибди”.

петкович

Агентнинг гапини ўқидингиз, тез орада Суперлигада яна янги легионерлар пайдо бўлади. Демак, у бу масала устида ҳам ишлаяпти. Эътибор берган бўлсангиз, Петкович илгари “Нефтчи”да ҳам ўйнагани учун ҳозирда собиқ клуби билан ҳамкорлик қиляпти. Фарғоналиклар сафидаги легионерлар Петковичга тегишли экани энди аён. Ўтган мавсумда про лига тўпурари ва энг яхши футболчиси бўлган Марко Обрадович ҳам айнан ушбу мутахассис билан ишлайди, яъни, Петкович унинг агенти. Ёдингизда бўлса, Обрадович чемпионат тугамасидан олдин ўзи истамаган ҳолда клубдан кетганди. Ҳолбуки, Марко ўшанда сайтимизга берган интервюсида муддатидан аввал “Нефтчи”дан кетиш нияти бўлмагани ҳақида айтганди. Петкович эса Обрадович ҳақида тўхталди ва унинг баҳосини ҳам гапирди.

“Ҳа, Марко Обрадович бежизга про лигадаги энг яхши футболчи деган номни олмаган! У ерда ҳеч қандай ғайриоддий иш содир бўлмаган. Шунчаки, Марконинг шартномаси ниҳоясига етгани учун энди у таклифларга очиқ турибди. Ҳозирда ҳар қандай таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Ўйлайманки, Обрадович яна Ўзбекистонга қайтса керак.

Марконинг ҳам ўз баҳоси бор. Бу баҳо қимматми ёки арзонми, биргаликда кузатиб қолишимизга тўғри келади. Чунки футболчига баҳони клублар раҳбарлари ва агентлар белгилаб беришади. Энг асосийси, бундай вазиятда ўйинчи ва бутун жамоанинг рози бўлиши ҳисобланади”.

Юқорида Петкович яна иккита мижози Ўзбекистон чемпионатига келиши ҳақида гапирди. Тўғриси, бу биз учун қизиқ бўлиб туюлди. Улар кимлар?

“Бу масалада аниқ бир исм-шарифни кўрсатиб ўтмасликни маъқул топаман. Чунки ҳали иш поёнига етганича йўқ. Ўйлайманки, ўша икки футболчи бор маҳоратини намойиш этишга улгурган бўлиб, уларга харидор клублар бундан кўнгиллари тўлган. Ўйлайманки, бу йилги янги мавсум олдингисидан ҳам қизиқарлироқ ўтади.

Умуман олганда, Сербияда яна мижозларим йўқ эмас. Мен уларни асосан қандай савиядаги футболчи эканлигига қараб танлайман. Инсонийлик сифатлари ҳам бундай пайтда эътиборимдан четда қолиб кетмайди. “Радник”да иккита мижозим бор. Улар Милош Спасич билан Никола Радмановач бўлиб, мен бу ўйинчиларнинг келажаги яхши бўлишига ишонаман”.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!