Мурод Алиев: "Олдинги ўйинларимиз ёрқин чиқмади, агар рақибдан қўрқсак жаҳон чемпионати ҳақида ўйламасак ҳам бўлади"

Sports.uzни кузатиб бораётган ўқувчиларимиз яхши биладиларки, миллий терма жамоамизга доир мақолаларни эътиборингизга ҳавола қилиб келяпмиз.

Айниқса, мутахассислар томонидан билдирилаётган турли туман фикрлар ўзига яраша бўлмоқда. Чунки Ўзбекистонни эртага Саудия Арабистонига қарши ўта муҳим ўйин кутаётганини ҳамма билиб турибди.

Ўзбек футболида таниқли шахслардан бири – Мурод Алиев ҳам бу борада sports.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб қайтарди.

- Мурод Боқиевич, миллий терма жамоамизни Саудия Арабистонига қарши ўйини барчамиз учун муҳим. Бу ўйиндан нима кутяпсиз?

- Биласизми, Сингапур деймизми ёки бошқами, ҳар бир ўйинга мураббий футболчиларни ўзгача тайёрлаши керак. Тактик, руҳий, жисмоний, умуман барча жабҳада тайёрлаши шарт. Фақат бу тайёргарлик қай даражада бўлиши мураббийга боғлиқ. Тўғрисини айтсам, ўйинларимиз ҳам ёрқин чиққани йўқ. Маза қилиб кўрадиган, комбинацияли ўйинлар бўлмади. Бемалолчилик билан юта олдик дея олмайман. Саудиядаги об-ҳаво ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгандир. Балки ўтган вақт давомида кўникиб қолишгандир. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқи ғалабани кутяпти. Буни мураббий ҳар бир футболчига етказа олиб, тайёргарлигини кучайтира олса, ўйлайманки, Саудия Арабистонига қарши бемалол ўйнай оламиз. Бу рақибни биздан бир-икки калла кучли демоқчи эмасман. Аксинча, бизнинг ўйинчиларимиз улардан юқорилигини ўзлари яхши ҳис қилишлари лозим. Ғалабага бўлган ҳис-туйғуси кучлилигини билиши керак. Ўйин давомида керак пайтда совуққонлик, яна керак пайтда ўта жиддийлик ва аниқлик керак. Ўйинга тўғри тактика танласа, жамоамиз яхши натижага эришади. Агар Саудиядан қўрқадиган бўлсак, унда жаҳон чемпионати ҳақида ўйламасак ҳам бўлади. Осиё жамоалари билан мутлақо қўрқиб ўйнамаслигимиз керак.

алиев

- Одатда миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичидан учинчисига катта қийинчиликларсиз ўтарди. Аммо бу сафаргисида вазият бундай эмас. Барчамизда хавотирлар бор. Бундай ҳолатга тушиб қолишимизга нима сабаб, деб ўйлайсиз?

- Шахсий фикримни айтсам, биринчи навбатда мураббийлар штабида ўзгаришлар бўлди. Биласиз, саралаш босқичини Купер билан бошладик. Кейин Абрамовга ишондик. Ҳар бир мураббийдан ўзига яраша чиқиш бўлади ва яхши ўйин кўрсатиш тарафдорлиги айтилади. Тўғри тактика танлай оладими-йўқми, биз билмаймиз. Иккинчидан, футбол федерациясида ҳам раҳбарият ўзгариши бўлди. Ҳаммани бир-бирини тушунгунигача ҳам вақт керак эди. Ёдингизда бўлса, Тошкентда Саудия Арабистонига ютқазиб қўйдик. Ўша очколар бизга керак бўляпти. Агар мағлубиятга учраган ўйинларимизни ютганимизда ҳозир бундай муаммоларга дуч келмасдик.

- Саудия билан ўйинда ниманинг эвазига ютишимиз мумкин?

- Ўзбекистон халқи доим футболчиларимиздан жаҳон чемпионатини кутишяпти. Агар йигитларимиз шуни чуқур ҳис қилиб, халқни, оиласини ўйлаб майдонга тушишса, битта ўйин ваҳимали эмас. Бемалол ўйнаб ғалаба қозонса бўлади деб ўйлайман. Жамоа ичида биз билган ва билмаган жараёнлар ҳам бўлиши мумкин. Чунки у ердаги муҳитни билмаймиз. Сиз билан биз қандай бўларкин деб қайғуриб ўтирибмиз. Футболчиларимиз биздан ҳам кўра кўпроқ ўйлаб қайғураётган бўлсалар керак. Ҳаяжон ва қўрқувни йўқ қилиб тушишса натижамиз яхши бўлади. Саудия билан учрашувга гўёки жаҳон чемпионати финалидек қараляпти. Аммо бундай ўйламаслик керак. Тўғри, муҳим ўйин, лекин шунга яраша ҳам оқилона фикрлаш керак. Чунки ютса бўладиган ўйин.

узб_4

- Вадим Абрамов ҳақида қандай фикрдасиз?

- Мураббийларга унчалик баҳо бера олмайман. Мураббий ниманидир ютиб, натижа кўрсатган бўлса, қандайдир фикр билдирса бўлади. Менимча, у ҳали ҳеч нима ютмаган мураббий. Футболимиз раҳбарлари Абрамовга терма жамоани ишониб берган. Тўғри танлов бўлгандир деб ўйлайман. Фақат уларга омад тилайман. Бизда яхши йигитлар бор. Фақат уларни ўйнатиб юборадиган, имкониятларини очиб бера оладиган мураббийлар бўлиши лозим.

- Тўғриси, Саудия билан ўйин натижасига қараб иккинчи ўрин билан чиқсак ҳам майли дейдиганлар бор. Бунга сиз ҳам рози бўлармидингиз?

- Ҳаммаси тактикага боғлиқ. Ютамиз деб ҳужумга берилиб кетсак, қарши ҳужумда гол ўтказиб юборишимиз мумкин. Мураббийнинг танлайдиган тактикаси жуда муҳим. Балки иккинчи рақам остида қарши ҳужум тактикасида ўйнармиз. Билиб бўлмайди, уларга ҳам, бизга ҳам ғалаба керак. Жараённи мураббийлар яхшироқ билишади. Биз узоқдан туриб гапираверамиз. Аммо футбол ўйнаш ҳам осон эмас, аслида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
14/06/2021 23:42
РАҚИБДАН УМУМАН ҚЎРҚИБ ЎЙНАШ КЕРАК ЭМАС. ЎЗБЕКИСТОН АЛЛА ҚАЧОН БУ ДАВРЛАРДАН ЎТГАН 1:8 ЛАР ДАВРИДА. ФАҚАТ ОЛҒА БОСИШ КЕРАК ЙИГИТЛАРИМИЗ. САБАБИ УЛАР ҲАМ 2 ОЁҚДА 11 КИШИ БЎЛИБ ФУТБОЛ ЎЙНАЙДИ. БИЗНИКИЛАРҲАМ. РАҚИБДАН ЧЎЧИБ ЎЙНАЙВЕРИБ МУНДИАЛЛАРСИЗ ҚОЛИБ КЕТДИК, БУ ТАРКИБДА ШИЖОАТЛИ КЎЗИ ЧАҚНАГАН ЁШЛАРИМИЗ КЎП. ШУНДАЙ ЭКАН ОЛҒА БОСАДИ ЭРТАГА ЙИГИТЛАРИМИЗ. ШАҲСАН МЕН БУНГА ИШОНАМАН.