17-тур “Андижон” жамоаси учун омадли бўлди. Муборакда “Машъал”га қарши учрашувда Виктор Кумиков жамоаси ўта муҳим ғалабани қўлга киритди. Шундай қилиб, Ўзбекистон чемпионати тарихида илк бор андижонликлар “Машъал” майдонида уч очкони қўлга киритдилар.

Ўйиннинг 31-дақиқасида Усмонали Исмоналиев белгиланган пенальтини бехато бажарди. Аввалига бош ҳакам зарба берилаётган маҳалда бошқа футболчи муддатидан аввал чизиқни кесиб ўтган дея зарбани такроран тепишни буюрди. Исмоналиев иккинчи марта ҳам пенальтидан гол урган ҳолда “Андижон”нинг ғалабасини таъминлади.

Энг қизиғи шуки, ушбу ўйинчи аслида ҳимоячи бўлса-да, бу учрашув соф ҳужумчи сифатида тўп сурди. Мураббийнинг бундай кутилмаган қарори ўзини оқлади. Шу тариқа, Исмоналиев мавсум давомида учинчи голини урди. Учрашувдан кейин Исмоналиев Sports.uz учун ўз фикрларини билдирди.

- “Андижон”ни Муборакдаги ғалабаси билан табриклаймиз. Ўйин қаҳрамони сифатида учрашувдан қандай таассурот олдингиз?

- Бу ўйин биз учун жуда жиддий эди. Қандай бўлмасин ютишимиз шарт эди. Агар бу сафар ҳам ютқазиб қўядиган бўлсак, унда аҳволимиз янада оғирлашарди. Шунинг эвазига барча бор кучини бериб ўйнади. Худога шукр, юзимиз ёруғ бўлди.

усмон3

- Сиз марказий ҳимоячисиз. Аммо “Машъал”га қарши учрашувда марказий ҳужумчи ролида ўйнадингиз. Бу сизга ноқулайлик туғдирмадими?

- Олдин ҳам ҳужумда ўйнаганман. Биринчи лигада “УзДонгЖу” жамоасида олдинги чизиқда тўп сурардим. Шунингдек, биргина ҳужумчи бўлиб эмас, ярим ҳимояда ҳам ҳаракат қилганман. Ҳимояда тўп суришни ўтган йили “Андижон” сафида бошлагандим. Бугунги учрашувда мураббийимиз мендан ҳужумда ўйнай оласанми, деб сўраганида ҳа, илгари ҳам ҳужумда тўп сурганимни айтдим. Шунга мураббий ишониб қўйди ва жамоа билан унинг ишончини оқладик, деб умид қиламан. Бундан буён ҳам ғалабаларимиз бардавом бўлишига ҳаракат қиламиз.

- Ўйиндан кейин Виктор Кумиковдан сизни нима учун ҳимоядан ҳужумга қўйгани ҳақида сўрадим. У ҳазиломуз тарзда бизнинг “махфий қуролимиз” деб атади. Мавсум охиригача шундай ҳолатда ўйнай оласизми?

- Бундан кейин ҳам шу руҳда давом этишга тайёрмиз. Мураббий ўзимга ҳам бу гапларни айтди. Аслида менга ҳимоядана кўра, ярим ҳимоя ва ҳужумда тўп суриш кўпроқ ёқади. Гапнинг очиғи, ҳимояда ўйнаш зерикарли. Ўйинингиз бировга ҳам кўринмайди. Ҳужумда қизиқарлироқ ва бундан кейин ҳам яна голлар уришга ҳаракат қиламан.

усмон1

- “Машъал” дарвозасига 11 метрлик жарима зарбасидан гол урдингиз. Айтинг-чи, “Андижон”да штатли пенальтичи ўзингизмисиз ёки ўша вазиятда тепишни истадингизми?

- Жамоада етакчиликни қўлга олишга ҳаракат қиляпман. Навбатдаги ўйинларда ҳам пенальти ва яна бошқа стандарт вазиятларда ишлашга ҳаракат қиламиз. Бундан кейинги учрашувларда пенальти бўлса, яна тепаман. Голларимизни кўпайтирмасак бўлмайди. Ҳужумчи бўлиб ўйнаш яна насиб қилсин.

- 4-рақамингиз ҳам кўпроқ ҳимоячиларникига хос. Яна ҳужумда ўйнасангиз рақамингизни шунга мослаб ўзгартирасизми?

- Рақам масаласиин келаси йили ўйлаб кўрамиз. Ҳужумчи бўлиб қолиб кетсам, ўзимга ёққан рақамга ўзгартиришим мумкин.

усмон2

- Суперлигада қолиш учун курашаётан “Андижон” учун бу ғалаба айни муддао. Аммо, барибир вазият жиддий. Чунки рақиблар ҳам қараб турмайди. “Андижон”ни Суперлигада қолишига неча фоизга ишоняпсиз?

- Биздан ҳаракат, Худоим баракасини берсин. Иложи борича “Андижон”ни 100 фоиз сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.

- Кумиков қайтганидан кейин қандай ўзгаришлар кузатиляпти? Мураббий ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Мураббий жамоани руҳлантиряпти. У ҳам ғалабамизни жуда истаяпти. Биз ҳам унинг ортидан эргашяпмиз. Ўз ишининг устаси, жамоамни қутқариб қолиш учун жиддий ишлаяпти.

усмон4

- “Андижон” Наманганда ва Муборакда тарихий ғалабаларга эришди. Негаки, шу кунгача ҳали “Навбаҳор” ва “Машъал”нинг майдонларида ютмаганди. Қизиғи, иккала учрашувда сизнинг ягона голингиз уч очкони келтирди...

- Бу ғалабада биргина менинг эмас, жамоамнинг ҳам ҳиссаси катта. Ютуқларга жамоамиз билан эришяпмиз. Ўша учрашувларда голлар уриш пешонамга ёзилган экан. Худо хоҳласа, “Андижон” билан яна кўплаб ютуқларга биргаликда эришамиз. Ғалабаларда футболчиларимизнинг меҳнатлари катта. Яна тарихларни бирга яратишга ҳаракат қиламиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар