Таҳлил│ Жанубий Кореяни қандай мағлуб этиш мумкин?

1656

Таҳлил│ Жанубий Кореяни қандай мағлуб этиш мумкин?

Хабарингиз бор, Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионати баҳлари ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда. Мусобақанинг чорак финал босқичида ҳамюртларимиз амалдаги чемпион Япония терма жамоаси устида йирик ғалабани қўлга киритиб, ярим финал йўлланмасини нақд қилишди. Ушбу босқичда эса бизга Жанубий Корея терма жамоаси рўбарў келади.

Олдиндан шуни айтиш лозимки, корейслар барча йш тоифаларида биз учун ноқулай рабиб бўлиб келишган. Вакилларимиз улар билан охирги маротаба 2016 йил Қатар мезбонлигида ўтган турнирнинг “С” гуруҳида тўқнаш келишган ва 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишган. Қайд этиш лозимки, ўша баҳсда майдонга тушган футболчиларимиздан Достон Турсунов, Достонбек Ҳамдамов, Жавоҳир Сиддиқовлар бугунги ўйинда ҳам иштирок этишлари мумкин.

Демак, энди ҳар иккала жамоанинг шу босқичга қадар босиб ўтган йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ҳамюртларимизнинг аввалги рақибларига батафсил тўхталиб ўтишимиз унчалик шарт эмасдек. Хусусан, “А” гуруҳида таркибида 5 та гол билан мусобақа тўпурари Алмоиз Алидек футболчиси бўлган Қатарга имкониятни бой бериб қўйган футболчиларимиз. Кейинчалик мусобақа фаворитларидан ҳисобланган Хитой ва Уммон терма жамоасидан устун келган ҳолда, гуруҳ масаласини ўз фойдасига ҳал қилди. Чорак финалда эса, амалдаги чемпион Япония вакиллари 4:0 ҳисобида мағлуб этилди.

Жанубий Корея вакиллари эса, бу борада бироз омадли чиқишди. Вьетнам ва Австралия вакилларини мағлуб этган Ким Бон Гил шогирдлари Сурия билан муроса кўчасини танлашди. Шунингдек, чорак финал босқичида эса Малайзия мағлуб этилди: 2:1.

ОФК сайтининг хабар тарқатишича, Жанубий Корея вакиллари ушбу ўйинда фақат ғалабани қўлга киритиш учун майдонга тушишни мўлжалламоқда. Аслида бу табиий ҳолат. Шунингдек, Қатарда ўтган мусобақада кўзга ташланган, айни пайтда жамоа етакчиси Хван Ки Вукнинг сўзларига қараганда, бу баҳс улар учун алоҳида аҳамиятга эга.

­ - Малайзияга қарши баҳсда мен ўз ўйинимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Аммо, эртанги ўйинда мен ғалаба қозониш ва чемпионни қўлга киритиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан, - дейди бельгиянинг “Тьюбиц” клубининг 21 ёшли ярим ҳимоячиси.

Жамоамиз эртанги ўйин учун бирдамликда тинимсиз меҳнат қилмоқда. Биз аввалги турнирда ҳам финалга қадар етиб боргандик. Аммо, Японияга имкониятни бой бериб қўйгандик. Бу сафар эса биз албатта ғалаба қозонамиз. Ҳозирда ҳар биримизнинг бор эътиборимиз айнан мана шунга қаратилган.

Шунингдек, Жанубий Корея терма жамоаси устози Ким Бонг Гил ҳам ўйин олдидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

- Ярим финалга қадар етиб келганимиз учун шогирдларимдан миннатдорман. Ўзбекистон бир маромда тўп тепа оладиган, ҳужум ва ҳимояда жуда яхши ўйнайдиган жамоа эканлигини кўрдим.

Бизда кичик жароҳатлар бор, футболчилар чарчаган. Аммо қўлимиздан келганича ҳаракат қилиб, ўз услубимизни намойиш қиламиз. Рақибга қараганда бир кун кам дам олдик, бу эса яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин ютқазиб қўйсак бу баҳона бўлмайди. Камчиликларимиз бор ва ўйиндан ўйинга уларни бартараф этишга интиляпмиз.

Бизда фақат кичик жароҳатлар бор. Шунинг учун бошланғич рўйхатни текшириб чиқамиз ва бўлажак беллашувга тайёрланамиз.

Терма жамоамиз ҳамма учрашувларни мана шу стадионда ўтказди. Бу эса уларда кўникма ҳосил қилган, балки бу ҳам устунлик бериши мумкин. Бироқ биз ҳам бошқалар билан бир хил шароитдамиз. Чунки барча жамоалар Хитойда ўйнаяпти, - дейди Ким Бонг Гил.

Демак, бу ҳолатда икки хил тахмин қилиш мумкин. Ёки Корея терма жамоаси ростан қийин аҳволда ва мураббий ўзи учун ҳозирдан эҳтимолий мағлубият учун “чиқиш эшиги”ни тайёрлади. Ёки, бу шунчаки, чалғитиш учун кўрсатилган ўйин ва мураббий матбуот анжуманида шу орқали вакилларимизда хотиржамликни уйғотиб, бўлажак баҳсга зимдан ҳозирлик кўрмоқда. Умуман олганда, ҳали бирорта расмий манбада, мураббий айтган “кичик жароҳатлар” ҳақида гап-сўз йўқ. Жамоа ўйинчиларининг эса эртанги ўйин учун “борларини беришга” тайёр эканлиги уларнинг “чарчаганлиги”дан дарак бермаса керак, назаримизда.

Энди рақиб ўйинига бевосита эътибор қаратадиган бўлсак, корейсларнинг асосий кучи ҳужумкор ярим ҳимоя, қанотлар ва ҳужум чизиғида эканлигини кўриш мумкин. Жамоанинг энг хавфли ўйинчилари сифатида 8-рақамдаги Хан Сен Гью, 9-рақамдаги Ли Кьюн Холарни келтириб ўтиш лозим. Шунингдек, ўнг қанотда 17-рақамдаги Чо Же Хванни ҳам унутмаслик лозим. Ушбу жамоа вакиллари ўйиннинг исталган вақтида юқори босимни юзага келтира олишади. “Сеул И-Ленд” жамоасининг 22 ёшли ярим ҳимоячиси чап қанотдан Акром Комиловга еталича ташвиш туғдириши эҳтимоли юқори. Ушбу жамоа асосан биринчи рақамда ўзини сувдаги балиқдек ҳис этади. Кучли босим вақтида эса, таянч ярим ҳимояси ва марказий ҳимояда бўшлиқлар юзага келади. Шунингдек, жамоа дарвозабони Канг Хён Му ҳам яккама-якка вазиятларда ва бош билан берилган зарбаларда у қадар кучли эмас.

Қисқача айтганда, Корея ўлкаси вакиллари биз учун етарлича ташвиш туғдириши эҳтимоли етарли. Аммо, ҳамюртларимиз ўз ўйинларини намойиш этган ҳолда, тўпни ўз назоратларида ушлаб туришса, рақибни руҳий ҳолатини издан чиқаришлари мумкин. Бу эса албатта, бизнинг фойдамизга хизмат қилади.

Баҳодир ҲАСАНОВ