“Бунёдкор” – “Зоб Аҳан” учрашувига оид 10 та факт

Эртага Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган дастлабки ўйинлар бўлиб ўтади. Тошкентда Ўзбекистон вице-чемпиони "Бунёдкор" клуби Эроннинг "Зоб Аҳан" клубини қабул қилади.  Шаҳзод Холбоев эса бўлажак ичрашувга оид ярим фактларни тўплади.

Мавзуга оид: “Бунёдкор”нинг бўлажак рақиби тўғрисида 10 та факт

“Бунёдкор”нинг эртанги рақиби - "Зоб Аҳан" таркибида кимлар тўп тепади?

1.  Бу жамоалар ўзаро бешинчи бор рўбаро келмоқда. Мазкур ўйинларда устунлик тўлиқ форслар тарафида: 3 ғалаба ва 1 дуранг. Тўплар нисбати эса 2–9 ни ташкил этади;

2. Мазкур тўқнашувда энг кўп голни Муҳаммад Ризо Халатбори киритган – 2 та. “Қалдирғочлар”нинг “Зоб Аҳан”га киритган икки голига эса Шаҳзодбек Нурматов ва Шакер Зуагилар муаллифлик қилишган;

3. Умуман “Зоб Аҳан” ўзбек клублари билан 6 бор тўқнаш келган. Шундан тўрттаси юқорида таъкидлаганимиз, “Бунёдкор” билан ўйинга тўғри келса, қолган икки баҳсда эронликлар “Пахтакор” билан ўйнашган. Таъкидлаш жоиз, “Пахтакор” “Зоб Аҳан”ни мағлуб этган ягона ўзбек жамоаси саналади. “Тимсоҳлар”нинг ўзбек клублари билан статистикаси қуйидагича: 6 ўйин, 5 ғалаба ва 1 мағлубият. Тўплар нисбати 4–10;

4. “Бунёдкор” эса форс жамоалари билан 18 марта ўйнаган. Бу ўйинларнинг 5 тасида “қалдирғочлар” ва 7 тасида эронликлар ғалаба қозонган бўлса, қолган 6 баҳс дуранг билан ниҳоясига етган. Тўплар нисбати – 21:26;

5. “Бунёдкор” 1054 кундан буён ОЧЛ финал босқичида ғалаба нималигини билмай келмоқда. Сўнгги бор “қалдирғочлар” 2014 йилнинг 23 апрель санасида “Ал-Жаиш” устидан ғалаба қозонган эдилар;

6. “Бунёдкор” Эрон жамоаларини эса 2011 йилги мавсумдан бери мағлуб этганича йўқ;

7. Ўз навбатида “Зоб Аҳан” 13 йилдан буён ўзбек жамоаларига мағлуб бўлмай келмоқда;

8. “Зоб Аҳан”нинг ОЧЛдаги энг яхши тўпурари бразилиялик Игор Кастродир – 8 та гол;

9. “Бунёдкор”нинг халқаро аренадаги энг яхши тўпурари эса Анваржон Солиевдир – 8 та гол;

10. “Зоб Аҳан” бу мавсумда барча мусобақалардаги сўнгги 8 беллашувнинг бирортасида ғалаба қозона билмаган: 3 дуранг ва 5 мағлубият. Исфахонликлар сўнгги бор 23 январ санасида ғалаба қозонишган. Умид қиламизки, ушбу серия эртага ҳам давом этади.

Тавсия этамиз: “Бунёдкор” ОЧЛда сўнгги дақиқаларда “ожиз” қолган 5 та ўйин

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!