Дурдона Шокирова: Гимнастикадан армон билан кетган бўлсам-да, таэквондода ютуқларга эришмоқчиман

20 март,2017, 00:05 851

Дурдона Шокирова: Гимнастикадан армон билан кетган бўлсам-да, таэквондода ютуқларга эришмоқчиман

 

Мамлакатимизда истеъдодли ёшлар кўп. Айниқса, қизлар орасида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиб, муайян ютуқларга эришаётган иқтидор эгаларининг сафи кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Спорт – инсонни ҳар қандай қийинчилик ва синовларни сабот билан енгиб ўтишга ўргатади.

Таэквондо бўйича қатор муваффақиятларни қўлга киритаётган Дурдона Шокирова ҳам спорт сифатида қийин вазиятларда ўзини йўқотиб қўймади ва уларни муносиб енгиб ўтди.

SPORTS.uz ахборот портали UZSPORT_no1 инстаграм саҳифаси билан ҳамкорликда Дурдона Шокирова билан суҳбат уюштирди.

- Дурдона спорт билан қачондан шуғуллана бошлагансиз?

- Мен етти ёшимдан бадиий гимнастика билан шуғуллана бошладим. Онам соғлом вояга етишим учун спорт тўгарагига етаклаб олиб борганлар. Ота-онам доимо мени қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишади. Спорт соҳасида ҳам худди шундай. Уларнинг кўмагисиз муваффақиятларга эрига олмасдим.

- Қиз бола учун спорт оғирлик қилмайдими?

- Аввало спортга саломат вояга етиш учун келганман. Спорт ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишни ўргатади. Чунки ҳаётда ҳеч нарсага осонликча эришиб бўлмайди. Буни табиий қабул қилиш керак. Албатта, қиз бола фақат спорт билан чегараланиб қолмаслиги керак. Қиз боланинг оилада, жамиятда умуман ҳаётда ўз ўрни ва масъулияти бор. Мен ҳаммасини уддалашга ҳаракат қиламан. Қолаверса, ота-онам ва яқинларим мени ҳар томонлама қўллашади.

- Бадиий гимнастикадаги натижалар қандай бўлди?

- Аввалига бадиий гимнастика билан саломатлик учун шуғулланган бўлсам-да, кейинрроқ мусобақаларда қатнаша бошладим. Ҳаммаси босқичма-босқич амалга ошди. Тажриба ортган сари турнирлар даражаси ҳам кўтарилди. Бадиий гимнастикачи сифатида республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ғолиб бўлдим.

- Бадиий гимнастикадан нега кетгансиз?

- Бу спорт турида ўз олдимга юксак мақсадларни қўйган эдим. Лекин жароҳат туфайли фаолиятимни давом эттира олмадим. Спортдаги ягона армоним ҳам шу. Ўзим болалигимдан шуғулланган спорт туридан кўзлаган мақсадимни амалга ошира олмай қолдим.

Гарчи қийналган бўлсам-да, спортдан узоқлашмадим. Такэвондо билан шуғулланишни бошладим.

- Сиз таэквондога гимнастикадан ўтгансиз. Икки хил спорт тури. Таэквондо мусобақаларида рақиб олдида қўрқув бўлмайдими?

- Аслида гимнастика элементлари ҳар бир спорт тури негизида борлигини айтишим керак. Бадиий гимнастика билан шуғулланганим таэквондо машғулотларида қўл келади. Чунки гимнастика инсонда эгилувчанлик, мувозанатни сақлаш, эпчиллик ва чидамлилик каби хусусиятларни шакллантиради.

Албатта ҳар бир мусобақа олдидан ҳаммада ҳаёжон бўлади. Буни қўрқув деб бўлмайди. Қўрққан спортчи ҳар қандай беллашувда ютқазади. Чунки у ўзига ўзи ютқазиб бўлган. Мен эса ҳар бир баҳсга киришиш олдидан ўзимга ўзим ота-онам, устозларим ва меи қўллаб-қувватлаб келаётганларнинг ишончини оқлашни ўйлайман. Бу ўзимни қўлга олиб, мусобақада ғолиб чиқишимга ундайди.

- Спорт тарк этиш фикри бўлганми?

- Спортни янги бошлаган вақтимда бўлган. Буни яширмайман. Ҳаммасига жисмонан чаршаб қолишим сабаб бўлган. Лекин вақт ўтиши билан жисмоний юкламаларга кўникиб кетдим. Ҳозир ўша пайтлар спортни ташлаб кетмаганимга шукр қиламан.

Бундан ташқари, ҳаётда турли вазиятлар юзага келади. Спортчи бўлгани учун ҳар қандай қийинчиликни ўз кучим билан енгиб ўтишга ҳаракат қиламан. Мусобақаларда ютқазиб қўйган пайтларим ҳам бўлган. Ўшанда энг аввало айбни ўзимдан қидирганман. Мағлубиятсиз ютуққа эришиб бўлмайди. Ҳар қандай мураккаб аҳволда ҳам эртанги кунга ишонч билан қараш керак.

- Аслида спортга саломатлик учун келгандингиз...

- Ҳа, спорт – саломатлик воситаси. Бошида соғлиғимни мустаҳкамлаш учун спорт билан шуғулланганман. Кейин Ўзбекистон спортчиларининг халқаро майдондаги ютуқларини кўриб уларга ҳавасим ортди. Мен ҳам мусобақаларда ғолиб чиқишни истардим. Шунинг учун спортга бўлган эътиборим ўзгарди. Ўз олдимга катта мақсадларни қўя бошлади. Зотан спорт одамни юксак чўққиларга интилиш ва мақсади йўлида оғишмай меҳнат қилишга ўргатади.

- Дурдона, қайси спортчиларимизга ҳавас қиласиз?

- Мен жаҳон миқёсида Ўзбекистон номини танитган ҳар бир спортчини ҳурмат қиламан. Айниқса ФИФА рефериси Равшан Эрматов, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлган боксчилардан Ҳасанбой Дўсматов ва Фазлиддин Ғоибназаров, Олимпия ўйинларида қатнашган биринчи бадиий гимнастикачимиз Ульяна Трофимова, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокинга ҳавас қиламан.

- Спортчи сифатида нималарни орзу қиляпсиз?

Мен ҳам ўзим ҳавас қилган спортчилар сингари юқори нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни истайман.

Дурдона, самимий суҳбат учун раҳмат. Орзуларингиз ушалишини тилаймиз!

 

 

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.