“Локомотив”нинг жароҳати боис алоҳида шуғулланмоқда

 

Янги мавсумга тайёргарликнинг ҳал қилувчи босқичини Анталияда олиб бораётган "Локомотив"нинг бугун эрталабки машғулоти майдонда олиб борилди.

Кеча олти нафар “Локо” футболчилари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ихтиёрига жўнаб кетди. Булар - Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Бобур Йўлдошев, Марат Бикмаев, Саламат Қутибоев ва Жалолиддин Машарипов.

Терма жамоага чақирилган яна бир ўйинчи Икром Алибоев жароҳати сабаб ҳозирда клуб билан бирга. Шунингдек, яна икки нафар ўйинчида жароҳат бор, шу боис Диёр Туропов билан Тимур Усмонов алоҳида машқ ўтказишди.

Қолганлар эса бутун жамоа бўлиб шуғулланишди. Эрталабки машғулотда ҳам одатга кўра тўплар билан ишланди. Жамоа бугун кечки пайт ўйинолди машғулотини ўтказади. "Локомотив" эртага Туркия йиғини доирасида ўзининг учинчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Бу сафарги рақибимиз Қозоғистоннинг "Ордабаси" клуби. Ўйин маҳаллий вақт билан соат 11:00да (Тошкент вақти билан 13:00) бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!