“Парвози узун бўлган бургутлар” ёхуд “Бенфика” гвардиячилари

Куни кеча ЕЧЛ 1/8 финалида “Бенфика”нинг бразилиялик ҳимоячиси Луизао жамоа сафидаги 500-ўйинини ўтказди ва “Бенфика” гвардиячилари қаторидаги ўрнини юқорилаб олди. Қуйида эса айнан Лиссабон “бургутлари” бўлмиш “Бенфика” сафида энг кўп ўйин ўтказган 5 нафар футболчи билан танишасиз.

ЕЧЛ: Туғилган кунида “дубль” қилганлар

“Барселона” дарвозасини ЕЧЛда “илма-тешик” қилган жамоалар

“Реал” гвардиячилари. Топ-12

5. Умберто Коэльо – 498 та ўйин

Умберто жамоа тарбияланувчиси саналади ва у “бургутлар” сафида орада кичик танаффус билан 1968-1975 ва 1977-1984 йилларда тўп сурган. Ҳимоячи амплуасида тўп сурган Умберто “Бенфика” билан биргаликда 15 та соврин ютишга муваффақ бўлган. Жумладан, Коэльо 8 марта Португалия чемпиони бўлган бўлса, 6 бор Португалия кубоги қўлга киритилган. Қолган 1 та соврин эса 1980 йилда қўлга киритилган мамлакат Суперкубогидир. Эътиборлиси, Умберто футболчилик фаолиятининг сўнгги йилида Португалиянинг энг яхши футболчиси бўлган.

4. Луизао – 500

Луизао 2003 йил Бразилиянинг “Крузейро” жамоасидан 890 минг фунт эвазига сотиб олинган. Мана 14 йилдирки, “Бенфика”нинг ҳимоя қўрғони айнан унинг атрофида қурилиб келинади. Луизао жамоа тарихида энг узоқ вақт сардорлик қилган футболчи ҳамдир. Ўз вақтида Бразилия термаси билан Конфедерациялар кубогини қўлга киритган Луизао “бургутлар” билан 17 та титулни қўлга киритган.

3. Мариу Колуна – 525

Мозамбиклик марҳум футболчи ва мураббий Мариу Колуна “Бенфика” сафида 1954-1970 йилларда тўп сурган ва бу вақт оралиғида 525 та ўйин ўтказиб, жамоа сафида 16 та совринни қўлга киритади. Колуна лиссабонликлар билан 3 марта ЕЧК финалига чиққан бўлсада, уларнинг бирортасида “Бенфика” ғолибликни қўлга киритмагани ачинарлидир. Айтганча, асли мозамбиклик бўлган Колуна 1964 йил Португалиянинг энг яхши футболчиси деган шарафли номни қўлга киритади.

2. Антонио Велозу – 538

Велозу Криштиану Роналду билан ҳамшаҳар ҳисобланади. Зеро, ҳар иккиси ҳам Мадейрада таваллуд топишган. Антонио Велозу “Бенфика”да 1980-1995 йилларда тўп сурган бўлиб, пойтахт жамоасидаги 15 йиллик фаолиятида 16 та совринни қўлга киритган. Аммо ушбу совринларнинг барчаси мамлакат миқёсидаги турнирларда қўлга киритилган. Умуман Велозу “Бенфика” жамоасида 538 та ўйин ўтказган ва ҳимоячи бўлишига қарамай 10 дан зиёд гол киритишга эришган. Антонио Велозу “бургутлар” тарихидаги иккинчи энг яхши гвардиячидир.

1. Нене Таманьини – 575

Нене бутун футболчилик фаолиятини “Бенфика”га бағишлайди. Ҳужумчи амплуасида тўп сурган футболчи “бургутлар” билан 19 та жамоавий мусобақада ғалаба қозонади. 1968-1984 йилларда пойтахт жамоасида ўйнаган Нене жамоа сафида жами 575 та ўйин ўтказган ва бу борада унга етадигани ҳозиргача топилгани йўқ. Дарвоқе, юқорида унинг ҳужумчи эканлиги тўғрисида тўҳталган эдик.  Нене “Бенфика” тарихидаги энг яхши тўпурарлардан биридир. Унинг ҳисобида 360 та гол мавжуд ва бу борада клуб тарихида 3-ўринда  зикр этилиб келинади.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!