“Реал” гвардиячилари. Топ-12

Кеча оқшом Испания чемпионатининг  22-турида “Реал” меҳмонда “Осасуна”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Ушбу ўйин мадридликлар сардори – Серхио Рамос учун аҳамиятли эди. Боиси, 2005 йилда “Реал” сафига келиб қўшилган ҳимоячи учун кечаги ўйин 500 чиси эди. “Бланкослар” сафида 500 та ўйин ўтказган Рамос кечаги ўйиндан сўнг “Реал” сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар орасида 12-ўринга кўтарилиб олди. Шу муносабат билан эса биз сизларни “Реал” гвардиячилари билан таништиришга қарор қилдик.

Сермаҳсул ҳимоячилар

12. Серхио Рамос – 500 та ўйин

Рамос ҳақида бугунги кунда эшитмаган инсон қолмаган бўлса керак. Тўпурар ҳимоячи саналадиган Рамос мана 12 йилдирки, “Реал” сафида тўп суриб келмоқда. Бу вақт оралиғида 30 ёшли ҳимоячи “Реал” билан 3 бор Ла лига, икки бор Испания кубоги ва яна шунча мамлакат Суперкубогини қўлга киритиш билан бирга халқаро аренада ҳам қўлга киритилиши мумкин бўлган барча совринларни икки марта “ўзиники қилган”.

Бу ерда Роналду ва Мессига ўрин йўқ ёхуд европанинг энг яхши дриблингчилари

11. Роберто Карлос – 527

Яна бир тўпурар ҳимоячи. Роберто Карлос ўзининг ақлбовар қилмас жарима зарблари билан ҳам машҳурдир. “Қаймоқранглилар” сафида 11 йил тўп сурган Карлос бу вақт оралиғида 500 дан ортиқ ўйин ўтказган ва рақиблар дарвозасига 50 дан ортиқ голлар киритишга эришган.

Юлдузлар фабрикаси – “Cевилья”

10. Гути – 542

Гути мадридликлар таркибида 1995-2010 йиллар оралиғида 542 та учрашувда майдонга тушишга муваффақ бўлган. Хосе Мария бу давр ичида 15 та турнирда муваффақият қозонди. Жумладан 3 бора Чемпионлар лигаси кубогини боши узра баланд кўтарди. Гути “Реал”дан кетганидан сўнг, 2 мавсум мобайнида Туркиянинг “Бешиктош” жамоасида тўп суриб, фаолиятига якун ясади.

“Ҳамма ҳужумга” ёхуд бу мавсум топ-5 жамоалари орасида энг кўп гол киритган 5 та жамоа

9. Мичель – 559

1981-1996 йиллар мобайнида “Реал” шарафини ҳимоя қилган ажойиб ярим ҳимоячи Мичель фаолиятини айнан Мадридда бошлайди. У “Реал” сафида ўтказган 15 йили мобайнида 2 марта УЕФА кубогида зафар қучади. Жамоавий совринларининг умумий сони эса 16 тани ташкил қилади.

8. Пирри – 561

“Реал” тўпурарлари 10 талигига кирган Пирри, энг кўп учрашув ўтказган футболчилар ўнлигидан ҳам жой олган. “Реал” сафида 1964-1979 йиллар давомида 561 ўйинда майдонга тушган Пирри клуб билан 1966 йилги Чемпионлар кубогида зафар қучган.

7. Хосе Камачо – 577

Камачо ҳам бутун фаолиятини “Реал”га бағишлайди. У жамоа таркибида 1973-1989 йиллар давомида 577 учрашувда майдонга тушади. Хосе “Реал” билан 9 марта мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. Аммо ьадридликлар билан 19 соврин ютиб олган Камачога ЕЧЛда ғолиб чиқиш насиб этмаган.

6. Франциско Хенто – 599

“Реал”нинг садоқатли футболчилардан яна бири бу Хентодир. Испаниялик ҳужумчи 1953 йилда “Расинг”дан “Реал”га ўтди ва фаолиятининг охири 1971 йилгача Мадрид суперклуби сафида тўп сурди. Францискони “Реал”нинг яна бир афсонаси Рауль клуб тарихидаги 5 та футболчилар қаторига қўшганини айтиш жоиз.

5. Фернандо Йерро – 601

Мана, супер тўпурар ҳимоячи! Йерро “Реал”да 14 йил тўп суриб, 601 учрашувда 126 та тўп киритган. 1992 йилги мавсумда 26 та гол киритгани эса, унинг қандай ҳужумчи бўла олишидан ҳам далолатдир. У мадридликлар билан 16 та совринни қўлга киритган.

4. Карлос Сантильяна – 645

Мадридликларнинг 3-рақамли тўпурари, гвардиячилар сафида 4-ўринни эгалламоқда. Сантильяна 1971-1988 йиллар ичида 645 учрашувда майдонга тиушиб, 289 та гол киритган. Карлос клуб билан бирга 2 бора УЕФА кубогида муваффақият қозонди.  Бундан ташқари Ла лигадаги ғалабалари сони эса 9 тани ташкил қилади.

3. Мануэль Санчис – 711

Санчис ҳам бутун фаолиятини “Реал”га бағишлади. У мадридликлар таркибида 18 йил давомида 711 та учрашувда иштирок этди. Мануэль 2 бора Чемпионлар лигасида зафар қучди ва “қироллик клуби” сафида қўлга киритилган совринлар сони жами 22 тани ташкил этади.

2. Икер Касильяс – 678

“Реал” тарихидаги энг яхши дарвозабон бу шубҳасиз Касильясдир. Ҳозирда “Порту” сафида тўп сураётган Икер мадридликлар дарвозасини 1999 йилдан то 2015 йилга қадар ҳимоя қилиб, 678 та учрашувда майдонга тушди. Касильяс бу давр ичида “галактикос” билан 18 та турнирда бош совринга эга чиққан.

1. Рауль – 741

Рауль ҳам юқоридаги жамоадошлари сингари фаолиятини “Реал”да бошлади. Бироқ унга ушбу клуб сафида фаолиятини тугатиш насиб этмади. Ҳужумчи “Реал” захирасида ўтиришдан кўра, бошқа клубнинг асосий таркибида майдонга тушишни лозим деб билди. Рауль “галактикос” таркибида 1994-2010 йиллар давомида 741 беллашувда майдонга тушиб, 323 та голга муаллифлик қилади. Мадридликлар билан 16 та титулни қўлга киритади ва 31 та шахсий совринга эга чиқади

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!