Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Бекхэм. Бешинчи боб

31 март, 21:25 560

Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси: Бекхэм. Бешинчи боб

 

Дэвид Бекхэм оёғи тўпга теккан лаҳзадан бошлаб ўз маҳоратини максимал равишда ишлатишга ҳаракат қиларди. Биз у билан бир мавсумда футболни тарк этдик. Лекин у ҳамон Европа футболининг қимматли ўйинчиларидан ҳисобланарди, ва унинг олдида кўплаб имкониятлар мавжуд эди. У "ПСЖ" дан худди мен каби ўзининг шартлари асосида кетди.

Баъзан инсоннинг бирор бир нарсасидан айирсанг, у бу неъматни қанчалик севишини англайди. Менинг фикримча, Бекхэм "Лос-Анджелес Гэлакси" га ўтганида, кейинги фаолиятидан бош тортаётганини англай бошлаган. Бекс ўзининг энг яхши даврлари даражасига қайтиш учун ғайрат билан ишлади. Ҳатто у "Манчестер"даги охирги йиллардан ҳам кўпроқ иштиёқ билан ишлади.

Дэвиднинг "Реал"дан МЛСга ўтган вақти имкониятлари кам эди. Менимча, у Голливудни ҳам кўзлаб қўйганди ва бу унинг карьерасига қандай таъсир ўтказишини биларди. Америкага кетиш учун футболга боғлиқ ҳеч қандай сабаб бўлмаганди. У топ-клубларда ўйнашдан бош тортаётган эди. Лекин у ҳалиям миллий терма жамоадан умиди бор эди. Бу қайсидир маънода менинг фикрларимни исботлайди. Унга элита даражасида аҳамиятини қайтариш учун анча вақт кетди.

Мен Дэвидни Гиггз ва Скоулз билан бирга ўсганини кўрганман, ва мен уни ўз ўғлимдек севардим. У "Юнайтед"га ҳали болалик чоғида 1991 йили келиб қўшилди. Бир йил ичида у "Класс-92" таркибига киришни уддалади, ва Ники Батт, Гари Невилл, Райан Гиггзлар билан бирга ёшлар ўртасидаги Англия Кубогида ғалаба қозонди. Дэвид "Юнайтед" футболкасида 394 та ўйинда майдонга тушиб, 85 та гол киритди. "Уимблдон"даги майдон марказидан урилган тўп ҳам шу ҳисобда. Ушбу гол уни бутун жаҳонга танитди.

Мен "Манчестер"ни 2013 йилнинг май ойида тарк этганимда, Гиггз ва Скоулзлар ҳали жамоада эди. Лекин Дэвид Испанияга кўчиб ўтганига 10 йил бўлганди.  2003 йил 18 июн чоршанба куни биз фонд биржасига Дэвиднинг 24,5 миллион фунт эвазига "Реалга" ўтаётганини хабар қилдик. У 28 ёшда эди. Бу хабар бутун дунёга тарқалди. Унинг трансфери бизнинг клуб учун муҳим воқеага айланди.

Мен Дэвиддан аламим йўқ. У менга ёқади. Менинг қўл остимда шуғулланган барча ўйинчилар ичида Дэвид машҳурликни танлаган ягонаси эди. Унинг асосий мақсади майдон ташқарисида таниқли бўлиш эди. Бекхэмни ҳаёлини бўладиган таклифлар жуда кўп бўлди. Майдон ташқарисида у биз тўлаётган маошдан икки баравар кўп пул топарди. Поп-индустрия Гиггз устидан ҳам ишлаб кўришни хоҳлади, лекин бу нарса унинг стилида эмасди. Дэвиднинг "Манчестер"даги охирги мавсумида унинг ишлаш қобилияти анча сустлашганини биз сезиб турардик. Бундан ташқари, Дэвиднинг вакиллари "Реал" билан музокара ўтказаётгани ҳақида ҳам эшитгандик. Лекин барибир асосий муаммо - унинг биз кўниккан юқори савиядаги ўйини йўқолди.

Ҳаммани эътиборини тортган можаро 2003 йилнинг феврал ойида "Арсенал" билан бўлган ўйинда юз берди. Ушбу ўйин Англия Кубоги бешинчи даврасида кечганди. Биз 0:2 ҳисобида мағлуб бўлдик.

Дэвиднинг ушбу ўйиндаги хатоси шу эдики, у ҳимояда ишончсиз ҳаракат қилди. Бу нарса дарвозамизга иккинчи гол киришига сабаб бўлди. Рақиб ўйинчиси ундан ўзиб кетди, Дэвид эса хотиржамлик билан ортга қайтарди. Ўйиндан сўнг мен уни қаттиқ танқид қилдим. Доимгидек, Дэвид танбеҳларимни назарга илмади. Балким у ҳимояда ўйнаш ва рақибни қувиб етиш энди менга керакмас, деб ўйлагандир. Ушбу сифат ҳам уни бошқалардан ажратиб туради.

У мендан 12 футча нарида эди. Бизнинг орамизда полда бир тўда бутса ётганди. Дэвид сўкинди, мен унга яқинлашдим ва ерда ётган бутсаларни тепдим. Бутсанинг бири унинг юзига бориб тегди, кўзи шикастланишига сал қолди. У шу заҳотиёқ жойидан туриб менга ташланмоқчи бўлди, аммо қолганлар уни тўхтатиб қолишди.

- Ўтир, - дедим мен. - Қанча баҳслашмагин, барибир сен бугун жамоамизга панд бердинг.

Келаси куни мен унга ўйинни қайта ёзилган видеосини кўрсатдим, у барибир хатосини тан олмади. Мени эшитаётиб, у бир оғиз ҳам гапирмади. Бир оғиз ҳам.

- Нима демоқчилигимни тушунаяпсанми? Нима учун сенга танбеҳ бердим? - сўрадим мен ундан. Лекин у жавоб қайтармади.

Эртаси куни бу воқеа ҳамма газеталарда чиқди. Дэвиднинг шилинган юзи янада сезиларли ҳошияга айланди. Ўша куни мен раҳбариятга Дэвид жамоадан кетиши кераклигини айтдим. "Манчестер Юнайтед"да мураббийдан ўзини устун қўйган ўйинчи шу заҳотиёқ клубдан кетиши зарур. Агар мураббий футболчилар орасида обрўсини йўқотса, демак жамоа йўқ дегани.

Дэвид ўзини Алекс Фергюсондан муҳимроқ деб ҳисоблади. Мен бунга аминман. Фергюсон бўладими ёки оддий сантехникми буни фарқи йўқ, аҳамиятлиси - унинг обрўси. "Юнайтед"да бош қўмондон - бу мураббий. Ўйинчилар буни унутиб қўйишига йўл қўймаслик лозим. Хуллас, Дэвид ўзига ўзи жиддий ҳукм чиқарди.

Дэвид ўзини Алекс Фергюсондан муҳимроқ деб ҳисоблади.

Чемпионлар Лигасида гуруҳдан биринчи ўринда чиқиб, биз қуръа бўйича "Реал"га дуч келдик. Испанияда бўлган биринчи учрашувда, менимча, Дэвид учун энг аҳамиятлиси Роберто Карлоснинг қўлини қисиш бўлди. "Бернабеу"да 1:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг Дэвид келаси шанба куни "Ньюкасл"га қарши майдонга чиқишдан бош тортди. У яхши формада эмаслигини айтди. Мен Сульшерни майдонга тушурдим. У ўзида ажойиб таасурот қолдирди. Ўйин 6:2 ҳисобида бизнинг фойдамизга якунланди. Дэвид четда туриб кузатарди.

Бекхэмнинг аҳволи "Реал"га қарши жавоб ўйинида ҳам Сульшерни тушуришимга асос бўлди. Учрашувдан олдинги бош разминкаси пайтида мен Дэвидни четроққа ўтказиб, унинг ўрнида бугун Оле ўйнашини айтдим. У жаҳли чиққан ҳолда қочиб кетди.

Ўша оқшом майдонда ақл бовар қилмайдиган воқеалар юз берди. 63-дақиқада Дэвид Веронни алмаштирди, ва у гўё "Олд Траффорд"даги барча мухлислар учун хайрлашув ўйини ўтказаётгандай таасурот қолдирди. У жарима зарбасидан гол киритди, ҳамда 85-дақиқада рақиб дарвозасига ғалаба тўпини жойлаб қўйди. Биз 4-3 ҳисобида зафар қучдик. Лекин Роналдонинг Испаниядаги учрашувда киритган хет-триги бизни мусобоқадан барибир чиқариб юборди.

Девид мухлислар кўнглини қозонишни хоҳлаганди, лекин бу менга қаратилган режалаштирилган ҳужум эди. Унинг "Реал"га ўтиши жадал яқинлашиб борарди. Бизнинг билишимизча, Дэвиднинг агенти ва "Мадрид" вакиллари ўртасида учрашув бўлиб улгурган эди. Биз билан илк бор майнинг ўрталарида мавсум тугаши билан боғланишди. Бизнинг ижрочи директоримиз Питер Кеньон "Реал"дан қўнғироқ бўлганини билдирди.

- Бу кутилган ҳолат эди, - дедим мен.

Биз 25 миллион фунтни мўлжалга олгандик. Мен Францияда дам олишда эдим ва Джим Шеридан билан ресторанда тушлик қилаётгандик. Питер ўша пайт қўнғироқ қилди. Джимнинг квартираси ресторан тепасида жойлашганди, менга эса махфий телефон керак эди.

- Сен тепага чиқиб меникидан фойдаланишинг мумкин, - деди Джим.

Мен шундай ҳам қилдим.

- 25 миллион олмагинимизча, биз уни қўйиб юбормаймиз, - дедим мен Питерга.

Натижада биз 18 миллионга келишдик ва қўшимча бонуслар ҳам бор эди.

Умуман олганда Дэвид жамоани ташлаб қўймади. Биз чемпионликни 2003 йилнинг 3 май куни "Чарльтон" устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда нишонладик. У ушбу ўйинда тўп киритди ва 11 май куни ҳам "Эвертон" давозасини ишғол қилди. Бизнинг мавсумимиз 2:1 ҳисобидаги ғалабамиз билан якун топди. 18 метрлик жарима зарбасидан киритилган гол ажойиб хайрлашув бўлди. Учрашувда ёш талант Уэйн Руни ҳимояни тинкасини қуритди. Дэвид бизга Премьер-лигани ютишга ёрдам берди, шунинг учун ҳам "Гудисон Парк"да уни майдонга туширмаслик учун сабаб йўқ эди.

Балким ўшанда Дэвид ёшлик қилиб бу нарсаларга бардош беролмагандир. Ўйлашимча, у ҳозир бу каби вазиятлардан чиқиб кета олади. У ҳаётда равшан позицияга эга ва ҳамма нарсани назорат қилади. Лекин ўша пайт менга унинг оммавийлиги ёқмасди.

Мисол учун, мен Лестерга жўнаш олдидан машғулот базасига етиб келганимда, Каррингтон ёнида йиғилган бир тўда журналистларни учратдим. Йигирматача фотограф ҳам бор эди.

- Нима бўлаяпти бу ерда? - қизиқдим мен.

- Бекхэм янги прическасини намойиш қилмоқда, - деди менга кимдир.

Дэвид шапкада келди, ва тушлик пайти ҳам уни ечмади.

- Дэвид, шапкангни еч, биз ахир ресторандамиз, - талаб қилдим мен ундан. У рад жавобини берди.

- Тентаклик қилма. Еч бошингдагини.

У барибир гапимга кирмади.

Мен қаҳрландим, лекин уни жаримага торта олмасдим, чунки кўп ўйинчилар матчга кетаётганимизда бейсболкада бўларди. Лекин ҳали ҳеч ким жамоавий тушлик пайти кепка кийиб ўтиришга журъат қилмаганди.

Келаси куни ўйинолди машғулотларда Дэвид ҳамон ўша шапкада эди.

- Дэвид, - дедим мен, - сен майдонга бу шапканг билан чиқмайсан. Бугун ўйнамайсан ҳам, ва ниҳоят жамоани тарк этасан.

Дэвид қаттиқ ғазабланди. У шапкасини ечди, унинг сочлари таги билан олинган эди.

- Шу холосми? Олинган сочинг туфайли шунча ғала-ғовур кўтардингми? - хитоб қилдим мен.

У шапкасини ўйин олдидан ечмоқчи бўлган экан.

Менда унга бўлган ишонч йўқолди. У бутунлай медиа ва реклама агентлари таъсирида эканлигини англадим.

Менда унга бўлган ишонч йўқолди

Дэвид буюк клубда ўйнарди. У карьерасининг чўққисида эди ва жидду жаҳд билан ишлаб, мавсумда 12 тадан 15 тагача гол урарди. Лекин тасодифан буларнинг ҳаммаси - тиришқоқлик, интилувчанлик ва бошқа хислатлар - унда ҳавога парланиб кетгандай бўлди. Менинг фикримча, ўша ўзгаришлардан сўнг Бекхем олдинги ҳолатига қайта олмади. "Ҳа, ҳақиқатдан у буюк ўйинчи", дейдиган даражага қайтиб чиқмади.

Барчаси унинг 22-23 ёшида бошланди. Дэвиднинг қарорлари унинг буюк ўйинчи бўлишидан узоқлаштирарди. Бу нарса мени ташвишлантирарди. Бизнинг ўртамизда ҳеч қандай душманлик йўқ эди, фақатгина кўнгил қолишлик холос. Мен унга қараб ўйлардим: "Ўғлим, нималар қилаяпсан?"

Дэвид бизга келган вақтлари ҳали жуда ёш, кўзи порлаб турган йигитча эди. У футбол шайдоси эди. 16 ёшида уни машғулотлар залидан қувиб ҳам чиқариб бўлмасди. Дэвид бу ўйинни севарди ва машҳур футболчи бўлишни орзу қиларди. Аммо бирданига у юлдузлик карьерасини хоҳлаб қолди ва бу орзуларнинг барчасидан кечди.

Бир томондан, Дэвид нотўғри қарор қабул қилди, дейиш ҳам нотўғри. У дунёда обрў қозонди. У кумирга айланди. Одамлар ундаги ҳар бир ўзгаришга эътибор берадиган бўлди. Унга тақлид қила бошлашди. Аммо мен футбол мулозимиман, бу нарса учун футболдан воз кечиш нотўғри, деб биламан. Сизнинг хоббингиз бўлиши мумкин. Масалан, менда иккита чопқир отларим бор. Майкл Оуэн ва Пол Скоулзлар ҳам отларга қизиқарди. Ўйинчиларимнинг бир нечтасини рассомлик санъати жалб қиларди. Менинг офисимда Киран Ричардсон совға қилган ажойиб расм турибди. Фақат бу қизиқишларни деб футболдан воз кечмаслик керак.

"Юнайтед"ни тарк этишидан бир йил аввал Дэвид Япония ва Жанубий Кореядаги 2002 йилги жаҳон чемпионатида қатнашди. Ундан бир неча ҳафта олдин у Чемпионлар Лигаси ўйинида оёғининг кафти суягини синдириб олганди. Анча драматик якун.

Уэйн Руни ҳам тўрт йилдан сўнг худди Бэкхемдек жароҳат олди. Лекин уларнинг иккаласининг тикланиши турлича кечди. Дэвид табиатан жуда яхши жисмоний формага эга. Уэйнга эса формасини тиклаш учун анча вақт кетади. Ўшанда мен Дэвид Жаҳон Чемпионатига тикланиб улгуришига ишондим ва буни оммага ошкор қилдим.

Англия терма жамоаси Японияга етиб борганида унга ҳамон жароҳат асоратлари сезилиб туриши мумкин эди. Лекин ўйинчилар ўзларини ҳеч нарса бўлмагандек тутишига ишониб бўлмайди, чунки ҳар ким Жаҳон Чемпионатида қатнашишни хоҳлайди. Аммо турнир давомида Дэвидга нимадур бўлгани сезилиб қолди. Жароҳат ҳамон унга оғирлик қилаётгани билиниб турарди. Унинг қанотдаги ҳаракатлари буни намоён этди.

Дэвид ўзининг оптимал ҳолатидан қанчалар узоқлиги мени ҳайратга солди. Шундай қилиб Бекхэм  Жаҳон Чемпионатида қатнашишга тайёр эмасди - на жисмонан, на руҳан. Одамлар кўпинча шотландлигим учун мени Англияни ёмон кўради, деб ўйлашади. Агар Англия ва Шотландия ўзаро майдонга тушса, инглизларга ғалаба тиламаслигим чин ҳақиқат. Лекин менинг шогирдларим орасида Англия терма жамоасида тўп сурганлари етарлича. Мен доимо уларни у ерда ўзларини яхши кўрсатишлари хоҳлайман.

Бекхэм  Жаҳон Чемпионатида қатнашишга тайёр эмасди - на жисмонан, на руҳан.

Агар сенда Бекхэм сингари жароҳатланган ўйинчинг бўлса, миллий терма жамоанинг медицина ходимлари сенинг ишинга доимий аралашиб юришига тўғри келади. Улар бизнинг Кэррингтондаги машғулотлар базамизга келишни истаб қолишди. Ўшанда мен буни ҳақоратдек қабул қилдим. Мен ҳатто ўзимга савол бердим, балки менинг Шотландиядан келиб чиқишим бундай муносабатга сабаб бўлгандир, деб.

2006 йилги жаҳон чемпионатидан олдин Руни жамоа сафига ҳаммадан кеч қўшилди. Терма жамоа врачлари нуқул унинг ҳол-аҳволи билан қизиқарди, худди биз ўз ўйинчимизга ўзимиз ғамхўрлик қила олмаймиз. Улар жуда катта ваҳима кўтаришди. Ва мен ўшанда 100 % ҳақ бўлиб чиқдим. Уэйн Руни мусобақада қатнашмаслиги керак эди. У бунга тайёр эмасди.

У ҳеч қачон Англия терма жамоаси жойлашган Баден-Баденга бормаслиги керак эди. Бу унга, жамоа учун бошқа давогарларга, ҳамда мухлисларга қилинган ноҳақлик бўларди. Уэйн жамоанинг асосий суянчиғи эди ва шу билан бирга у ўз оптимал формасидан анча узоқда эди. Дэвиднинг тез орада тикланиб кетишига кўзим етарди, чунки уни синчиклаб кузатардим ва барча статистик маълумотларга эга эдим. У "Олд Траффорд"даги жисмонан энг тайёр ўйинчи эди. Мавсумолди йиғинларда, дастлабки тестларда у қолганлардан бир бош устун эди. Шунинг учун биз терма жамоа раҳбариятига Дэвид керакли муддатга тайёр бўлишини айтдик.

Дэвид Жаҳон Чемпионатигача тикланишни жуда ҳам хоҳлаши кутилган ҳол эди. Биз ўшанда барокамералардан фойдаландик, чунки у нарса олдин Рой Кинга Чемпионлар Лигаси учрашуви олдидан жуда наф берганди. Лекин суяк - бу бутунлай бошқа нарса. Уни даволаш учун вақт талаб қилинади. Кафт суягига 6-7 ҳафта кетади.

2002 йилги Жаҳон Чемпионатида Англия терма жамоаси ҳеч томонлама ўзини кўрсата олмади. Бразилияликлар уларни бир киши кам бўлиб таслим этди. Гуруҳ босқичининг биринчи  ўйинида шведларга қарши улар узун узатмалар билан ўйнади. Рақиб инглизларнинг бу тактикасини яхши биларди ва уларни бу тарзда ғафлатда қолдириш қийин эди.

Англия термасининг муаммоси шундаки, уларнинг ёшлар жамоалари тайёргарликда ҳамон эски тизимдан фойдаланади. Улар жуда кўп узун узатмалар амалга оширишади. Бир куни биз Том Клеверлининг 21 ёшгача бўлган терма жамоада Грецияга қарши ўтказган ўйинини кузатдик. Скаутлар менга жамоа бир порлоқ ҳужумчи ва иккита қанот ярим ҳимоячиси (уларнинг бири Том эди) билан ўйнаганини хабар қилишди. Демак, у бутун матч давомида дарвозага бирорта ҳам зарба йўлламади. Крис Смоллинг ҳам ўша ўйинда қатнашганди, лекин у доим тўпни олдинга тепиб юбориши билан эсда қолди. Англия терма жамоаси тактик малака ва техника етишмасликдан азият чекиб келади, кўплаб талантлар эса ёшлар терма жамоаларида чириб қолаверади.

Лекин буларнинг ҳаммаси нима билан компенсация қилинади. Инглиз ёшлари бақувват ва жисмонан ривожланган. Улар ўйинга жуда жиддий ёндашади. Леким тизим замонавий ўлчов бўйича тайёр ўйинчини чиқармайди. Улар Жаҳон Чемпионатини ҳозирги тизим ва ишга ёндашиш билан ҳеч қачон юта олишмайди. Бразилия ёшлари тўпни ҳар қандай вазиятда ҳам ўзига бўйсиндира олади. Улар енгил ҳаракат қилишади. Улар футбол одамлари, чунки беш-олти ёшидан бошлаб фақат футболни деб яшайдилар.

Дэвид ўз техникаси устида жуда кўп ишларди. Бундан ташқари у чиқишимли инсон. Ҳатто 2012 йилги Олимпия ўйинларида у Буюк Британия терма жамоаси рўйхатидан ўрин олмаганидан сўнг,  унинг вакиллари Англия Федерациясидан ҳам олдинроқ арзнома билан чиқди. Унинг сўзлари олижанобликка бой эди. Лекин менинг ишончим комилки, у ушбу масалада анча азият чеккан.

Мэл Мачин менга савол берганини эслайман:

- Гиггз ва Бекхэм - дунё даражасидаги ўйинчилар. Сен қандай қилиб уларни жаримадан жаримгача ишлаб беришига эришгансан?

Улар нафақат табиатан талантли ўйинчилар, балким жуда чидамли ва қанотларда фаол ҳаракат қилишади. Бу йигитлар бошқаларга ўхшамайди.

Дэвид билан боғлиқ барча ўзгаришлар унинг хоҳиши билан амалга ошди. Унинг ҳаёли футболдан узоқлашди. У карьерасини "Манчестер"да мен билан бир вақтда тугатиши мумкин эди. У "Юнайтед" тарихидаги энг буюк ўйинчилардан бирига айланиши мумкин эди. Ўйлайманки, ҳаётининг малум бир пайтида у хато қилганини англаб етган.

Дэвид билан боғлиқ барча ўзгаришлар унинг хоҳиши билан амалга ошди

Лекин мен унга тан бермай иложим йўқ. У 2013 йили "ПСЖ"га ўтганида, унинг тиришқоқлиги мени ҳайратлантирди. "Юнайтед"да у жисмонан энг тайёр ўйинчилардан бири эди. Бу нарса унга 37 ёшгача юқори савияда тўп суришга ёрдам берди. У ёшлигидан ўзининг бардошлилиги билан ажралиб турарди.

МЛС - бу Микки Мауснинг лигаси эмас. Умуман олганда бу анча атлетик лига. Мен Дэвидни МЛС Кубоги финалида кузатдим ва унинг тез-тез ҳимояга қайтиб ҳаракат қилганини гувоҳи бўлдим. Дэвид шунингдек ижара асосида "Милан"да тўп суриб, ўз савиясини намоён этди. "ПСЖ"да у Чемпионлар Лигасининг чорак финалида деярли бир соат майдонда ҳаракат қилди. Дэвид унча кўзга ташланмаган бўлсада, ўзининг вазифасини аъло даражада бажарди. У ажойиб ҳаракатлари билан ўйин бошида бир нечта чиройли паслар берди.

Мен ўзимга савол бердим: "У қандай буни уддалаяпти?"

Унинг чидамлилиги ҳамма саволга жавоб бўлади. Дэвид ўзининг барча танқидчиларини иснодга қўйишни хоҳларди. Ва у ажойиб кроссларни амалга оширарди, аниқ узун паслар - Дэвид доим қойиллатадиган нарса. Ҳамма гап шундаки, Дэвид туғма атлет эди. Чемпионлар Лигасининг плей-офф учрашувларида қатнашиш 38 ёшли футболчи учун катта ютуқ ҳисобланади. Унга фақат тасанно айтиш мумкин.

Баъзилар мендан Бекхэмни "Лос-Анджелес"дан сўнг жамоамга таклиф қилишим ҳақида сўради. У 37 ёшга кирганди, ва унинг бизга қайтиши маъносиз эди. "ПСЖ" билан тузилган ярим йиллик шартнома кўпроқ реклама жараёни эди. Дэвид бор эътиборини ўйинга қаратса, у ҳамон ажойиб ўйинчи эканлиги маълум бўлади. Кунларнинг бирида мен Гиггз ва Скоулз билан у ҳақда суҳбатлашдим. Мен уларга Дэвидда муваффақиятсизликларни тез унутадиган хислат борлигини айтдим. Мен жаҳл устида уни таёқ билан уриб солишим мумкин эди, у эса мендан хафа бўлиб ўйлаган бўларди: "Мураббий ақлдан озган шекилли, мен бугун яхши ўйнагандим".

Унинг ўйлашича, "Гелакси"дан кейинги босқич Голливуд бўлиши керак эди. Менимча, бу унинг Америкага кетишининг асосий сабаби бўлган. Айнан ўша пайт унинг қайсарлиги яққол кўзга ташланди. У "Манчестер"да барчани ҳайратда қолдирди. Бекхэм ҳаётда нима билан шуғулланмасин, у доим олдинга ҳаракат қилган.

Бекхэм ҳаётда нима билан шуғулланмасин, у доим олдинга ҳаракат қилган.