“Тоттенхэм”нинг қимматбаҳо сотувлари

3 март,2017, 08:18 699

“Тоттенхэм”нинг қимматбаҳо сотувлари

Ўтган сафар сиз азиз мухлисларни “ПСЖ” ва “Манчестер Сити” жамоалари тарихидаги энг қимматбаҳо сотувлар билан таништирган эдик. Бугун, мазкур туркумдан ўрин олган навбатдаги жамоа билан сизларни таништирамиз. Демак, “Тоттенхэм”нинг қимматбаҳо сотувлари.

5. Майкл Каррик – 18,6 млн фунт

Майкл аслида “Вест Хэм” клуби тарбияланувчиси саналади. 2003 йилда эса “шпорлар” уни “болғачилар”дан 3,5 млн фунт эвазига сотиб олади. “Уайт Харт Лейн”да икки мавсум тўп сурган Майклни 2005 йил ёзги трансферлар бозорида “қизил иблислар” 18,6 млн фунт эвазига ҳарид қилади. Фергюсон уни Рой Киннинг ўрнига олиб келган эди ва шотландиялик мутахассиснинг мазкур қарори нотўғри бўлмади дейишимиз мумкин.

4. Робби Кин – 19 млн

“Шпорлар” бош мураббийи Глен Ходл Кинни жамоасида кўриш учун унинг аввалги жамоаси “Лидс”га 7 млн фунт тўлайди. Ирландиялик форвард “Тоттенхэм” билан Англия лига кубогини қўлга киритади холос. Шундай бўлсада, Робби ҳар мавсум ўзининг тўпурарлик маҳоратини намойиш этиб келади ва 2008 йилда уни “Ливерпуль”га трансфер қилишади. Турли бонуслар билан 20,3 млн эвазига. Аммо орадан бир йил ўтибоқ, Даниэль Леви Кинни жамоага қайтаради, 12 млн фунт эвазига.

3. Димитар Бербатов – 30,75 млн

“Тоттенхэм” Бербатовни 2006 йил “Байер”дан салкам 11 млн фунт эвазига ўз сафига қўшиб олади. Ўз навбатида болгариялик ҳужумчи жамоа ўйинига киришиб кета олади ва 2006/07 йилги мавсумда “Тоттенхэм”нинг энг яхши футболчиси деб топилади. “Шпорлар” сафида яна бир масвум ўйнаган Димитарни 2008 йилда “МЮ” салкам 31 млн фунтга сотиб олади. “Қизил иблислар” билан 4 йиллик битим тузган Бербатов шартномаси тугагунга қадар “Олд Траффорд”да тўп сурди ва эркин агент сифатида “Фулхем”га йўл олади.

2. Лука Модрич – 33 млн

Модрич 2008 йил “Уайт Харт Лейн”га 16,5 млн фунт эвазига кўчиб ўтади. Аммо “шпорлар” орадан 4 йил ўтиб, хорватиялик футболчини юқоридаги нарҳнинг икки баробар қимматига сотади. Умуман олганда, шу вақтга қадар Модрични сотиб олганлар ҳеч қачон зарар кўрмаган.

1. Гарет Бейл – 86,3 млн

2007 йил “Саутгемптон”дан 10 млн фунт(турли бонуслар билан)га ҳарид қилинган Бейл “шпорлар” сафидаги 6 мавсумда жами 200 дан зиёд ўйин ўтказади ва 60 га яқин гол киритади. Умуман олганда, Бейл фаолиятини қанот ҳимоячиси сифатида бошлаганини инобатга оладиган бўлсак, бу нормал кўрсатгич. 2013 йил ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунида эса “қироллик клуби” уельслик футболчи учун рекорд суммани таклиф этади – 86,3 млн фунт. Қарабсизки, савдо “пишди”.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади