Тожикистон футболчилари Осиё кубогидаги шов-шувли ғалабаларига қанча пул олди?

Осиё кубогининг финал босқичида илк маротаба иштирок этаётган Тожикистон терма жамоаси шов-шувли натижаларни қўлга киритмоқда.

Қўшниларимиз мураккаб гуруҳдан муваффақиятли ўтганди. Квартетда фақатгина мусобақа мезбони Қатар футболчиларига кичик ҳисобда имкониятни бой берган тожиклар кейинги Хитой билан дуранг ўйнади ва Ливанни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, иккинчи ўрин билан плей-офф босқичига чиқди.

Биринчи уринишдаёқ нимчорак финал чиққан терма жамоани Тожикистон футбол федерацияси президенти Рустам Эмомали 300 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирлади. Бу ҳақда sport24.ru  сайти хабар тарқатди.

Тожикистонлик чарм тўп усталари плей-оффдаги биринчи учрашувининг асосий ва қўшимча вақтида Бирлашган Араб Амирликлари билан дуранг ўйнади – 1:1. Пенальтилар сериясида рақибни 5:3 ҳисобида енгиб, чорак финалга ўтди. Бу ғалаба қўшимча 150 минг доллар билан мукофотланди.

Энди тожиклар ярим финал йўлланмаси учун курашда Иордания билан куч синашади. 2 февралда бўладиган ўйиндаги ғалаба 200 минг доллар миқдорида мукофот пули ажратилиши айтилмоқда.

Шунингдек, федерация раҳбарияти кейинги баҳсларда муваффақият қозониладиган бўлса, терма жамоа вакилларини қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашни мўлжаллаяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Mahmud Ttww
01/02/2024 09:49
450ни 30га бўлсак 15мингдан тушаркан.