"Мен учун сюрприз бўлди, 50 фоиз қисқартирилган маошга ўйнамоқчи эмасдим" ёхуд "Сўғдиёна" Артём Филипосянни қандай кўндирди?

Уч йил мобайнида Таиланд чемпионатида тўп сурган ҳамюртимиз Артём Филипосян ниҳоят Ўзбекистон Суперлигасига қайтди.

Яқинда Sports.uz орқали унинг “Сўғдиёна” клуби билан шартнома имзолагани тўғрисида хабар бергандик. Энди эса Филипосян янги клубга ўтгани муносабати билан ўз фикрларини билдирди.

“Сўғдиёна”нинг олдига максимал вазифалар қўйиляпти”

- Авваламбор, янги 2022 йил барча юртдошларимиз учун омадли бўлсин. “Сўғдиёна” клубига ўтишимга келсак, жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев менга қўнғироқ қилди ва сени жамоамизда кўришни жуда хоҳлаяпмиз деди ва катта қизиқиш билдирди. Янги мавсумда “Сўғдиёна”нинг олдига максимал вазифалар қўйиляпти. Фақат совринли ўринлар учун курашиш ва Ўзбекистон Кубогида финалгача бориш мақсади бор. Клубнинг вазифалари менга ҳам ёқди. Натижада “Сўғдиёна”дан тушган таклифни бемалол қабул қилдим. Бақоев билан “Бухоро”да ҳам бирга ишлаганмиз, бир-биримизни яхши биламиз. Шунинг учун иккиланмасдан “Сўғдиёна” клубига ўтдим.

артём7_1

“Бунёдкор” билан келиша олмадик”

- Ҳа, “Бунёдкор” билан машғулотларда қатнашиб тургандим. Ростини айтсам, бу клуб билан келиша олмадик. Жамоа йиғинида югуриб турганим учун мураббийлар ва футболчиларга миннатдорлик билдираман. “Бунёдкор” клубига омад тилаб қоламан.

“Ашурматовга миннатдорчилик билдираман”

- Менга “Қўқон-1912”дан ҳам таклиф бўлди. Жамоа устози Бахтиёр Ашурматов билан гаплашдик. У киши билан учрашдик. Тўғриси, жиззахликларнинг таклифи менга ҳар томонлама маъқул келди. Бахтиёр ака билан кўришганимизда ҳаммасига ойдинлик киритиб олдик ҳамда вазиятни тушунтирдим. Бир-биримизга омад тиладик. Шу ўринда Ашурматовга миннатдорчилик билдириб қоламан. Уни ўз акамдек кўраман. Илгари доим ўйинларини кузатганман ва қизиқардим. Бахтиёр акадан “Бухоро”да ўйнаганимда ҳам кўп нарса ўрганганман. Ашурматов билан яхши муносабатда хайрлашдик. Янги мавсумда “Қўқон-1912” ва Бахтиёр Ашурматовга омад тилайман.

артём4_2

“Шу йўлда давом этсак, ўзбек футболи янада ривожланади”

- Мен кетганимдан бери Ўзбекистон чемпионати яхши даражада ўсди. Кўп масалаларда қаттиққўллик қилиняпти. ВАР тизими жорий қилинди. Қизиқарли ўйинлар кўп бўлди. “Сўғдиёна”нинг иккинчи ўринни олишини ҳеч ким кутмаганди. Совринли ўринлар ва лигада қолиш учун жамоалар охиригача курашдилар. Ўзбекистон чемпионатида уч йил бўлмадим, аммо кузатганларим менда катта таассурот қолдирди. Худди шу йўлда давом этсак, клублар ўз олдига жиддий мақсадлар қўйишда давом этишса, ўзбек футболи келажакда янада юксалади.

“Сўғдиёна” яхши меҳнат қилди”

- Ростини айтсам, ўтган йили “Сўғдиёна”нинг 2-ўринни қўлга киритишини олдиндан ҳеч ким билмасди. Мен учун сюрприз бўлди. Бу жамоанинг ўйинини кўп кўрдим ва бу поғонага ҳақли эди, деб ўйлайман. Жамоа яхши ўйнади ва яхши меҳнат қилди. Улуғбек Бақоевнинг қандай мураббийлигини биламан.

артём2_2

“Мен ҳам ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”

- Олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Ҳар йили жамоалар ўзгаради, таркиблар кучаяди. Шуни биламанки, шартномага қўл қўйишимдан аввал барча мақсадларини айтишди. Клуб совринли ўринлар учун курашишида ва Ўзбекистон Кубоги финалигача боришида ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

“Мени илиқ кутиб олишгани учун раҳмат”

- Бу клубда мени яхши кутиб олишди. “Сўғдиёна”даги бир қатор футболчилар билан олдин терма жамоада ва бошқа клубларда бирга ўйнаганман. Бақоев билан ҳам бирга ишлаганимни ва бир-биримизни яхши билишимизни юқорида айтиб ўтдим. Мени илиқ қарши олишгани учун жамоадагиларга раҳмат айтаман.

артём5

“Медалларга жуда чанқоқман”

- Шу пайтгача қайси клубларда тўп сурган бўлсам фақат совринли ўринлар учун курашганмиз. Мен шунга ўрганганман ва медалларга жуда чанқоқман. Жароҳатлар халақит қилмаса, Худо куч-қувват бериб турса, яна максимал натижаларни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

“Бақоев мураббий сифатида анча ўсди”

- Бақоевни Ўзбекистонда ҳамма билади. Уни ўз принципи бор. Бу орқали футболчиларни руҳлантира олади. У билан терма жамоада ҳам бирга ўйнаганман. Кейинчалик “Бухоро” клубида ҳам ишладик. Шуни аниқ айтишим мумкинки, Улуғбек Бақоев мураббий сифатида олдинги йилларга нисбатан анча ўсди.

артём1_2

“ФИФА 40 кун мухлат берган”

- Таиланддаги клубим билан келишувга эриша олмадик. Сабаби, улар ойлик маошимни 50 фоизга қисқартиришмоқчи эди. Мен бунга рози бўлмадим. Профессионаллик нуқтаи-назарида мен у ерда машғулотларда ва ўйинларда охиригача ишладим. Биринчи давра тугагач, ФИФАга ёзишга қарор қилдим. Энди унинг қарорини 25 январгача кутишимиз керак. Негаки, ФИФА клубга 40 кун мухлат берган. Кейин шунга қараб иш қилинади. Мен томонимдан ҳаммаси тўғри бажарилди. Ҳа, клубим мени яна қолдирмоқчи эди, бироқ 50 фоизга қисқартирилган маошга ўйнамоқчи эмасдим. ФИФАга ишоняпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдуррохман Латифжонов
15/01/2022 22:44
Суғдиёна бу йил чемпион булади, келаси йили хам ундан кейинги йил хам, сабабини тушанган тушунди тушунмаганлар кейин тушуниб олишади...
&
Аббосхон Ахмедов
15/01/2022 23:45
Kuramiz oshanda kim chempion bolishini