Ўзбекистон муносиб рақиб, Ҳусанов каби легионерлари бор! Машҳур экспертлар терма жамоалар ўйинига баҳо берди
ФИФА кунлари муносабати билан 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасида ўзаро ўртоқлик учрашуви ташкил этилади.
Бўлажак баҳс ва терма жамоаларнинг имкониятлари Россия футбол жамоатчилиги томонидан ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.
Sports.uz портали россиялик таниқли мураббийлар ва мутахассисларнинг бўлажак ўртоқлик ўйини ҳақида билдирган фикр-мулоҳазаларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Александр Тарханов, Россия, Литва, Болгария, Арманистон ва Ўзбекистон футболида фаолият кўрсатган таниқли мутахассис:
Ўзбекистон — бизга дўст мамлакат. Бу зўр рақиб ва ўйин ҳам жуда яхши бўлади. Бу жамоанинг кўп футболчилари хориж лигаларида ўйнаяпти. Хусусан, "Манчестер Сити"дан Ҳусанов ҳам бор.
Ўзбекистон Осиёда етакчи позицияларни эгаллаган. Бу йил жамоа илк бор жаҳон чемпионатида қатнашди ва муносиб ўйин намойиш қилди.
Ўзбекистон каби Венесуэла ҳам ўртоқлик ўйини учун муносиб рақиб. Ўйлайманки, Нигерияга қарши охирги ўйинимизда бўлгани каби, бу сафар ҳам жуда яхши ўйинлар бўлади. Ана шунда ўз имкониятларимизни яна бир бор синаб оламиз.
Валерий Непомняшчий, Россия, Камерун, Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Ўзбекистонда ишлаган машҳур мураббий:
Ўзбекистон охирги жаҳон чемпионатида иштирок этган терма жамоа ва айрим ўйинчилари Россия Премьер-лигасида ўйнаяпти. Ўзаро учрашув жуда қизиқарли бўлади.
Агар Россия миллий терма жамоасида ўйинлар оптимал таркибни ташкил қила олса, улар Ўзбекистондан кучлироқ бўлади. Мураббийлар штаби янги ўйинчиларни жалб қилса, ўзбеклар тенгма-тенг ўйнай олади.
Ноябрдаги халқаро танаффус кўпинча селекцион аҳамият касб этади. Мураббийлар ҳали терма жамоада бўлмаган ўйинчиларга эътибор қаратиши мантиқан тўғри. Терма жамоада футболчиларнинг имкониятларини кенгроқ баҳолаш имконияти пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари бунгача фақат бир маротаба ўзаро куч синашган. 2022 йили футболчиларимиз мезбонлик қилган баҳс голсиз дуранг билан якунланган эди.

Фикрлар