"Сизга ҳақиқатни айтаман..." ёхуд "Навбаҳор"га ўтишининг 2 сабаби, терма жамоага чақирмай қўйишгани ва Кореядан нега кетгани хусусида Жамшид Искандеров нималар деди?
“Навбаҳор” амалга оширган энг фойдали трансферлардан бири бу, шубҳасиз, Жамшид Искандеров. Ахир унинг қандай савиядаги ижрочилигини барча яхши билади.
Жанубий Кореянинг етакчиларидан бири – “Сеонгнам”да самарали фаолият олиб борди. Бу йил эса фаолиятини Наманганнинг “Навбаҳор” клубида давом эттиради. Наманганга қилган сафаримиз чоғида футболчи билан учрашдик. Искандеров Sports.uz мухбири билан суҳбатда бир қанча саволларга жавоб қайтарди.
- “Сеонгнам” клубидаги фаолиятингиздан кейин Ўзбекистонга, жумладан “Навбаҳор”га қайтишингиз бироз кутилмаган ҳолат сифатида баҳоланмоқда. Сизнинг бу ерга келишингизда табиийки, Самвел Бабаяннинг роли катта. Аммо якуний қарор ўзингизда қолганди. Шундай экан, “Навбаҳор”ни танлашингизда асосий сабаб нимада эди?
- Легионер бўлиб ўйнагач, Ўзбекистонга қайтиб келишим жуда қийин бўлди. Роса ўйладим. Бир-иккита клублар билан гаплашиб, шартномани кутиб тургандик. Лекин ҳали 100 фоиз ҳал бўлмаганди. Бу ёқда сиз айтганингиздек, Самвел Вячеславович билан ҳар доим алоқада бўлиб турдик. Менимча, бу клубга келишимда энг катта сабаб Самвел ака. Биринчи устозимиз, кўп ёрдам кўрсатган одам. Таклифига йўқ демасдан рози бўлдим. Туркияга кетишимиздан бир-икки кун олдин “Навбаҳор”га ўтишим ҳал бўлди. Клуб билан келишган ҳолда шартномага қўл қўйдик.
- “Сеонгнам”дан кетганингиздан кейин яна Ўзбекистонга қайтаман, деб ҳеч ўйлаб кўрганмидингиз?!
- Йўқ. “Сеонгнам”да ўйнаб юрган пайтларимда легионер қанақа бўлишини ўзимдан ўтказдим, ичимдан ҳис қилдим. Кореяда ўйнадим, билдим, кўрдим, ақлим ҳам, кучим ҳам етарди. Яна бошқа чемпионатлардан бирида тўп суришимга 100 фоиз ишончим бор эди. Менга “Сеонгнам”нинг ўзидан, Кореянинг яна бошқа жамоаларидан ҳам таклифлар бўлди. Шу боис, яна ўша ерда қолсам бўларди. Лекин собиқ клубим билан плюс-минуслари бор бўлиб, шу нарсаси бизга тўғри келмади. Бу пайтда менга “Навбаҳор”дан аниқ таклиф келиб тушди. Рости, бу жамоанинг ўз олдига қўйган мақсадлари мени қизиқтириб қўйди. Биринчи сабаби Самвел Бабаян бўлса, иккинчиси, клубнинг мақсадлари. Ўзимга-ўзим савол бердим: нима учун йўқ? Шу жамоага кел, шартнома имзола ва ҳаракат қилиб кўр! Таваккал. Биз ўз ишимизни бажарамиз, қолгани Худодан.
- “Сеонгнам”даги фаолиятингизни имкон қадар сайтимиз орқали ёритиб бордик. Ўйлаймизки, у ердаги ишларингиз ёмон кечмаётганди. Воқеалар ривожи режалаштирилмаган тарзда ўзгариб кетдими?
- Боя айтганимдек, жамоам менга янги таклиф билан чиқди, шартномани узайтириш бўйича. Мен уларга кетаман ёки қоламан, деганим йўқ. Фақат бу вариантни бироз паузада ушлаб турдим. Агентлар гаплашганида плюс-минуслари тўғри келмади. Унгача яхшилаб ўйлаб олишим учун бир-икки ой вақт бўлади, деган хаёл билан Ўзбекистонга дам олишга қайтгандим. Кейин эса ҳаммаси ўзгариб кетди. Айтганимдек, клуб Туркияга кетишига саноқли кунлар қолганида ҳал бўлиб кетди.
- Жанубий Кореядаги фаолиятингиз легионер сифатида сизни қанчалик ўзгартириб юборди?
- Тўғрисини айтсам, легионер бўлиб кўп нарсаларни ўргандим. Менга жуда ҳам фойдали кечди. Инсонийлик, футбол, профессионал томонлама ниҳоятда фойдаси катта бўлди. Улардан кўп жиҳатларни ўргандим. Уларга ўхшаб кучли бўлиб, ўзимни яхши томонлама кўрсатиб, жамоамга ёрдам бериш учун интилдим. Худога шукр, у ерда ёмон бўлмадим.
- Сир бўлмаса, Кореядан ташқари яна қайси клублардан таклифлар олгандингиз?
- Айримлари билан гаплашдик. Лекин 100 фоиз аниқ эмасди. Энди бу ҳақида гапиришни хоҳламайман.
- Жанубий Корея чемпионатидан Ўзбекистон Суперлигасига қайтишингизни ҳар ким турлича талқин қилиши мумкин. Шахсан сиз бу қарорингизни ортга ташланган қадам, деб ҳисобламайсизми?
- Ростини айтсам, дарҳол шунақа саволлар бўлди. “Навбаҳор”га ўтмасимдан олдин ҳам кўп жойларда хабарлар чиқиб кетди. Мухлислар ёзишни ёки кўрганда гапиришни бошлашди. Ўзимга ҳам бу қарорни қандай тушунамиз, деб айтишди. Юқорида сизга айтдим-ку, “Навбаҳор”нинг олдига қўйган мақсади жуда зўр. Мен буни орқага қадам, деб ўйламайман. Футболчилар учун ҳамма шароитларни яратиб беришяпти. Биз ўйинчилар фақат ўзимизни кўрсатиб, ҳамма бирлашиб, кўзлаган мақсадимизга эришсак бўлди. Жамоанинг мақсадига эришиши учун биз ҳам ёрдам берайлик, деб келдик. Ўзбекистонлик футболчи ўзини кўрсатса ўзи учун яхши. Ё клубида олиб қолади ёки бошқа жамоаларга кетади, янада ўсиш учун.
- “Навбаҳор”да янги футболчилар йиғиляпти. Муҳит қандай?
- Ҳаммамиз ўзбекмиз, бир-биримизни таниймиз, илгари бирга ёки майдонда қарши ўйнаганмиз. Зўр трансферлар бўлди. Барча футболчи жамоада қандай мақсад борлигини билади. Шу пайтгача қийинчиликлар бўлмади. Легионерларга келсак, Жокич Ўзбекистонда бир неча йилдан бери ўйнайди, ҳаммасини билади. Григалашвили ҳам анчадан бери шу ерда. Цигер ўтган мавсумда “Навбаҳор”да тўп сурди. Биргина янги келган легионер Марушични айтиш мумкин. Унга плюс томони шуки, икки нафар ҳамюртлари – сербиялик футболчилар бор. Жамоамиз янги легионерни яхши қабул қилди.
- Наманганлик мухлислар сиздан кўп нарса кутишяпти. Бу сир эмас. Қолаверса, бу ерда тўп суриш осон иш эмас. Ўзига яраша номингиз ҳам бор. Айтинг-чи, сизга қўшимча босим юкламайдими?
- Сизга ҳақиқатни айтаман: келишимдан олдин ҳам шу нарсани ўйладим. “Навбаҳор” таклиф билан чиққанида наманганлик мухлислар жуда кўп ва талабчан. Мен эса легионер бўлиб қайтдим ва мендан кўп нарса сўралади. Мендан кутилаётганларини қила оламанми, деб ўйлаб чиқдим. Лекин шундай мақсадда келдимки, ҳар бир учрашувда жонимни бериб, қўлимдан келганича охиригача курашиб, чиройли ўйиним билан жамоа ғалабаларига ҳисса қўшмоқчиман. Биламан, қийин бўлади, осон кечмайди. Аммо биз ҳаракат қилиб турсак, Худойим ҳам омадимизни беради.
- Жамшид, сиз миллий терма жамоамиз аъзоси эдингиз. Аммо охирги пайтларда нимадир бўлди-ю, термадан узилиб қолдингиз. Бу ҳол сизни қийнамаяптими?
- Бу нарса барибир одамни қийнайди. Ҳар бир футболчини миллий терма жамоада ўйнагиси келади. Айниқса, легионер бўла туриб, терма жамоага чақирилмаса янада оғир бўлади. Легионер бўлиб юрганингизда меҳнат қилиб, ўзингизни кўрсатиш учун ҳаракат қиласиз ва миллий термага тушишга интиласиз. Чунки юртингизга қайтгингиз, миллий терма учун ўйнагингиз келади. Менда шунақа хиссиётлар бўларди. Лекин ҳеч қанақа эътирозим йўқ. Ҳамма айбни биринчи навбатда ўзимдан қидираман. Лойиқ бўлмаганим учун чақиришмаган. Кореяда юрганимда ҳам ўз устимда ишлашда давом этавердим. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индинга чақириб қолишар.
- Термага охирги бор қачон борганингиз эсингиздами?
- 2020 йил. Ҳа, 2021 йилда Вадим Абрамов пайтида ҳам чақиришган. Лекин пандемия туфайли кела олмаганман. Билсангиз, Кореяда пандемия масаласида тартиб-интизом жуда кучли. Масалан, шаҳардан чиқиб, қайтиб келсангиз икки ҳафталик карантинга олинасиз.
- Сречко Катанец бошчилигидаги жамоага сизни чақиришларига ишонасизми?
- Легионер бўлиб ўйнаб юрганимда балки эътиборига тушмагандирман. Мана, энди Ўзбекистондаман. Ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан, у ёғи Худодан. Балки мураббийнинг назарига тушарман. Ҳар бир мутахассисни ўйин услуби бор. Шунга қараб чақирса керак.
- Ўтган йили терма жамоамиз Абрамов билан Саудия Арабистонида мағлубиятга учраб "ЖЧ-2022"нинг учинчи саралаш босқичига чиқа олмади. Чиндан биз лойиқ эмасмидик?
- Биз 100 фоиз кейинги босқичга чиқишга лойиқ эдик. Бу – футбол, бу – ҳаёт. Ўшанда ҳамма интилди, ҳаракат қилди. Ҳеч ким қараб тургани йўқ. Шунақа бўлиши керак экан, шу нарса бўлди. Бирор нима дея олмайман. Мураббий ҳақида бирор нарса айта олмайман. Чунки раҳбарлар бор. Улар қарор қабул қилишди. Мана, энди миллий термада ўша мураббий йўқ.
- Катанец ҳақида қандай фикрдасиз?
- У мураббийни билмайман, ҳали бирга ишлаб кўрмадим.
- Четдан қараганда, футболимиз сизга қандай кўриняпти?
- Кореяда шароитлар зўр. Лекин Кореяга таққосламайман. Аммо ёмонламайман. Негаки, футболимизда ўзгаришлар ва интилишлар бўлиб турибди. Ўйлайманки, ўсиш бўлади. Олдинги йилларни гапирмайман. Умид қиламан, энди яхши бўлади. Чунки мақсад бор.
- Кейинги мақсадингиз қандай?
- Мақсадим ҳар доим юқори. Бу ерга ҳам катта ниятлар билан келдим. Жамоамга ёрдам бериш, ўзимни кўрсатиш ва яна легионерга айланиш истагим бор. Хорижда ўйнаб келдим ва энди яхши тушунаман. Мақсаддан қайтиш йўқ. Ҳозир “Навбаҳор”даманми, биринчи вазифам клубимга фойда келтириш.
- Сизга катта умид билан боқиб турган наманганлик мухлисларга айтадиган гапингиз борми?
- Олдин стадионда қандай мухлислик қилишган бўлса, яна шундай фаоллик кўрсатишади. Биз ҳам қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Футболчилар ҳам буни яхши тушунишади ва ҳис қилишади. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ишқибозлар эса ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоамизни қўллаб туришини истайман.
Фикрлар