Европадан жиддий таклиф олган легионеримиз "Нефтчи"га қандай келиб қолди? Ҳаммасини бир оғиз гап ҳал қилдими? Шаҳзод Убайдуллаев суҳбатда ростини айтди
Ўтган мавсумни Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида якунлаган ҳамюртимиз Шаҳзод Убайдуллаев ортга қайтди.
Хабарингиз бўлса, у Фарғонанинг “Нефтчи” клуби сафида тўп суришга рози бўлди. Албатта, легионеримизнинг яна чемпионатимизга қайтгани бироз кутилмаган ҳолат. Чунки Шаҳзод аслида Беларуснинг бошқа бир клуби – “Шахтёр”га тегишли ҳисобланиб, ўзи Европага кетмоқчи эди.
Кўриб турганингиздек, Убайдуллаев “Нефтчи”да пайдо бўлди. Шу боис Sports.uz мухбири ҳужумчи билан боғланди.
- “Нефтчи” варианти қандай пайдо бўлди?
- Сизга олдин интервью берган пайтимда ҳам айтгандим, Европага кетиш ниятим бор эди. Лекин бу – футбол экан. Футбол-ку майли, бу ўткинчи нарса. Лекин оила муҳим. Кичик ўғилман, уйдагилар Ўзбекистонга қайт, деб қўйишмади. Оилавий ҳолатга кўра қайтдим. Ота-онамнинг бир оғиз сўзини ерда қолдирмайман. Менга Европадан 100 фоизлик таклифлар бор эди. Лекин ота-она, оила муҳимлиги учун қайтдим.
- Европанинг қайси клубларидан таклиф бор эди?
- Узр, клублар номини айта олмайман. Яна бошқа 2-3 та вариантлар бўлди, бироқ улар 100 фоизли таклиф эмасди.
- “Энергетик-БГУ”да ижарада ўйнадингиз. Аслида эса Солигорскнинг “Шахтёр” клубига тегишлисиз. “Нефтчи”га қандай ўтдингиз? Фарғоналиклар трансферингизни сотиб олишдими ёки ижарага келдингизми?
- “Нефтчи”га ижарага келдим. “Шахтёр” билан яна бир йиллик шартномам бор.
- Сиз билан суҳбатлашар эканмиз, негадир кайфиятингиз яхши эмасдек, тушунликка тушиб қолгандексиз. Сўзларингиздан бироз ғамгинлик сезиляпти...
- Ҳеч қандай тушкунликка тушиш йўқ. Қайтанга оилам олдида бўламан. Ота-она ғанимат. Шунинг учун уларнинг олдиларида бўлганим яхши. Бир оғиз гаплари учун қайтдим. Айтганимдек, футбол ва умуман ҳамма нарса ўткинчи, бироқ ота-она, оила топилмайди.
- Энди асосан ўзимизнинг чемпионатда ўйнайсизми? Қайтиб легионер сифатида четга чиқмайсизми?
- Худо хоҳласа, ҳаммасини вақт кўрсатади. Бу йил ўзимни кўрсатиб, келаси йили балки Европага кетишим мумкин. Ўзбекистонга келганим бу тўхтаб қолди, дегани эмас-ку. Бу ерда яхши натижалар кўрсатиб, яна қайтмоқчиман.
- “Нефтчи”дан сизга ким таклиф билан чиқди? Суперлигада яна бошқа қизиқишлар ҳам бўлдими?
- Биринчи бўлиб агентларимга алоқага чиқишган. Кейин менга айтишганидан сўнг, дадамга етказдим. Ўзбекистондан шу клубдан таклиф борлигини ва Европадан аниқ вариантларни айтдим. “Ўғлим, Ўзбекистонга қайт, ёнимизга”, деганидан кейин ўйланиб ҳам ўтирмасдан дарҳол бу таклифга рози бўлдим.
- Ҳуқуқий жиҳатдан сиз “Шахтёр” ўйинчиси ҳисобланасиз. Бу клуб сизнинг қарорингизга қандай муносабатда бўлди? Олиб қолишмоқчимиди?
- Ҳаммасини агентларим ҳал қилган. Клуб билан ҳам ўзлари гаплашишган.
- Легионер бўлиб ўйнаб қайтганингиздан кейин Шаҳзод Убайдуллаев қанчалик ўзгарди?
- У ерга бориб жисмонан кучли бўлиб қайтдим. Энг катта ютуғим шунда. Олдин Ўзбекистон чемпионатида ўйнаганимда жисмоний жиҳатдан унчалик кучли бўлмаганман.
- “Нефтчи”га қўшилгач, ўз олдингизга қандай мақсад қўйдингиз?
- Бу йилги мақсадим насиб қилса тўпурар бўлиш. Айнан шундай вазифани қўйиб келдим. Қолганини вақт кўрсатади.
- “Нефтчи”да қайси рақамни танладингиз?
- Ҳали рақам танлаганим йўқ. Кўрамиз, рақамни аҳамияти йўқ. У ҳеч нимани ҳал қилиб бермайди.
- Илҳом Мўминжонов борасида нима дея оласиз?
- Олдин бу мураббий билан ишламаганман. Биринчи марта йўлларимиз кесишди. Яхши мураббий деб эшитганман, ҳеч кимдан ҳали бу мутахассис тўғрисида ёмон гап эшитганим йўқ. Ўзи ҳам мени яхши қабул қилиб, илиқ кутиб олди.
- “Нефтчи”нинг Туркиядаги йиғинига қўшилдингизми?
- Қўшилдим, жамоа билан биргаман.
Фикрлар